Мақолалар

“Сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз”

Шу кунларда Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида рўй берган фожиадан ҳамма қайғуда. Ҳалок бўлган юртдошларимиз рўйхати эълон қилингандан кейин улар орасида ота-бола, ака-укаларнинг борлиги қалбимизни янада эзди. Қанчадан-қанча оила суянган тоғи, оила бошисини йўқотди. Қанчадан-қанча ота-оналар навқирон фарзанду жигарбандидан айрилди.
Тарихда қолувчи ушбу мусибат, Ўзбекистон аҳлини чуқур изтиробга солган жудолик, қалбларни кўздаги ёшлар билан эзувчи улкан айрилиқ эллик икки ўғлонни бу фоний дунёдан, боқий дунёга олиб кетди.
Мусибат манзил танламайди, мусибат инсон танламайди. У тақдирда белгиланган вақтда, кўрсатилган манзилга, юборилган одамга тушади. Ҳаётнинг бу синовли кунларига сабр қилган инсон борки, икки дунё саодатига эришади. Зеро Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Аллоҳдан) сабр ва намоз ила ёрдам сўрангиз”. Яъни, сабр қилинг, ана шунда барча мушкуллар осон бўлади. Ушбу фожиадан ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига сабру жамил тилаб, мусибатларига шерик эканимизни чин юракдан изҳор қиламиз.
Ўтган куни муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Сурхондарёга ташрифлари доирасида Ҳаким Термизий мақбараси зиёрати чоғида Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятида ҳалок бўлган 52 ўзбекистонликнинг ўлимидан чуқур қайғуда эканларини айтиб, уларнинг яқинларига таъзия билдирдилар ва шу аснода:
“Мана кеча бўлган фалокатлар ҳам кўп нарсадан, жумладан халқимизнинг олдида қарзимиз жуда-жуда кўплигидан далолат беради. Одамларимизга шароит яратмаганимиз учун улар бегона юртларга бориб, иш қидириб юрибди. Бу давлат раҳбарияти, ҳамма тизимдаги раҳбарлар энг катта хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф қилмаганидан далолат. «Бегона юртларда сарсон-саргардон юриш» деган гап бекорга эмас. У бечораларнинг ҳам Худодан умиди бор, не умидлар билан боламни боқаман, отамга пул олиб келаман деб ёш-ёш йигитлар кетяпти. Ёш-ёш йигитлар… Ҳаммаси ўзбекистонликлар. Албатта, биз жуда катта қайғудамиз… Ота-оналарига ҳамдардлик”, деган жуда ҳам таъсирли сўзларни баён қилдилар. Шунингдек, дуолар мустажоб бўладиган Сурхондарёдаги мутасаввиф олим, азиз авлиё Ҳаким Термизий ҳоки поклари қўним топган табаррук қадамжода Қуръони карим оятларидан ўқилиб, савоблари ҳалок бўлганларнинг руҳониятларга бағишланди.
Шунингдек, ўтган жума куни диний идора томонидан илова тезис қилиниб, муфтий ҳазратларининг ҳалок бўлганлар оила аъзоларига ва яқинларига чуқур ҳамдардлик ила тазиялари изҳор қилинди, уларнинг охиратлари обод бўлиши, жойлари жаннат боғларидан бир боғ бўлишини сўраб, дуолар қилинди. Шунингдек, яқинларига сабр-тоқат тилаб ҳамдардлик билдирилди.
Шу ўринда бир мулоҳазани айтишни лозим топдик. Мана шу жума куни аср, шом ва ҳуфтон намозларини ҳам масжидларда ўқиш насиб этди. Айрим имом-хатибларимиз ушбу ҳалок бўлганларни дуоларида ҳам эслашмагани бизни ранжитди. Бундай мусибат кунларда марказдан – Диний идорадан бирор тавсияни кутиш шарт эмас. Ҳар ким қўлидан келганича ҳиссасини қўшиши керак. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида кишиларни ташаббус кўрсатишга чақиряптилар-ку. Қани бу ерда имом-хатибларимизнинг ташаббускорлиги, уюшқоқлиги. Ахир ҳалок бўлганлар кимнингдир ака-укаси, отаси, жигарбандику. Агар улар сизу бизнинг туғишганимиз ёки фарзанду аржумандимиз бўлганида, бутун Ўзбекистон дуо қилишини истардик.
Шундай экан, диёримиздаги барча масжидларда намозлар сўнггида барча имом-хатиблардан фожиада ҳалок бўлган юртдошларимиз ҳаққига дуо қилишларини сўраймиз. Имом-хатиблар ҳар намоз, тасбеҳу зикрларда ҳосил бўлган савобу ажрларини бахшида этишларни тавсия этамиз.
Қолаверса, водий вилоятлари бошига келган ушбу мусибатга бошқа вилоятлар имом-хатиблари ҳам келиб, тасалли беришларини истардик. Қани эди, барча ишларда намуна бўлган пойтахтимиз имом-хатиблари бу ишда ҳам ибрат кўрсатсалар. Ҳамон эсимизда, бир неча йил аввал Жиззах вилояти Ғаллаорол туманидаги сел оқибатида жабр кўрган оилаларга бутун мамлакатимиз имом-хатиблари ёрдам қўлини чўзишган эди. Мана шу анъанани давом эттиришни хоҳлардик.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 4960 times

Мақолалар

Top