Мақолалар

Бугуннинг гапи рукнидан: Биз ношукурмизми?!

- Тўхтасам – пулсиз қоламан

- Шарм-аш шайхликлар нега ўзбекча билмайди?

- “Истеъмол саватча”миз бўладими?

- Нафсни тийишни ўрганишимиз керакми?

 

Тўхтасам – пулсиз қоламан 

Ҳаётидан нолиган одамни ёқтирмайман. Айниқса, дуч келган кишига обидийда қилишдан хунукроқ иш бўлмаса керак. Бежизга халқимиз “Бирни кўриб шукур қил, бирни кўриб фикр қил”, демайди. Аммо негадир кейинги пайтда нолийдиганлар кўпайиб қолди. Ким билади, бунақалар илгари ҳам кам бўлмагандир, эътибор бермагандирмиз эҳтимол. 

Сўнгги пайтда айрим нохушликлар ҳам юзага қалқиб чиқаётгандек туюляпти негадир. Масалан, коллежларда бир-бирига пичоқ ўқталадиган, кўплашиб бир кишини дўппослайдиган ёшлар, хотинининг қотилига айланган эрлар, қайнонасининг жонига қасд қилган келинлар, иш излаб хорижда ҳалок бўлаётган йигитлар, катта миқдорда пора билан қўлга тушаётган ҳуқуқшунослар, қўл остидагиларни ҳақорат қиладиган раҳбарлар. Аввал ҳам бундай воқеалар кўп бўлгану бизга билдиришмагандир балки. Ҳар нечук, қайсидир йиллари қайсидир вилоятда бир автобус одам дарёга қулагани ёки автобус ҳайдовчиси ухлаб қолиб, юк машинасига урилгани, қайсидир вазирликнинг бошқарма бошлиғи қанчадир пулни ўмариб, хорижга қочиб қолгани, қайсидир бойвачча давлатнинг пули ҳисобидан ишчиларга автомашина тарқатгани ҳақидаги миш-мишлар қулоққа чалинган эди.

Мана бу таксичи йигит ҳам гапни нолишдан бошлади. Бензиннинг нархи “осмонга чиқиб” кетгани, ҳали яна кўтарилиши мумкинлиги, коммунал тўловлар кундан-кунга ошиб бораётгани, бозорлардаги қимматчилик ҳақида гапирарди тинмай.

– Мошинангиз газда юради шекилли? – “Сен нега нолияпсан”, дегандек гапини бўлдим унинг.

– Газда, ока, газда. Бензинда тирикчилик қилиб бўлармиди? – “Эсингиз жойидами”, дегандек ғалати қараб қўйди у менга.

Сиртидан бинойидек кўринган “Нексия-2”нинг салони путурдан кетганди: ўриндиқлари чўкиб қолган, рул чамбарагига ўрнатилган ғилоф титилиб, ранги униққан, оёқ остидаги резинадан чанг кўтариларди. 

Маҳалла кўчасига киргач, мошина ростманасига титрай бошлади.

– “Ходовой”ларингиз чарчабдими, дейман? – билағонлик қилдим.

– Чарчаган, ока. Балонлариям чарчаган. Яхшиям тили йўқ бечоранинг. Бир минут тиндирмайман. Баъзан, мошинада юриш жонимга тегиб кетади.

– Ундай деманг ука, ношукурлик бўлади, – дедим насиҳат оҳангида. – Буни битта ғилдирагига етолмай юрганлар қанча? 

 

– Ўзимники бўлганида бошидан сув ўгириб ичардим, аренда бу, ока, - дейди таксичи йигит бир оз зардали оҳангда. – Кун бўйи итдай изғиб топганимнинг тўқсон фоизини қуртдай санаб олишади. Ўттиз уч ёшга кирдим. Уч нафар фарзандим бор. Келинингиз уй бекаси. Болаларнинг мактаби, боғчаси, ейиш-ичиши, коммунал тўловлар, мана бу зорманданинг харажатлари, у рул чамбарагини уриб қўйди – ҳаммаси шу таксичиликнинг орқасидан. Умр ўтиб кетяпти. Лекин мен тўхтай олмайман. Тўхтасам – пулсиз қоламан. Шунинг учун улфатлар билан ёзилиб ўтиролмайман, меҳмондорчиликка боролмайман. – У тинмай гапирар, мени эса яна ўша савол ўйлантирарди: Биз ношукурмизми? 

Шарм-аш шайхликлар нега ўзбекча билмайди? 

Ўтаётган ҳар бир кунимизга шукур қилиб яшайдиган халқмиз. Шукроналик вужудимизга сут, қалбимизга қон билан кирган. Шукур, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, фарзандларимиз бағримизда. Қорнимиз тўқ, устимиз бут. Бир одамга бундан ортиқ яна нима керак? Қаноатли миллатмиз: борига шукур – йўғига сабр қиламиз. Эртадан умидвормиз. Биз кўрмаган кунларни фарзандларимиз кўради, улар худди эртаклардагидек бахтли-саодатли умр кечаради, деб ишонамиз.

