Мақолалар

Бола азиз, одоби эса...

Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам:” Ота ўз боласига чиройли одобдан кўра яхшироқ нарса бера олмайди”, дедилар.( Термизий ривояти)

Имом Байзовий “тарбия”ни қуйидагича таърифлайди:

«Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир». Фарзанд ёшгина ниҳол шуни секин асталик билан ота она камолотига етказдириб мева берадиган дарахтга айлантириб  ундан кейин унинг мевасидан унинг  ҳосилидан фойда кўради ва манфаатдор бўлади. Акс ҳолда фарзандни ёш ниҳолни ўз ҳолатига қўйиб қўйса, ёввойи ўтлар атрофини ўраб, унинг куч қувватини сўриб олади, ва унга ёввойилиги тасир қилади, бориб бориб энг зўр ҳосил бериши керак бўлган ниҳол, келажакда ёввойи бир дарахтга айланади. Ҳеч қандай ҳосил бермайди. Фақатгина соядан ўзга нарса эмас. Соя эса оддий кўланкада ҳам бўлаверади.

Роғиб Асфиҳоний тарбияни қуйидагича таъриф қилади:

«Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир».

Эътибор берадирган бўлсак “Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир».                                                               Демак инсон ҳақийқий комил инсон бўлиши учун унинг дини маълум бўлиши керак. Агар дини бўлмаса, қолган таълим тарбияси ўз самарасини бера олмайди. Биринчи ўринда дин ва ана ўша динга мувофиқ олиб борилаётган таълим тарбия тезда ўз самарасини  беради. Нафақат бу дунё балки охиратта ҳам беради. Диндан кейин фикрий, фарзандларни фикрини ўстириб бориш керак. Заковатини ўстириб бориш керак. Бунинг учун шариатимизда  топишмоқлар сифатида келтирилган масалалар бор. Шундай афсоналар эртаклар бор ҳаттоки, фарзандларни фикрлашликка мажбур қилади. Ўша топишмоқларни топган сари, ҳикоялардаги мужмал бўлган жойларни, муфассал қилишни ўргатиб борилган сари, фарандларнинг фикри заковати зийраклиги кундан кунга ошиб боради. Келажакда ҳаётда қанчадан қанча топишмоқларни инша Аллоҳ бемалол жавобини топа олади. Қанчадан қанча муаммоларни ечимини топа оладиган фарзанлар бўлиб етишади.

“Ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир”. Буни қаранга кейин ахлоқга эътибор берилаяпди. Минг афсуслар бўлсинки ҳозир омма дунё миқёсида ахлоқ деган нарса унут бўлиб бораяпти. Илму маърифатга жуда ҳам эътибор кучли, иложи борича фарзандларга қанча маблағ сарфлаб бўлса ҳам  илмлик қилишга қизиқиш  бор. Аммо ахлоқлик қилишликка қизиқишлик йўқ. Агар бор бўлса ҳам, мусулмонлардагина бор десак хато бўлмаса керак. Ундан ташқари “ уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришлик” деганда ҳам ахлоқни  ўзича белгилаб олмайди. Фикрни ҳам ўзича белгилаб олмайди. Балки шариатнинг чегарасидан чиқмаган ҳолатда, мувозанат қилиб мўътадил бир ҳолатда, инсонга зарар бермайдиган, ҳаддан ошиб кетмаслик ва сусткашликка йўл қўймасликнинг ўртасида, мувозанатини, мўътадиллигини ўртамиёналигини  сақлаган ҳолатда унинг таълим тарбиясини бериб боради, ана шунда Аллоҳ ҳоҳласа фарзандлар келажакда   комил инсонлар бўлиб етишади.

Тарбия икки хил бўлади: Амалий ва назарий.

Одатда тажриба сифатида ҳаётда синовдан ўтган тарбиянинг энг фойдалиси, бу амалий тарбиядир. Яъни инсон тўғридан тўғри ўзи бажариб,  ўзи намуна бўлиб кўрсатиб берган тарбия фарзандларга ҳам ва ҳатто  катта талабаларга ҳам яхши тасир ўтказади. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ниманики Аллоҳ таолодан ваҳий сифатида қабул қилиб биз умматларга етказган бўлсалар, ҳаммасини  у  зотнинг  ўзлари   ҳаётга татбиқ этганлар.  Шунинг учун  Абу Дардо розияллоҳу анҳу Ойиша онамиз розияллоҳу анҳодан  Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хулқлари тўғрисида сўраганларида “ У зотнинг хулқлари Қуръондир”, деган жавобни олганлар.

