Мақолалар

Ақидада адашмайлик

“Ақида” сўзи луғатда ақд яъни тугиш, боғлаш, маҳкамлаш маъноларини англатади. Масалан, бай бойлаш, ақди никоҳ килиш, тугун тугиш ва шу каби сўз бирикмаларида ҳам ақд маъноси бор. “Ақида” сўзининг шаръий атамаси эса, бирор нарсага шак-шубҳага ўрин қолмайдиган даражада қатъий ишонишга айтилади. Демак, ақида қалбда содир бўладиган жараён бўлиб, у инсон қалбидан ишонган, ўзи учун эътиқод, дин қилиб олган нарсаларга айтилади. Агар, ўша қатъий ишонган нарсаси тўғри бўлса, у тўғри ақида ҳисобланади, агар ботил бўлса, ботил ақида саналади. Ҳудди аҳли сунна вал жамоа ақидаси тўғри ақида ва адашган фирқалар ақидаси эса ботил ақида деганга ўхшаб.  

Ақида масаласи инсон ҳаётида энг муҳим ўрин тутган масалалардан саналиб, унинг тўғри ёки нотўғри бўлишлиги инсоннинг дунё ва охиратининг обод ёки барбод бўлишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам ақида масаласи инсонлар ўрганиши лозим бўлган илм даражасига кўтарилган.

Ақида илми энг шарафли илм ҳисобланади. Зеро, ақида илми орқали энг шарофатли маълумотларга эга бўлинади. Демак, маълумотларнинг шарофатлилигига қараб илмнинг шарафли эканлиги маълум бўлади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримни арабларга ва араб бўлмаганларга араб тилида ва уларнинг баён қилиш услубида нозил қилди. Шунинг учун ҳам саҳобалар унинг маъноларини англай олдилар, оятлардан мурод нима эканлигини тушундилар. Баъзида тушунмай қолган жойларини эса Расулуллоҳ с.а.в. тафсир қилиб бердилар, шунингдек, Қуръони каримда баён қилинмаган масалалар ва аҳкомларни Расулуллоҳ с.а.в. ҳадислари орқали етказдилар. Шу тариқа саҳобалар Аллоҳнинг динини бевосита Аллоҳнинг элчисидан олдилар. Кейинчалик, Ислом динига тили ва миллати араб бўлмаган кишилар ҳам кириб кела бошлади. Табиийки, улар Қуръони каримнинг баён услуби, жумлаларининг тузилиши, баъзи сўзларнинг маънолари, улардан кўзда тутилган мақсадларни англашдан анча йироқ эдилар. Шу вақтга келиб Аллоҳ таоло Али р.а.га илҳом берди, у киши араб тили эъроби ва қоидаларини тузиб чиқдилар. Натижада, наҳф илми, кейинчалик сарф, балоғат каби илмлар пайдо бўлди. Шу зайлда араб тилининг қонун-қоидалари, асослари, услублари, соҳаларига боғлиқ илмлар тури кўпайди. Буларнинг барчаси, Қуръони каримни тушунишга хизмат қилиш мақсадида пайдо бўлди.

Кейинчалик, араб бўлмаган мусулмонлар ёки араб бўлсада зоҳирида мусулмонликни даъво қилиб, аслида мусулмонлар ўртасида фитна чиқариш ниятида бўлган кимсалар аввалги мусулмонларга нотаниш бўлган диний ақидалар ва тушунчаларни тарқата бошладилар. Натижада, катта тобеинлар ва улардан кейинги уламолар мазкур тушунчаларни тўғри талқин қилишга чақиришлари орқали Ислом қонун-қоидалари, имон арконлари, уларга доир масалалар мисоллари билан келтирилган ҳолда ишлаб чиқилди. Аллоҳ таоло баъзи уламоларни Қуръони карим оятлари, Пайғамбар а.с.нинг суннатлари орқали, ҳатто ақлий ва мантиқий далиллар билан бузуқ эътиқодларни фош этишларига муваффақ қилди. Натижада ақида илми, бошқача айтганда калом илмига асос солинди.

