Мақолалар

Истиғфор ва унинг фойдалари

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимда-ким кўп истиғфор айтса, Аллоҳ ўша (банда) учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулиш, тангликдан чиқиш йўлини (пайдо) қилади, уни ўзи ўйламаган томондан ризқлантиради” (Абу Довуд, Аҳмад, Табароний, Ҳоким ривоят қилган ).
Гуноҳ банда бошига ғам-ташвиш келтиради. Турли муаммолар, дилхираликлар гуноҳлар туфайли пайдо бўлади. Мана шу муаммонинг давоси тавба, истиғфордир.
Фараз қилинг: бир одам бошига оғир мусибат тушди, кутилмаганда боши берк кўчага кириб қолди. Нима қилишни билмаяпти. Мана шундай пайтда истиғфор асқатади. Банда “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ”, деб Аллоҳга юкинса, Меҳрибон Парвардигор унга ёрдам беради. Аллоҳ неъматларига шукр қилган, Унга ҳамду сано, истиғфор айтган бандани қийин дамларда кўмаксиз қолдирмайди.
Тирикчилик масаласида қандайдир муаммога дуч келганда ҳам истиғфор айтилади. Жаъфар Содиқ шундай деган экан: “Кимнинг ризқи (келиши) кечикса, истиғфор айтишни кўпайтирсин ”.
Ойлик маоши кечикаётган, савдосидан барака кўтарилган одам истиғфор айтса, ишлари юришиб кетади. Аллоҳ кўп истиғфор айтган бандани хаёлига келмаган томондан ризқлантиради.
Қарзга ботган ёки бировга қарз бериб, пулини ололмай юрган одам ҳам истиғфор билан муродига етади.
Агар оилада нотинчлик бўлса, эр-хотин ўртасида келишмовчилик чиқса ёки фарзандлар итоатсизлик қилиб, катталар гапини икки қилса, истиғфор айтилади.
Баъзида инсоннинг моддий ҳолати яхши бўлсаям негадир қалби безовта бўлаверади, пули бор, ошна-оғайнилари, таниш-билишлари бисёр, негадир қалби нотинч. Мана шундай пайтда ҳам истиғфор айтилса, кўнгилдаги ғашлик арийди. Кўп истиғфор айтган инсон ўзини анча енгил ҳис қилади. Чунки ҳар сафар истиғфор айтилганида дилдаги қора доғлар ювилади, дилхиралик барҳам топади.
Бойми, камбағалми, ёшми, қарими, ҳар бир инсон истиғфор айтишга муҳтож. Сабаби оддий: инсон ожиз ва заиф. Ҳаётда ҳар қандай муаммони чангал-чангал пул билан, казо-казо таниш-билишлар билан ҳал этиб бўлмайди. Дунёда пул билан ҳам битмайдиган ишлар жуда кўп.
Хуллас, истиғфор айтиб қийин вазиятлардан чиқиб кетиш, муаммоларни ҳал этиш мумкин. Аллоҳ бизга шундай имконият берган. Бунинг учун Аллоҳга ҳамду санолар айтамиз.

"Истиғфорнинг 40 хосияти, Салавотлар" китобидан

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 46269 times

Мақолалар

Top