Мақолалар

Шоир эътирофи: Жаннат оналарнинг кўнглида экан

Шеърият рукни

Маккадир бу – Пайғамбаримиз

Кўзларидан ёришган диёр.

Тошлар ўпиб, яна чўккан тиз

Бу диёрдан кетолмай баҳор.

 

Йўқотганин йиғлаб топгани

Келар инсон – содда, қувлари.

Шуларнинг ҳам қўлин ўпгани

Тошиб чиқар Замзам сувлари.

 

Ҳарам кўча-айвонларида

Жойнамозлар ёзилган тўкис.

Кўнглим, меҳр жавонларида

Ўксиганинг кўрдим-ку, эсиз...

 

Оппоқ либос жону танлари,

Оппоқ бўлиб ёришар осмон.

Аллоҳ!.. дея топинганлари

Жаҳонларга айланган жаҳон.

 

Аммо кўкка учдию оҳим,

Гулханларга айланди ўтим.

Шайтонларга тош отган чоғим,

Шайтонлар ҳам тош отди бетин.

 

Юрагимга қилибман жабр,

Симирдим-да ҳаволарни соф –

Мўминларга тиладим сабр,

Зулуклар тиладим инсоф.

 

*   *   *

Тилимга сал эрк берувдим

бошга ёққан бало бўлди.

Ҳар томчиси тошдан қаттиқ

ёмғир бўлди, жала бўлди.

 

Парвозларни суйган дилим

писиб қолди қоронғуда,

Тонгларга тик қаролмади,

юзи унинг қаро бўлди.

 

*   *   *

Лой олиб ердан, олам

Чақмоққа тушиб келди.

Жаннатда яйраб одам,

Тупроққа тушиб келди.

 

Юзлари ой бўлса-да,

Кўзлари қуёш нури –

Тупроқ қучиб ўлса-да,

Тупроқдан олди қўрни.

 

*   *   *

Яхшилик – яхшидир! – Онам ҳикмати

Юрагим тубига муҳрланган, рост.

Яхшилик – яхшидир! – Олам неъмати

Юрагим обидан меҳрланган, рост.

 

Қуёшни ўраб-да тоғ билакларга

Энг яхши шеърларни онам битганлар.

Яхшиям яхшилар оқ юракларга

Яхшилик уруғин қадаб кетганлар.

 

*   *   *

Жаннат қиёсини изладим кезиб,

Топганларим яшил боғу боғчалар.

Булоқлар қайнади меҳримни сезиб,

Меҳрини тўшади йўлга шохчалар.

 

Бунчалар шарафга муяссар юртим,

Ойдин қўшиқларга айланган чаман.

Муборак ҳадисни ўқиб-ла билдим,

Жаннат оналарнинг кўнглида экан.

Абдулҳай НОСИР

Тошкент шаҳридан

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4486 times

Мақолалар

Top