Мақолалар

Ҳаётий воқеа: бир ожиза эътирофи

Озиқ тишимни докторга суғуртириб ташлаганимдан кейин қаттиқ касал бўлиб қолдим. Оғриқни зўрлигидан бир ой овқат ҳам сув ҳам ичолмай, тунлари эса ухлолмай чиқдим. Зеро оғриқ бир лаҳза на кечаси ва на кундузи ором бермасди.

Жағимда шиш пайдо бўлиб катталашганидан ёрилиб кетай деб қолди. Бу шиш бўйинларимни ҳам бошларимни ҳам қамраб олди. Кўзимни бутунлай тўсиб қўйди. Аҳволимни кўриб жарроҳлар ва бошқа шифокорлар ҳам нима даво қилишини билолмай ҳайрон бўлдилар. Тиббиёт даволашдан ожиз қолди. Касаллик эса кундан-кунга зиёда бўлиб, оғриқ кучайди. Охири тузалишдан бутунлай умид қолмади...

Мўъжиза рўй бериб дардимга Аллоҳ шифо ато этди. Оғриқлар кетди. Шиш ўринларини қайтадан ўз жойига келтирди. Шифокорлар ушбу ҳолатдан лол бўлиб: “Аллоҳ қодир ва Раҳм ҳақдир, чириб кетган суякни қайтадан тирилтиради” дейишди. Шунда мен Аллоҳ таоло одамга ҳар бир инсондан кўра меҳрибонроқ эканлигига амин бўлдим.

Касал бўлиб ётганимда бир дугонам кўргани келди ва менга қараб меҳрибонлик-ла: “Албатта сен бундай азобга лойиқ эмассан. Ахир яхши аёлсанку. Нима гуноҳ қилган экансанки, Аллоҳ бунчалик зулм қиляпти? деди. Мен унга қараб: “Асло бундай дема”, деб бақирдим. Зеро, Аллоҳ таоло бандасига асло зулм этмайди, банда ўзига-ўзи зулм этади. Албатта, мен бундан ҳам ортиқроқ жазога лойиқ гуноҳкор аёлман. Чунки ҳозирда бу Аллоҳ оғриқ билан азоб бериб турган оғзим илгари қизил бўёғда бўялган эди. Яхши ишларга буюриб, ёмон ишлардан қайтармас эди. Шишиб кетган бу юзим доим упа-элик билан пардозланган бўларди. Озиб кетган гавдам эса тор ва ҳарир кўйлаклар кийиб ўзини эл аро кўз-кўз қиларди...

Дугонам менга: “Қўйсангчи, сен ҳам ўзга аёллар қилган ишни қилгансан, балки улардан ҳам камроқ безанган эдинг. Ҳозир кўчада кўпчилик аёллар сендан кўра кўпроқ ўзига зеб бериб, безаниб юрибди. Ахир уларга ҳеч қандай дард тегмай, кўчаларда, боғларда бемалол ўйин-кулгу қилиб юришибдику”, деб жавоб берди. Дугонамнинг сўзини тинглаб туриб, бу дард аслида менга Раббимнинг фазли ва раҳмати эканлигини мисоллар билан тушунтириб бердим. Аллоҳ қачон бандасини хуш кўрса, уни баъзи дардларга мубтало этади ва азоби билан уни поклайди, кейин эса хоҳлаган пайтида унга шифо карам қилиб дардидан фориғ этади. Аллоҳ менга шундай фойдали дардни берганлиги ва манфаатли дарсни бошимга солганлиги учун Унга беҳад шукрлар айтаман. Айтган амрини қилмаётганим учун менга мажбуран амалий суратда қилишликни ўргатди. Бундай иноятлари учун қандай қилиб меҳрибон Раббимга ҳамдлар айтмай, нега итоат этмай?!

Мен касалликдан баданим заифлашган, иродам қувватланган, ҳавойи нафсим кучсизланган, сабру тоқатим кучайган ҳолда тузалдим. Ушбу касаллик орқали кўп нарсаларни фаҳмлаб олдим. Оғзим ва тилим Аллоҳга умид ва хавф этган ҳолда доимо шукр этмоқлиги лозимлигини англаб етдим. Касалликдан тузалганимдан сўнг аҳволим бутунлай ўзгариб кетди. Буюк неъматлардан бири шу бўлди-ки, хавойи нафсим устидан ғолиброқ бўла бошладим.

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, мен тезда тавба қилдим ва билиб туриб қилаётган гуноҳимдан қайтдим. Вақтни бой бермай туриб ўзимни одоб доирасида кийинишга ўргатдим.

 

ХУМОРБЕГИМ тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3839 times

Мақолалар

Top