Аллоҳ таолодан маъноларини қабул қилиб олиб ўз лафзлари билан етказган  ҳадиси шарифлардаги ҳукмларни ҳам, бирортасини  қолдирмасдан ўзлари амал қилганлар ва бизларга шуни намуна қилиб қолдирганлар. Шунинг учун ҳам ўша даврда У Зоти бобарокотдан тўғридан тўғри амалий жиҳатдан кўрган ва унга тақлид  қилган, эргашган асҳоби киромлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сояма соя юрдилар,  қадамма қадам эргашдилар, У Зот нимани бажарган бўлсалар шу нарсани ҳатто ҳикматини суриштириб ўтирмасдан ҳам амалга оширдилар. Мана бу нарса ҳақиқатдан ҳам саҳобаю киромларни ўта бахтиёр инсон бўлиб етишмоқликларига сабабчи бўлди. Демак азизлар ҳозирги кунда ҳар  бир соҳада ,  ҳамма устоз тутишга мажбур, устозсиз ҳечким ҳеч қайси бир соҳани мутахассиси бўлолмайди. Ҳар бир соҳадаги устоз мураббий, ўзининг соҳасида шогирдларни етиштириб чиқарар экан, биринчи ўринда уларга амалий тарафдан намуна бўлишлари керак. Қолаверса бирор касб ёки ҳунарни ўргатувчи устоз фақатгина касбий маҳорат ва унинг сирларинигина ўргатиб қолмасдан аввало, шу соҳога тегишли бўлган шаръий ҳукумларни ўргатиши керак. Зотан  ҳар бир соҳонинг ўзига хос бўлган шаръий ҳукумлари бор. Агар устоз ўз шогирдига мазкур ҳукумларни ўргатмаса, ундан бохабар қилмаса, шогирд келажакда ўзи билмаган ҳолда шаръан ҳаром бўлган иш ёки нарсаларга қўл уриб қўйиши мумкин. Натижа эса ҳаммага маълум. Камида ўша ишида барака бўлмайди, бошига ҳар хил кулфатлар, офатлар тушади лекин, унинг сабабини билмайди. Тасаввур қилинг, нонвойга ўз касбидаги ҳалол ва ҳаромни ўргатмаса нима бўлади? Қассобгачи? Умуман олганда озиқ овқат маҳсулотларига тегишли  бўлган соҳада тирикчилик қилаётганлар ҳалол ва ҳаромни фарқига бормасалар нима бўлади? Халқнинг халқуми булғанади, жамиятдан барака қочади, бу эса албатта биринчи ўринда ёшларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатади. Охиратдаги жавобгарлик  эса ҳаммага маълум.

