Мақолалар

Тақлидчилик оқибати оғир иллат

Эрталаб боласини боғчага ёки мактабга кузатаётган онага эътибор қилганмисиз? У тонгда фарзандини ўпиб-эркалаб уйғотади, ҳатто боламнинг қўли совуқ сувга тегмасин деган хавотирда жўмракнинг сувини бир оз оқизиб, ундан боласи очгани заҳоти илиқ сув келадиган қилиб қўяди. Кейин нонушта чоғида уни роса тўйдириб едиради. Ундан сўнг эса қалин кийимларини кийдириб, оғзига шарфларни ўраб, қўлига қўлқопларини кийгизиб, кўнгли мутлақо хотиржам бўлганидан сўнг кўчага чиқаради.
Боласининг ўзи неварали бўлган оналар ҳам ҳар доим фарзандларини ўйлаб, уларнинг ғамида юради. Эрталаб ўғли ёки қизи ишга йўл олаверади – она дуога қўл очаверади. Уларга бош кийимларини кийишини тайинлайди. Тонгда бошланган дуо улар кечқурун ишдан қайтгунларига қадар давом этади. Чунки она уларни соғу саломат кўрганидан кейин хотиржам тортиб. енгил нафас олади.
Ўзи ухламай, боласини аллалаб чиққан; ўзи емай боласининг оғзига тутган; ўзи киймай боласини кийинтирган, фарзандини ўз жонининг бир парчаси деб билан она фарзандини ҳеч қачон кўчага ташлаб кетмаслиги барчага аён ҳақиқат.
Жангларнинг бирида уруш тугагач, бир аёл йўқотиб қўйган боласини қидира бошлади. Фарзанди ўлганми ёки тирик қолганми – билмасдан гирён эди. Бирданига унинг кўзи мурғак гўдагига тушиб қолади ва у томонга югуриб бориб боласини бағрига маҳкам босиб йиғлай бошлайди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Шу аёл ўз фарзандини ўтга-оловга ташлайдими, нима деб ўйлайсизлар?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Йўқ, ташламайди, ё Аллоҳнинг Расули”, деб жавоб бердилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бандаларига ана шу онадан-да меҳрибонроқ ва раҳмлироқдир”, дедилар.
Эътибор қилинг-а, Аллоҳ таолонинг биз бандаларига қанчалик меҳрибон эканини кўрсатишда онанинг меҳрига қиёсан айтилмоқда. Демак, ер юзида энг меҳрибон зот она экан.
Оналарнинг ана шундай меҳрибонлиги туфайли авлодлар улғаймоқда, ҳаёт давом этмоқда.
Аммо онасининг меҳри соясида улғайган, фарзанд неъматининг қадрини билмайдиган қайси кўрнамак янги туғилган чақалоғини Сергелида кўчада қолдириб кетди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар берди.
Тошкент шаҳрининг Сергели туманида 27 январь куни соат 14:00 ларда Лутфикор 4-тор кўчасида яшовчи фуқаро уйининг олдидан спорт сумкасига солинган чақалоқни топиб олиб ИИБга хабар берган. Гўдакнинг жинси ўғил экан. Чақалоқ касалхонага ётқизилган. Унинг онасини аниқлаш чоралари кўрилган.
27 январь шанба куни эди. Ўша кун қанчалик совуқ бўлгани эсингиздами? Уни онасими, ким бўлса ҳам ана шу совуқда кўчага ташалб кетган. Яъни унинг мақсади боладан қутулиш бўлган – бола совуққа тиришиб ўлиб қолса ҳам унга фарқи йўқ.
Бу ҳолатдан тахмин қилиш мумкинки, чақалоқнинг отаси ҳам, онаси ҳам инсоний фазилатлар билан чиройли оила қуриб Одам алайҳиссалом авлодлари наслини, Пайғамбар алайҳиссалом умматлари сонини кўпайтиришни ният қилмаган. Улар бутунлай ҳайвоний истаклар измида шаҳватига қул бўлиб яшаган. Ундай десангиз, ҳайвонлар ҳам боласини ташлаб кетмайди, керак бўлса, боласи учун жонини фидо қилади. Демак, уларнинг бу иши ҳайвонликдан ҳам тубанликдир.
Хўп, бундай иллат жамиятимизда қачон, кимларнинг таъсирида пайдо бўлди?
Бундай разилликларнинг асосий манбаси оломон маданиятидир. Агар ёшлар машҳурлик касалига чалинмаса, энг ифлос йўллар билан эса-да, машҳурлик шоҳсупасига чиқиб олган бетарбия, беҳая шармандаларга тақлид қилмаса, улар ичган ичимликдан ичишни, улар кийган кийимларни кийишни, улар юрган йўллардан юришни... орзу этмаса бундай ишлар келиб чиқмайди.
Биз тан оламизми, йўқми, бугунги ёшларимиз бир жинсли никоҳни қонунлаштирган, никоҳсиз фарзанд кўриш одатий ҳодиса саналган давлатлардан андаза олишга интилмоқда. Уларнинг тилини ўрганади, қўшиқларини тинглайди, кийимларини кияди, киноларини, концертларини кўради. Ўзимизникилардан гапирсангиз бурнини жийиради. Ва ниҳоят улардек, бола туғиб кўчага ташлаб кетаверади. Жамият уларни топиб олиб тарбиялайверади.

Имом Ғаззолий ҳазратлари “Иҳёу улумиддин” асарида шу мавзуга оид бир қатор ҳадиси шариф ва ривоятларни нақл қилади.
Бир саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай сўради:
– Ё Расулуллоҳ, кимларга яхшилик қилайин?
Аллоҳнинг Расули:
– Онангга ва отангга, – дедилар.
Саҳоба:
– Онам ва отам йўқ, деб айтди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Фарзандларингга яхшилик қилгин. Ота-онанинг фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ота-оналари устида ҳақлари бор, – деб буюрдилар.
Ушбу ҳадисдан фарзанднинг ота-онада ҳаққи борлиги айтилмоқда. Демак, ана шу ҳақни адо этмаганларга қиёматда фарзандлар даъвогар бўлади.
Бандаларга Охир-замон жуда узоқдек туйилса-да, аммо унутмайликки, ҳар банданинг ўзининг “қиёмати” бор. Масалан, мана шу чақалоқнинг ўлимини тилаб совуққа қўйиб кетган кимса ниятига қараб гўдакни ўлдирган ҳукмида бўлди. Аммо чақалоқни меҳрибон инсонлар топиб олди ва унинг ҳаётини сақлаб қолди. Лекин уни шу ерга қўйиб кетган кимсанинг ўзини, айтайлик, машина туртиб кетмадимикан ёки ичкиликдан заҳарланмадимикан, буни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади ва вақти келганда бу сирни очади.
Чақалоқ эса Ўзбекистон Республикаси фуқароси, унинг таълим-тарбияси жамиятимиз зиммасидадир.


Дамин ЖУМАҚУЛ
ЎМИ матбуот хизмати

Read 3826 times

Мақолалар

Top