Мақолалар

Томирингизни ўйғотинг!

Мидия подшоси Кир миллий қаҳрамонимиз Томир онадан мағлуб бўлгунга қадар кўплаб мамлакатларни забт этган ва барча жангларида зафар қучган эди. У навбатдаги жанглардан бирида милоддан аввалги 546 йил Лидия подшоси Крезни асир олади. Аммо ўз юртига қайтиб улгурмасиданоқ лидияликлар қўзғолон кўтаради. Бундан Кирнинг жаҳли чиқиб лашкарларига бу бадбахт юртни хонавайрон қилинг, одамларини битта қолдирмай ўлдиринг! дея фармон беради. Бундан  чўчиган Крез ўз мамлакатининг кўз ўрнида харобага айланишидан чўчиб Кирга бундай маслаҳат беради. “Эй шоҳ! лидияликларга яна бир марҳамат қил! Улар яна ғалаён кўтармаслигининг чораси бор. Бунинг учун уларга қурол олиб юришни тақиқла, халатининг тагидан хитон (юнонларнинг узун  кийими) кийишга, оёғига эса баланд пошнали этик кийишига амр қил. Ундан кейин эса, уларга айт! болаларига кифар ва лирни (юнон торли асбоблари) чалишни ўргатсин ва майда-чуйда нарсалар савдоси билан шуғуллансин. Ўшанда уларнинг эркаклик хусусиятларидан айрилиб аёл кишига айланиб бораётганини кўриб ҳайрон қоласан, муҳими, улар ҳеч қачон ғалаён кўтармайди”.

Қуйлиқ бозоридан шаҳар марказига қараб юрадиган автобуслар тўхтайдиган бекатда қўққисдан шовқин-сурон бўлиб қолди. Нима гап экан десак, ўша ерда жасади девни ҳуркитадиган ўттиз ёшлар атрофидаги навқирон бир йигит столча қўйиб олиб сигарет сотаётган экан, бекатда мижоз пойлаб турадиган таксичилардан бири сигарет ёқиб олайин деб ундан гугурт сўрабди-да, яна уч-тўрт дона гугурт чўпни чўнтакка ҳам урибди. Жанжал ана шу гугурт чўплари устидан чиқибди. Қарасангиз, таксичининг ҳайбати ҳам чайқовчиникидан кам эмас: баҳайбат, ёш, айни кучга тўлган палласи. Лекин иккаласида ҳам нимадир етишмайди...

Улар бизнинг кўзимиз ўрганган баланд-баланд иморатлар барпо этувчи қурувчиларга, оғир-оғир шпаллар ётқизаётган темир йўлчиларга, ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиб, елиб-югуриб юрган тадбиркорларга, шошилиб давлат ишига бораётган зиёлилар ёки зиёлинамо кишиларга ҳеч ўхшамайди.  Бу инсонлар юзида барқ уриб турган ўз ишидан мамнуният, замондан миннатдорлик каби туйғулар буларнинг юз-кўзида кўринмайди. Аксинча, уларнинг қарашларида тамаъ, иддао ва яна сўз билан ифодалаш қийин бўлган ёқимсиз бир нималар кўзга ташланади.

Ана шу тоифа кишиларни учратганда киши мустақилликдан ҳам ҳар ким ўз табиатига, тийнатига мосини олар экан-да,  деб ўйлаб қолади. Истиқлолга   эришганимизга йигирма  етти йил тўлмоқда. Ўтган давр ичида юртимизда қанча ўзгаришлар бўлди. Ўтган бир йилда қандай катта ўзгаришлар юз берди. Юрагида журъати бор кишилар катта ишларга қўл уриб қанчадан қанча иш ўринлари яратиб ҳам ўзи фойда оляпти, ҳам давлатга фойда етказяпти, ҳам кўплаб кишиларни иш билан таъминлаяпти. Биргина мисол, камина яқиндан биладиган бир одам, хорижий корхоналардан бирига оддий ишчи бўлиб ишга кирди. Полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган корхонада ишлаш ўта оғир юмуш. У шу ерда етти-саккиз йил ишлаб иш ўрганди, тажриба орттирди, маблағ йиғди. Кейин эса ўзи худди шундай корхона очиб мустақил иш бошлади, ҳозир беш-олти нафар кишини ишга олган. Корхонасини янада кенгайтириш мақсадида яна янги технологиялар олиб келди, уларни ҳам ўрнатиб ишга туширса, яна шунча иш ўрни очилади ва давлатга бюджетига тушадиган тўловлари ва солиқ миқдори ошади.

Солиқ ҳам тўламай, ўтирган жойи учун патта ҳам олмай, бекатдаги ягона дарахт соясини ҳам эгаллаб, олдига тўрт қути сигарет қўйиб олиб, бойўғлига ўхшаб шумшайиб ўтириш бунинг қўлидан келмасмиди?! Келарди. Лекин унинг инсоний ғурури бунақа паст ишни қилишга асло йўл қўймайди. Борди-ю,  бу ишни қилганида ким билади у ҳам Крез айтгандек, аёлмижоз эркаклар тоифасига кириб қолармиди. Аёлмижоз эркаклар эса динимизда қаттиқ қораланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга тақлид қилувчи эркакларни ва эркакларга тақлид қилувчи аёлларни лаънатладилар» (Бухорий, Абу Довуд ривояти).

     

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

                                                                                                                                

Read 4215 times

Мақолалар

Top