Мақолалар

Тобутни кўтариш тартиби борасида динимиз олимлари нима дейишган

Савол: Мусулмон киши тобут кўтариб кетилаётганини кўрса, уни кўтариб, савоб олишга шошилади, марҳумни таниса-танимаса ҳам жаноза намозига қўшилади. Тобутни кўтариш тартиби борасида динимиз, мазҳабимиз олимлари нима дейишган? 

Жавоб: Тобутни тўртта эр киши тўрт томонидан кўтариши суннатдир (Абул Макорим, “Шарҳи Нуқоя”, “Жавҳаратун Наййира”). 

Тобут кўтаришнинг ўзи суннат, аммо унинг камоли ҳам бор. Унинг тўрт томонидан кетма-кет ушлаб, ҳар томонидан ўн қадамдан кўтариб борган киши суннатни бажарган ҳисобланади. 

Жойнинг торлиги ва шунга ўхшаш зарурий ҳолатлардан ташқари икки киши тобутни орқама-кетин туриб кўтариши макруҳ. Тобутни қўлда ёки елкада кўтаришнинг зарари йўқ (“Шарҳи Таҳовий”). 

Тобутни элтишда у ён, бу ёнга чайқалмайдиган даражада тез юриш (“Табйин”), майитнинг бош томони олдинда бўлиши керак (“Музмарот”). 

Тобутнинг ортида ва майит чиққан хонадонда баланд овозда йиғи-сиғи қилиш, бақириб-чақириш ва ёқа йиртиш макруҳдир. Унсиз йиғлашнинг зарари бўлмаса ҳам, сабр қилиш яхшидир (“Татархония”).

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 8079 times

Мақолалар

Top