Биринчи бўлиб катта тобеинлардан бўлмиш имом Абу Ҳанифа р.ҳ. ақида масалаларининг асосига бағишланган бор йўғи бир неча саҳифадан иборат бўлмиш “Ал-Фиқҳул Акбар” номли китобларини таълиф қилдилар. Кейинчалик, бошқа уламолар томонидан эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда мазкур китобга шарҳлар ёзилди ва керакли ўринларда тавҳид илмига алоқадор бўлган мавзулар унга қўшимча қилинди. Муҳаддис ва фақиҳ имом Убу Жаъфар Ат-Таҳовий р.ҳ. ақидага оид ўн саҳифадан иборат “Баянус суннати вал жамаати” номли китобларини битгандан кейин бир неча аср ўтиб, унга ўнлаб ва юзлаб саҳифалардан иборат шарҳлар битилди. Айниқса, калом илми соҳасига икки буюк имом – Абул Ҳасан Ал-Ашъарий ва Абу Мансур Ал-Мотуридий – бағоят улкан файз бахш этдиларки, уларнинг асарлари кейинги келган уламоларнинг ижодларига асос бўлиб хизмат қилди. Жумладан, Ал-Боқиллоний, Ал-Ғаззолий, Ал-Жувайний ва бошқалар мазкур икки зотнинг чашмаларидан қондилар. 

Аллома Ибн Ҳажар Ал-Ҳайтумий р.ҳ. калом илмини Ал-Ашъарийга нисбат бериб шундай деган: “У аввалгиларнинг ақида борасида тутган йўлини, ҳужжат ва далилларнинг ўрнини баён қилиб берган. Кейингилар эса фақатгина атамаларни ва номларнигина қўшимча қилишган”. Айнан шундай гапни имом Али Ал-Алқорий ўзининг “Ас-Симарул жанийя” асарида имом Ал-Мотуридий ҳақида ҳам айтган эди.

Учинчи асрдан кейин баъзи эътиқод масалаларида ақлий ва фикрий услублар, мантиқий ва фалсафий ёндашувлар зарурати туғилишини вақт тақозо этди. Масалан, холиқнинг борлигининг вожиблиги ва ундан бошқа нарсаларнинг барчаси ҳодис эканлиги ҳақидаги фикрларни илгари суриш билан уламолар Ислом душманларига қарши чиқа олдилар. Ўз навбатида бу услуб муайян вақтда ва муайян уламолар томонидан содир бўлган ижтиҳод эди. Албатта, ижтиҳод аҳли ҳар қандай ҳолатда ҳам савобдан бенасиб бўлмаслиги ҳадислар орқали собит бўлган.

Салаф уламолар Қуръони каримдаги бирорта муташобиҳ оятнинг тафсири ҳақида савол сўраган кишини қаттиқ қоралар эдилар. Чунки, савол берувчининг нияти агар фитна чиқариш, бидъатга йўл очиш бўлса, албатта, у инкор қилинишга ҳатто, таъзир берилишга ҳақлидир. Борди-ю, мақсади ундай бўлмаган тақдирда ҳам гуноҳга сабаб бўлгани учун дакки берилишга мустаҳиқдир. Чунки, бундай масаланинг кўтарилиши мунофиқ ва динсизларга мусулмонлар ўртасида шубҳа уйғотиш ва фитнага йўл очилишига сабаб бўлиб қолар эди. Шундай воқеалардан бирини Сулаймон ибн Ясор ривоят қиладиларки, Субайғ ибн Асал номли киши Мадинаи Мунавварага келиб Қуръони каримдаги муташобиҳ оятлар ва яна бир қанча нарсалар ҳақида саволлар сўраб юра бошлади. Бу воқеа Умар ибн Хаттоб р.а.га етиб борди. Умар у кишини топтириб келдилар ва унга: Сен кимсан, дедилар. У: Мен Аллоҳнинг бандаси Субайғман, деди. Шунда Умар ибн Хаттоб р.а.: Мен Аллоҳнинг бандаси Умарман, деб олдиндан тайёрлаб қўйган хурмо дарахтининг навдасидан ясалган савағич билан бошига савалай кетдилар. Боши ёрилиб, қони юзига оқиб туша бошлаганида Субайғ: Эй, мўминларнинг амири етади, бошимда пайдо бўлган бемани саволлар чиқиб кетди, деб ёлворди.

