Манбаларда келтирилишича, ХIХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср бошларида яшаб ўтган, мустақиллик учун курашган ва шу йўлда ҳалок бўлганлар орасида Жўрабек Қаландарқори ўғли ҳам бўлган. У Бухоро амирлигига қарашли ҳозирги Китоб туманининг ҳокими бўлган.
Зиёли, кўпни кўрган олим Жўрабек Қаландарқори ўғлининг қўлёзмалари коллекцияси шарқшунослик институтида, сўнгра Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг асосий кутубхонасига ўтказилган. Бу қўлёзмалар бу инсоннинг ғоят кенг билимли зукко шахс эканидан далолат беради.
Ҳозирги Ислом ота масжиди 1906 йилда Жўрабек Қаландарқори ўғли бошчилигида қурилган. Масжид 1941 йилдан бошлаб фаолият кўрсатиб келади. Юртимиз мустақиликка эришгач 1991 йилда масжид биноси кенгайтирилган. 2015 йилда бахтсиз ҳодиса туфайли келиб чиққан ёнғин оқибатида масжиднинг асосий хонақоҳ қисмига жиддий шикаст етганди. Шундан сўнг масжид тўлиқ қайта қурилди.
Мазкур муборак масканга кенг жамоатчиликнинг таклиф ва истакларини инобатга олиб, халқимиз учун суюкли ва фидоий инсон, мустақиллигимиз, миллий ўзлигимиз тимсоли, таниқли давлат арбоби, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов хотираларини қадрлаш мақсадида Ислом ота номи берилди. 2016 йил 7 октябр – ҳижрий Зулҳижжа ойида муборак Жума куни Тошкент шаҳар Яшнобод туманида муҳташам Ислом ота жоме масжиди қайта қурилишдан сўнг фаолият бошлади.
Тошкент шаҳрининг энг эски масжидларидан бири саналмиш ва узоқ йиллик тарихга эга ушбу масжиднинг қайта тикланиши – халқимизнинг диний-маънавий қадриятларини сақлаб қолишга ёрдам берувчи чинакам тарихий ҳодисадир.
Масжидни тиклаш ишлари қисқа муддатда якунланди. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Эндиликда масжидда бир ярим мингдан зиёд киши намоз ўқиши мумкин.
Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат.
Янги қурилган мажмуада бугунги кунда бошқа жоме масжидлардан фарқли ўлароқ кутубхона ташкил этилди. Кутубхонада бугунги кунда уч юз турдаги бир ярим мингга яқин китоблар, қўлёзмалар мавжуд.
Пойтахтимиз шундай гўзал, салобатли, ўзига хос нақшинли масжидга эга бўлди. Масжидда турли маънавий-маърифий тадбирларни ўтказишга мўлжалланган 80 кишилик мажлислар зали ҳам қурилган. Масжидлар намозгоҳ бўлиши билан бирга маънавият маркази, дину диёнат нурларини таратадиган, эзгуликка, илму маърифатга чорлайдиган таълим-тарбия маскани ҳамдир.
Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.
Масжиднинг Фарғона йўли бўйида, халқаро аэропорт яқинида жойлашгани алоҳида эътиборга молик. Пойтахтга келаётган меҳмонлар масжидни зиёрат қилиб, хайрли дуолар билан кириб келади. Зотан, масжид инсонларни маънавий покловчи муқаддас даргоҳдир. Айни вақтгача ушбу масжид бирор кишини бефарқ қолдираётгани йўқ.
Масжид замонавий қурилиш талабларига тўлиқ жавоб бериш баробарида, қадимий Шарқ меъморчилик мактаби анъаналарини ҳам ўзида акс эттирган. Қурилишда нафақат юртимизда, балки кўплаб иншоотлар қурилишида фаол иштирок этган қўли гул усталар ишлади. Масжид деворларидаги ёзувлар, бетакрор нақшлар юксак дид билан ишланган.
Масжидга киришда маҳобатли бир мезана қад кўтарган. Чап қўлда очиқ айвон бор бўлиб, иссиқ кунларда намозхонлар учун жуда ҳам қулай. Қибла тарафда жойлашган кутубхонани эса ушбу масжиднинг хусусиятларидан бири дейиш мумкин. Имом ва ноибларга тайёрланаётган замонавий қулайликларга эга катта-кичик хоналар ҳам турли хил нақшларга бой. Масжид саҳнида шаклдор гулзорлар яратилган. Хонақоҳга киришдаги равоқ устига масжидга киришда ўқиладиган дуо битилган. Эшикнинг усти ва икки тарафига намоздан кейин айтиладиган такбир, тасбеҳ ва таҳмид жуда ҳам гўзал шаклда қайд қилинган. Хонақоҳ ўртасидаги тўрт устун ўзига хос салобати билан кўкни тутиб тургандек. Меҳробдаги нақшларнинг ўхшаши йўқ. Меҳроб тепасига Бақара сурасининг 144-ояти ёзилган. Икки тарафида «Аллоҳ» ва «Муҳаммад» калималари араб ҳарфларида битилган. Меҳроб шаклидаги икки томондаги нақшлар устига шаҳодат калимаси ёзилган. Хонақоҳнинг қоқ ўртасидаги гумбазга Фотиҳа сураси битилган. Унинг пастидаги тўртта ярим доира гумбазлар кўзни қамаштирадиган нақшлар билан безанган.
Гумбазлар ўртасида тўрт рошид халифа - Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг исмлари битилган бўлиб, аҳли суннанинг белгиси сифатида масжидга алоҳид маҳобат бахш этган. Хонақоҳ деворининг юқори қисмига - «қалби»га айланасига Қуръоннинг қалби “Ёсин сураси” олтин ҳарфлар билан тўлиқ ёзилган бўлиб, бу самовий «нақш» биздаги бошқа бирор масжидда учрамайди. Тўрт устунни Чорқул ‒ Кофирун, Ихлос, Фалақ ва Ан-Нос суралари безаб туради. Умуман олганда, мажмуадаги нақшларни таърифлашга тил ожиз, жуда ҳам завқбахш, бетакрор.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтиш ўринли. Кўпинча нақшларда бошқа дин ва маданиятларнинг махсус белгилари, эътиқод рамзлари ҳам учраб қолади. Бу ҳолат ўта бепарволикдан ёки қадимдан ҳунармандлар ичида бошқа дин вакилларининг ҳам ишлари тарқаб келганидан юзага келган. Бунинг олдини олиш учун, айниқса, масжид қурилишларида аҳли илм, тажрибали кишиларнинг маслаҳатлари билан иш юритиш мақсадга мувофиқдир.
Бу муборак масканларда қилинадиган ибодату дуолар турли бало-офатлар рад бўлишига ва хайру барака мўл бўлишига сабаб бўлади. Муҳими ‒ масжидлар ёш авлодни маънавиятли, баркамол инсонлар бўлиб тарбия топишларида, уларни турли адашган оқимлар, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишдан асрашда жуда катта ўрин тутади.
Айтишларича, Буюк ипак йўли бўйлаб Тошкент томон қоронғу тунларда қатновчи карвонлар узоқдан ушбу масжиддан таралиб турган нурни кўриб у томон ҳаракатланишар экан. Бу унинг файзи, таровати, нурли маскан эканидан далолат.
Янги тикланган бу масжид ҳар тарафлама мукаммал, қулай, кўркам ва ҳузурбахшлиги билан ажралиб туради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Манбаа: ЎзА