Мақолалар

Гар ошиқ эрсанг...

Гар ошиқ эрсанг, меҳру вафо қилма ҳавас,

Дард истаю, дафъига даво қилма ҳавас,

Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас,

Дилдорингдан ғайру ризо қилма ҳавас.

Алишер Навоий

  1. Гар ошиқ эрсанг, меҳру вафо қилма ҳавас”.

Шоир айтмоқчики, Аллоҳнинг инояти билан қалбимизга ишқ чўғидан бир зарра тушган бўлса, унинг қадрига етайлик. Яъни, бир нарса эвазига Аллоҳдан кўп нарса талаб қилмайлик. Ошиқ қалб очкўзлик ва қўполлик, шошқалоқлик ва жазавакорликдан йироқ бўлиши шарт.

Мен Аллоҳни севаман дея лоф уриш ақли ноқис кишиларга хос. Бу ишлари ишқни хор тутиш кабидир.

Ошиқман деб Аллоҳдан бирон ҳақ ёки неъмат тамаъ қилиш ярамайди.     Чунки Аллоҳдан шунча кўп неъмат ва меҳр олганмизки, ўлчов-ададларнинг чеки бор, аммо бу неъматларнинг адади ва чегараси йўқ. “Агар сизлар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар” (Иброҳим, 34). Бу ишқни ожиз ҳис-туйғулар ила қориштириб юбориш нақадар ёмон.

  1. Дард истаю, дафъига даво қилма ҳавас”.

        Дард иста, бу дард туфайли дин ва охират муҳаббати туғилади. Унинг кўпроқ бўлиши, сени қамраб олиши қандай бахт. Зеро, фақат ишқ билан бандалик мақоми яхши тушунилади. Намоз, рўза, закот, ҳаж каби динимиз арконлари шу ишқ билан баркамол, ният ҳам шу дард туфайли тўғри, муомалалар шу дард изтироби билан салоҳиятли ва беозор бўлади. Бу дардга бегона бўлсак, оламнинг ранглари йўқолиб, зерикамиз, Аллоҳ асрасин.

  1. Ҳижрону висол мутлақо қилма ҳавас”.

Ҳижрон ва висол муваққат бўлиб, бирининг мавжудлиги иккинчисини йўқ қилади. Яъни, бири иккинчисининг акси, зиддидир. Очликни овқат ейиш йўқ қилгани каби, тўқлик ҳам очликни эсдан чиқаргувчидир. Демак, булар жуфтликда бор бўлган нарсалардир. Қалб ошиғиман деб даъво қилаётган зот эса, бу каби ноқисликлардан, жуфтликлардан, инкор ва исботдан пок ва муназзаҳдир. Қалб бу ишқ заррасидан маст бўлса-да, ўзи ким, бу ишқнинг эгаси ҳам қандай Зот эканини асло унутмасин. Қуръони каримда: “Аниқки, инсонни биз яратганмиз, (демак) унинг нафси васваса қиладиган (яъни, кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз”, (Қоф, 16) деб марҳамат этилган.

Бандаси ожиз, лекин қалби бунга эътимод қилиб қолмасин. Аллоҳ меҳрибонлиги ҳам, азамати-ю қудрати ҳам тенгсиз Зотдир. Бу оламларни ақл бовар қилмас дақиқликда яратиб, тарбия этиб, тебратиб турган, бордан йўқ, йўқдан бор қилаётган, нозик капалак қанотининг эпкинини ҳам ҳисобли-ўлчовли этиб ёйган Аллоҳ таоло энг буюк чевардир. Қалб ҳаддини билсин ва унда собит турсин.

  1. Дилдорингдан ғайру ризо қилма ҳавас”.