Яҳё ибн Яъмар р.ҳ. айтадилар: Басрада биринчи бўлиб тақдир ҳақида сўз очган кимса Маъбад Ал-Жуҳаний бўлади. Мен ва Ҳумайд ибн Абдурраҳмон ҳаж сафарига отландик. Сафаримиз давомида Расулуллоҳ с.а.в.нинг саҳобаларидан бирор кишини учратсак албатта, ундан тақдир ҳақида сўраймиз, деб олдимизга мақсад қилиб қўйдик. Иттифоқо, масжидга кираверишда Абдуллоҳ ибн Умарга йўлиқдик. Биримиз ўнг, иккинчимиз чап томонларидан ўртамизга олдик ва мен сўрай бошладим: Эй, Абу Абдурраҳмон! Бизнинг юртимизда шундай одамлар чиқганки, улар Қуръон ўқийдилар, илмни даъво қиладилар. Шу билан бирга улар тақдирни йўқ дейдилар. Яъни, Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсанинг тақдирини азалда битмаган, ҳар бир иш ўзича бўлади, деб айтадилар. Шунда Ибн Умар: Уларни кўрганингда айтиб қўй, менинг улар билан алоқам йўқ, улар ҳам мендан эмаслар. Аллоҳ номи билан қасам ичиб айтаманки, агар уларнинг бирортасида Уҳуд тоғичалик тиллоси бўлиб, ҳаммасини инфоқ қилиб юборганидаям то тақдирга имон келтирмагунича Аллоҳ унинг эҳсонини қабул қилмайди, дедилар ва Имон, Ислом ва Эҳсон ҳақида келган ҳадисни айтиб бердилар. У ҳадисда тақдирга ишонмоқлик имоннинг шарти эканлиги баён қилинган (Имом Муслим ва Асҳоби сунан ривояти).

Али р.а. даврларида гуноҳ қилган кишини кофирга чиқарадиган Хаворижлар тоифаси пайдо бўлди. Улар, гуноҳи кабира қилиб ўлган киши кофирлар билан бирга дўзахга тушади, дейишар ва гуноҳкор мусулмонларга шафоат қилинишини инкор этишар эди. Язид ибн Суҳайб Ал-Фақир айтадилар: Менга хаворижларнинг баъзи фикрлари ёқиб қолган эди. Мен ёш йигит эдим. Бир неча кишилар билан ҳаж сафарига отландик. Ҳаж қилиб бўлгач одамларга жаворижларнинг фикрларини тарқатамиз, деган мақсадимиз бор эди. Мадинаи Мунавварадан ўтишимизда масжид устунларининг бирига суяниб, жамоатга Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадисларидан айтиб бераётган Жобир ибн Абдуллоҳни учратиб қолдик. У киши жаҳаннамийлар ҳақида сўзлаётган эканлар. Шунда мен: Эй, Расулуллоҳнинг саҳобийси! Аллоҳ таоло Қуръонда “Эй, Раббимиз! Кимни Сен дўзахга киргизсанг, албатта, уни хор қилган бўласан...” (Оли Имрон, 192) ва “Фосиқ бўлган кимсаларнинг масканлари эса дўзахдир. Ҳар қачон ундан чиқмоқчи бўлсалар, яна унга қайтарилурлар...” (Сажда, 20), деган. Хаворижларнинг бу оятларни ҳужжат қилишига нима дейсиз, дедим. У зот: Эй болам! Сен Қуръон ўқийсанми? – деб сўрадилар. Мен: Ҳа, дедим. Қиёмат кунида Аллоҳ таоло Муҳаммад а.с.га ато этадиган “мақтовли мақом” ҳақида эшитганмисан? – деб сўрадилар. Мен: Ҳа, дедим. Ана ўша мақтовли мақом орқали Аллоҳ таоло дўзахдан чиқадиганларни чиқаради, дедилар сўнгра, сирот кўприги ва ундан одамларнинг ўтишини таърифлаб бердилар. Дўзахдан чиқарилган қавм гўё кунжутнинг поясига ўхшаб кетган бўлиши, сўнгра жаннат анҳорларида ювинишгач ҳудди дафтарнинг оппоқ варақларига ўхшаб қолишигача сўзлаб бердилар. Шундан сўнг биз бир-биримизга қараб, бу шайх Расулуллоҳнинг номидан ёлғон гапиришлари мумкинми, дедик ва ҳаммамиз ўз фикримиздан қайтдик. Бошқа ривоятда, Жобир р.а.: Шафоат ҳақида Аллоҳнинг китобида баён этилган, деб қуйидаги оятни ўқидилар: “(Улар дўзах аҳлига): “Сизларни Сақарга нима киритди?” (деганларида), улар айтурлар: “Бизлар (дунёда яшаганимизда) намозхонлардан эмас эдик, мискинга (бизга берган Аллоҳнинг бойлигидан) таом берувчи ҳам бўлмадик. Бизлар (беҳуда сўзларга) шўнғийдиганлар билан бирга шўнғир эдик. Жазо кунини (қиёматни) ёлғонга чиқарар эдик. То аниқ нарса (ўлим) келгунича”. Энди шафоатчиларнинг шафоати уларга фойда бермас” (Муддассир, 42-48). Демак, шафоатнинг кофирларга фойда бермаслигидан, мўминларга шафоат қилиниши бор эканлиги келиб чиқади.