 Бу борада эса аввало ота она масъулдир. Чунки Аллоҳ таоло ҳар бир фарзандни соф ислом фитратида яратиб сўнгра, унинг масъулиятини ота онага юклайди. Демак уларнинг қандай, қачон, кимдан, қанақа тарбия олмоқлигига  ота оналар жавоб берадилар. Чунки фарзанд кўпроқ умрини ота она билан биргаликда ўтқазади. Ва хоссатан отадан кўра ҳам кўпроқ она билан   бирга  бўладилар. Шунинг учун ҳам фарзандларнинг ёшлик давридаги тарбияси борасида оталарга нисбатан оналарнинг вазийфаси масъуляти кўпроқ десак адашмаган бўламиз. Хоссатан қиз болаларнинг  тарбияси борасида оналар ҳассос бўлишлари талаб қилинади. Фарзандларнинг ёши катталашиб борган сари уларга  нисбатан  оталарнинг масъулиятлари ҳам катталашиб боради. Хоссатан ўғил болалар учун отанинг тарбияси  алоҳида ўрин тута бошлайди. Чунки ўғил бола улғайиб борган сари уни  келажакда ватан ҳимоячиси, ўз оиласининг қўрғони, унинг боқувчиси қилиб хоссатан йигитларга хос бўлган хусусият ва фазилатлар билан тарбиялаш керак. Бу борада албатта оталар асосий рол ўйнайдилар. Ҳикоя қилинишича  ёшлари анча ўтиб қолган бир отахон, Қуръони каримни ниҳоятда кўп ўқир эканлар, қачон қарасалар бошларини  Қуръондан кўтармасдан,  тиловати Қуръон қилаверар эканлар, лекин ёшлари ўтиб қолганликлари учун  зеҳн, хотира суст бўлганлиги туфайли ёд олиш қобиляти ниҳоятда сусайиб қолган,  ўта кўп такрорласа ҳам ёдлай олмас экан.  Бир куни ёшгина ўғилчаси отасини бу ҳолда кўп машаққатлар эвазига Қуръон  тиловати қилаётганини кўриб ўзича отасига меҳрибонлик қилиб: отажон шунча ўқийсиз ўқийсиз, лекин барибир ёдлай олмайсиз, буни ўқишдан нима фойда? Ундан кўра бошқа бир иш қилсангиз бўлмайдими деган маънода отасига меҳрибонлик қилибди. Ота шу ўринда фарзандга яхши амалий тарбия беришни мақсад қилиб,  шундай дебди: “ўғлим ҳу анави кўмир ташийдирган саватни олиб келгин”, дебди.Ўғил олиб келибди. Шунда ота  “энди бор шу сават билан анҳордан сув ташигин дебди”. Ўғил ҳайрон! Ота саватда сув ташиб бўладими? Сўрабди ўғил. Шунда ота: “болам сен айтганни қилавер саватни олгинда бориб анҳордан сув ташигин”, дебди . Бола ҳам ҳа энди майли отам айтди қилсам қила қолай деб, саватни олиб анҳорга бориб сувга ботириб саватдаги сувни оталарини олдига олиб келибди. Қараса саватда ҳеч нарса йўқ бирор томчи ҳам  сув қолмаган. Отага термулиб қараб турса ота: “бор яна олиб кел!” дебди. Бу ҳолат бир неча маротаба такрорланибди. Лекин бола отанинг олдига бир томчи ҳам сув олиб кела олмабди. Охири фарзанд чарчагандан кейин отасига дебди: “отажон шу бефойда ишни нима кераги бор?” Барибир саватда сув ташиб бўлмаслигини ҳаммамиз яхши биламизку?! Бунга ҳаммани ақли етадику?! Бекорчи бундай машғулотни нима кераги бор?! Дебди. Шунда ота айтибдилар: “ҳа ўғлим сен бу ишни бекорчи иш деб ўйлаяпсан, энди саватга бир қарачи?! Дебдилар. Ўғил шундоқ саватга қарабди хўш нима қилибди? Ота: саватга яхшилаб эътибор бер?!  Сават сен сув ташишни бошлашингдан аввал қай ҳолатда эдию ҳозир қай ҳолатда?! Бола шундоқ саватга қарадию отажон бўлди тушиндим сават топ тозо соф ҳолатга айланибди деди, шунда ота:” Кўрдингми болам! мен ҳам Қуръонни ҳар кун ҳар соатда такрорлаб ёдлай олмасамда, гуноҳи маъсиятларим туфайли қорайиб моғарлаб кетган қалбим  мусаффо бўлиб ярқираб жилоланиб секин асталик билан нурга айланади. Шунинг учун мен тиловати Қуръон қиламан, буни албатта ёд олишлик шарт эмас, ўқишликни ўзида ҳам савоб ва манфаат кўп ўғлим” деган эканлар. Ўғил шу заҳоти узр сўраб отаси ҳақ эканини тан олган экан”.

Албатта бу борада ҳаётий мисоллар ниҳоятда кўп. Лекин мақсадимиз мисолларни барчасини тақдим этиш эмас, балки эшитганимиз, ўқиганимиз ёки гувоҳи бўлиб кўрганимиздан  ибрат олиб, ижобийсидан фойдаланиб, салбий тарафидан сақланишимиз лозимдир. Зотан инсоннинг инсонийлиги унинг маълумотларни кўп билишида эмас, балки билганларига қай даражада амал қилаётганига қараб белгиланади. Шунинг учун ҳам дунёда диярли ҳеч қандай маълумоти  йўқ бўлган ота-оналар озчиликни ташкил этади. Аммо, ҳеч бўлмаганда бошланғич ёки ўрта маълумотни эгаллаганлар кўпчиликни ташкил этади. Балки уларнинг ичида бир неча фоизи нафақат олий маълумотли , балки қанчадан-қанча илмий мартабаларни эгаллаб, маълум бир унвонларга ҳам эришганлари бор. Лекин бунинг ўзи билан иш битмас экан. Чунки ҳозирги кундаги энг катта иллатлардан бири таълимдан тарбияни ажратиб қўймоқликдир. Аслида эса тарбиясиз ёлғиз таълимнинг ўзидан кутилган ижобий натижа олинмаслиги ҳозирги кунда ҳаммага ойдек маълум бўлиб қолди.  Шунинг учун ҳам фурсатни қўлдан бой бермасдан туриб, тезлик билан ёшларимизга таълим билан бирга ахлоқ одоб, тарбияни ҳам уйғунлаштириб  сингдириб  бориш керак. Зотан таълим инсоннинг  саводхонлигини белгилаб берса, тарбия унинг инсонийлигини ифода этади. Бизнинг ёшларимизда эса уларнинг ҳар иккиси ҳам  мужассам бўлиши керак.

 

Исҳоқжон домла БЕГМАТОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси 

Масжидлар бўлими ходими

 

Read 5578 times

Мақолалар

Top