Мақолалар

Неъматларга ношукр бўлманг!

Аллоҳ таоло эркакларни оила устуни, унинг раҳбари, таъминотчиси қилиб белгилаган, аёлларга эса рўзғор тасарруфи, бола тарбияси, оила ишларини юритиш вазифаларини юклаган.

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир. (Аёллар ичида) солиҳалари – бу (Аллоҳга ва эрига) итоатли, ғойибга Аллоҳ сақлаганича ҳимоятли (яъни, эрларининг сирлари, мулклари ва обрўларини сақловчи)лардир”.

Оилани боқишга эркаклар масъул экан, демак, унинг топиб келганини, рўзғорга ажратган молини тасарруф қилиш, ўз ўрнига ишлатиш, бунда исрофга йўл қўймаслик – аёлларнинг бурчи ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг “Ким ҳаётда тежамли бўлса, қашшоқлик кўрмайди”, деган муборак ҳадислари бор (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло мўминларни сифатлар экан, уларнинг исроф ва хасислик қилмасликларини алоҳида таъкидлаб зикр этади:

“Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир”.

Аллоҳ таоло инсонларга жуда кўп неъматларни ато этиб қўйган. Банданинг вазифаси Аллоҳ берган бу неъматларнинг шукрини қилиш, уларни тежаб, исроф қилмай ишлатиш, Парвардигорнинг берганига рози бўлишдир. Эҳтиёждан ортиқ еб-ичишни баъзи уламолар ҳаром дейишган бўлса, айримлари макруҳ санашган. Аллоҳ азза ва жалла бандаларини исроф қилмасликка чақиради:

«Эй, Одам авлоди! Ҳар бир масжид (намоз) олдидан зийнатларингиз (пок кийимларингиз)ни (кийиб) олингиз! Шунингдек, еб-ичингиз, (лекин) исроф қилмангиз! Зеро, У исроф қилувчиларни севмагай”.

Ушбу ояти каримада еб-ичишда исрофга йўл қўймаслик ҳақида бежизга эслатилмаяпти. Дунёда семизликдан азият чекаётганлар сони кун сайин ортиб бормоқда. Ваҳоланки, динимиз мусулмонларни кўп ейишдан, ортиқча овқатланишдан қайтарган. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Одамзод қориндан кўра ёмон бирор идишни тўлдирмаган. Одам боласига гавдасини тик тутишга бир-икки луқма озуқа етади. Агар кўпроқ егиси келса, унда ошқозонининг учдан бири овқатга, учдан бири ичимликка, учдан бири ҳавога тўлдирилиши керак”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Аббосдан (розийаллоҳу анҳумо) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сени икки хислат – фахрланиш ва исрофгарчилик хатога бошламаса, хоҳлаганингни еб, хоҳлаганингни ичавер», деганлар» (Имом Бухорий ривояти). Фахри коинот айтганларидек: «Енглар, ичинглар, садақа қилинглар, аммо исрофгарчилик ва фахрга ўтманглар».

Кераксиз ўринга, масалан, эҳтиёждан ортиқ нарсаларга пул сарфлаш ақлга зид ишдир. Бир донишманд айтганидай, «саховатли бўл, аммо исроф қилма, тежамкор бўл, лекин бахил бўлма». Исроф сахийлик эмас.

Имом Аъзамнинг ғоят ибратли бир гаплари бор: «Хайр (яхшилик) ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай хайр (яхшилик) йўқдир». Дарҳақиқат, Аллоҳ розилиги йўлида ўзгаларга ҳар қанча хайр-эҳсон (яъни, яхшилик) қилсангиз ҳам ортиқчалик қилмайди, исроф бўлмайди. Аксинча ҳар қандай  ишда исрофга йўл қўйсангиз, у ҳар қанча чиройли кўринмасин, ортида ҳеч бир яхшилик йўқ.

Исроф фақатгина еб-ичишда эмас, балки вақт масаласида ҳам муҳимдир. Чунки, вақтни ҳуда-беҳудага исроф қилиш, ундан оқилона фойдаланмаслик, турли хил ўткинчи ҳою-ҳавасларга берилиш инсонни охир-оқибат танбаллик ва жоҳиллик сари етаклайди. Унинг акси сифатида ҳар бир инсон ҳаётнинг ҳар онини ғанимат билиб илм олиши, ҳунар ўрганиши, қайси соҳада бўлса ҳам оиласи ва халқ манфаатлари йўлида меҳнат қилиши, ўз яқинлари ҳамда атрофдагиларга қўлидан келганича яхшиликлар қилишга шошилиши улуғ ва савобли ишлардан ҳисобланади.

Хуршид АСЛАНБАЕВ

Янгиер шаҳар

“Абдуқаххор хожи” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4540 times
Tagged under

Мақолалар

Top