Кейинчалик мусулмонлар орасида мўминларнинг жаннатда раббиларини кўришларини инкор этувчилар, Аллоҳнинг каломи бўлмиш Қуръонни махлуқ дегувчилар, инсонда хеч қандай ихтиёр ҳам касб ҳам йўқ балки, инсон ҳудди эсаётган шамолда учиб юрган қушнинг патига ўхшайди дегувчилар, шунингдек, Аллоҳ таолони жисмга ўхшатиб сифатлайдиган, Уни нуқсонлардан поклаш даъвоси билан Қуръонда ва Суннатда собит бўлган сифатларини инкор қиладиганлар ва шунга ўхшаш ақидавий масалаларда адашган тоифалар бирин кетин пайдо бўла бошлади. Ҳар гал мусулмонлар ҳаётида юзага келган бундай бидъат ва фитналарга қарши ҳақиқатни исботлаб берадиган, ботил ақидаларга раддия бериб, уни бартараф этишга қурби етадиган уламолар ҳам етишиб чиқдилар. Шу тариқа калом илми такомиллашиб, унга оид масалалар ҳам кўпайиб борди.

Бизнинг давримизга келиб Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораётгани маълум. Аммо, ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда бизнинг диёримизда анъана бўлган Мотуридия ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди. Ақида масалаларида етарли билимга эга бўлмаганлар ўзлари билмаган ҳолда Мотуридия ақидасига хилоф бўлган масалаларда билиб билмай сўз айтиб қўйишлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Айниқса, ҳозирги вақтда дунё мусулмонларини ташвишга солиб турган Сурия ва Ироқда содир этилаётган қонли воқеаларга сабаб ҳам айнан ақидавий масалаларни тўғри англамасликдандир. Масалан, амални имоннинг шартлари қаторига киритиш билан Ислом шариатида буюрилган амалларни бажармаётган ёки динда қайтарилган ишларни қилаётган кишиларни мўмин эмас, деган айблов билан уларнинг қонини тўкиш ва молларини талон тарож қилиш ҳалол деяётганлари илм аҳлларига маълум.

Хулоса шуки, ақида масаласи мўмин-мусулмонлар ҳаётида жуда муҳим ўрин тутиши билан бирга, ўта нозик ва ҳассос мавзу саналади. Шунинг учун мўмин-мусулмонлар бу соҳада ўзбилармончилик билан фикр юритмасликлари балки, соҳа бўйича етарли илмга эга бўлган мутахассислардан сўрамоқликлари мақсадга мувофиқдир.

                                                                         

Фатво бўлими мудири

Ҳомиджон Ишматбеков.

ЎМИ Матбуот хизмати 

Read 7788 times

Мақолалар

Top