Неъмат Эгасининг ризолигига У берган неъматларга шукрона қилиш билан етилса, зора. Банда Аллоҳ унга берган неъматлар ададига ета олмаганидек, унинг шукронасини адо этишга ҳам шунчалар ожиз. Аммо унинг доимо шукрда бўлмоғи гўзал ва матлуб. Бир нафас олишда икки шукр лозим. Кирган нафас чиқмаса ё чиқсаю, кирмаса, ўша лаҳза банда учун шукр қилиш бахтига, вақтига чек қўйилади. Азизларимиз: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дейишга улгурмай қолмайин деб, кўп ҳолларда “Аллоҳ, Аллоҳ” дея зикр этиб юришар экан.

Хожа Аҳрор Валий (қуддиса сирруҳу) бу хусусда ёзадилар: “Тоат қанчалик камол топса, буюк ва ҳамиша барҳаёт Аллоҳ таоло шу бандани шунчалик Ўзига дўст тутади, сирларига ошно қилади… Дарҳақиқат, бундай севги Унинг суюк ҳабиби Расулуллоҳга (алайҳиссалом) оиддир. Расулуллоҳ (алайҳиссалом) васфларидан мақсад шуки, муҳаббат у зот туфайли вужуд топади”.

Таъбир жоиз бўлса, ошиқ дилини дорга – у муносиб бўлган ўринга илиб қўйсин, яъни Эгасига берсин. Дилдоридан эса ризолик истасин, холос. Исташ ҳам сал қўполдай… Ҳавас этсин!.. Ҳавас беозор ва беғубор туйғу. Бунда тама, очофатлик, қўполлик ва тезлик йўқ. Ҳавас қилиш Алишер Навоий (раҳматуллоҳи алайҳ) каби иймон эгаларининг одоб-ахлоқи, қалб мевасидир. Ризолик ҳавас этиб кечирилган умр баракотли умр бўлади. Аллоҳ ул зотдан ҳам, бизлардан ҳам рози бўлсин.

Агар бирор банда Аллоҳни севаман деб қолса, бу Аллоҳнинг бандаси қалбига қилган таважжуҳи, берган иймон неъматини зоҳир бўлишидир. Иймон албатта ақл эгаларига берилур. Ақл ила иймон неъматига эга бўлган мўмин киши ишқ саҳросида яна ақлидан адашур, бегона бўлур…

Мир Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида ишқнинг уч турли бўлишини зикр этади:

“Биринчи ишқ банданинг ўз Яратувчисига, Холиқига бўлган ишқи. Бу пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар, комил мўминлар ишқидур. Олий ишқдир. Ишқи куллдур. Куллдан жузълар дунёга келгани каби, ҳар бир ишқ ушбу олий ишқдан ҳосил бўлур.

Иккинчи ишқ солиҳ банданинг солиҳ бандага бўлган ишқи. Яъни Аллоҳ йўлидаги дўстлик. Бу қариндошлик, бойлик, шериклик эмас, балки Аллоҳ ризолиги йўлида юрган икки кишининг дўстлиги, муҳаббатидур. Аллоҳнинг Арши уларга соябондур. Улар бир-бирларига хиёнат қилмайдилар. Хиёнат қилишга Аллоҳдан ҳаё қиладилар.

Учинчи ишқ оммавий мубтало бўлинган ишқ. Яъни эр-хотин ўртасидаги меҳр-муҳаббат. Бу ишқ ҳам жоиз ва эплаган киши учун Аллоҳ ризолигига етказадиган, солиҳ фарзандлар тарбия этиладиган, охиратга захира бўладиган аъмолдур”.

Ишқнинг мазкур уч бобига ҳам рубоийдаги даъват кўлланилса¸ дўстнинг ҳам¸ жуфти ҳалолнинг ҳам ризолигини кўзлаб яшалса¸ қандай гўзал. Мўминлик сифати шу эмасми? Зеро охир-оқибат бориладиган, қайтиладиган жой – бир жойдир. Муҳаббат эса эвазига ҳақ талаб қилинадиган нарса эмас. Ишқ Аллоҳ ризолиги йўлида бўлсагина, ҳақиқий ишқ саналади. Валлоҳу аьламу биссавоб.

 

Абдумутал АТАБАЕВ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5494 times

Мақолалар

Top