Тўғри, биз яхши яшашни истаймиз. Лекин шукроналик ҳақида гап кетса, негадир боши нотинчликдан чиқмаётган бир-икки араб давлатини мисол келтирамиз. Сувсизликдан азият чекаётган, қашшоқ, тибиий хизмат ва таълим сифати паст бўлган айрим Африка давлатлари тўғрисида сўзлаймиз. Нега ривожланиш даражаси билан дунёни лол қолдираётган Малайзия, Индонезия, Таиланд сингари мамлакатлар билан солиштирмаймиз ўзимизни? Нега таълим, тиббиёт, ҳаёт сифати юқори бўлган Европа давлатлари билан бўйлашмаймиз?

Президентимиз кўплаб соҳалар каби Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги чексиз имкониятларидан самарали фойдаланмаётганимиз ҳақида оғриниб гапирмоқда. Мамлакатда туризм индустриясини ривожлантириш учун жон куйдирмоқда. Хорижий давлатлардаги элчиларимизга юртимизга сайёҳларни жўнатиш мажбурияти юкланаётир.

– Ҳар йили Ўзбекистонга юзлаб немис сайёҳларини юборамиз, - дейди “Turkestan Travel Ltd” сайёҳлик фирмаси раҳбари, “Давра” ўзбек-олмон маданий жамияти раиси Анвар Шерматов. – Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, миллий иқтисодиётга юқори даромад келтирадиган истиқболли тармоқлардан бири – бу туризмдир. Юртимизда 7 минг 300 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд. Ҳақиқатан ҳам Ватанимиз туризм соҳасида юксак салоҳиятга эга.

Мен шу соҳада фаолият юритаётган тадбиркор сифатида нафақат хорижликлар Ўзбекистонга келишини, балки юртдошларимиз ҳам дунё кўришларини, таътил чоғида фарзандлари билан Европани томоша қилишларини, Осиёнинг океан ва денгиз соҳилидаги сўлим гўшаларида ҳордиқ чиқаришларини истайман. Афсуски, бундай имкониятга эга бўлаётганлар жуда кам.

2009 йилда бир гуруҳ журналистлар Миср давлатида хизмат сафарида бўлдик. Маданий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган бу сафар дастурига Қизил денгиз бўйидаги Шарм аш-Шайх шаҳрига саёҳат ҳам киритилган эди. 

Шарм аш-Шайх – ўртаҳол сайёҳлар шаҳри. Бу ерга дунёнинг турли бурчакларидан дам олувчилар келади. Меҳмонларга хизмат кўрсатувчи мисрликлар эса турли тилларда сўзлай билишади. Ҳеч бўлмаганда сайёҳни хурсанд қилиш, тўғрироғи, пулини олиш учун унинг она тилида беш-олти сўз айтади. Улар рус, ҳатто қозоқ тилида ҳам сўзлашади. Бироқ ўзбек тилини билишмайди. Нафақат билишмайди, балки бундай тил борлигидан хабарлари ҳам бўлмаса керак. 

“Истеъмол саватча”миз бўладими? 

Иш сўраб келган эллик ёшлар атрофидаги кишининг ҳужжатларини кўздан кечирар эканман, у айни пайтда нуфузли бир давлат ташкилотида бош ҳисобчи бўлиб ишлашини билиб, ҳайрон қолдим. 

– Бундан ташқари яна бир жойда ўриндошлик асосида ишлайман. Иккита ташкилотнинг ойлик бухгалтерия ҳисоботини тайёрлаб бераман, - деди у иккиланиб қолганимни сезиб. – Хавотирланманг, улгураман. Ишда муаммо бўлмайди.

Менга тажрибали ҳисобчи керак, бироқ беш жойда ишлайдиган одамнинг ишида сифат бўлармикан?  

– Ака, чарчаб қолмайсизми? Соғлиқниям ўйлаш керак, ҳар ҳолда... 

– Ҳа, ёш ҳам, соғлиқ ҳам кетяпти, – деди у гапимни тугатмасимдан. 

– Фарзандлардан нечта? – сўради кутилмаганда. Айтдим. 

– Менда ҳам тўртта, – деди у ўйчан. – Иккитаси шартнома асосида университетда ўқияпти. Учинчиси учта фандан репетиторга қатнайди. Кенжамиз бошланғич синфда. Тўнғич қизимни фотиҳа қилиб қўйганмиз. Қудалар кўкламга чиқиб тўй қилишмоқчи. Бу ёқда неча йилдан бери чаласи битмаётган уйни эпақага келтиришим, тўйга тайёрланишим керак. 

Ўзимда ҳам шу муаммо. Унга ўхшаб тўртта жойда ишламасам-да, икки ташкилот ўртасида қатнаб юрибман.  

– Солиқни нима қиляпсиз? – сўрадим қизиқиб.  

– Нима қилардим, энг юқори ставкада, яъни 32 фоиз тўлаяпман. 

Хуллас, гап айланиб, солиқ масаласига тақалди. 

– Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида солиқ тизимини тубдан такомиллаштириш масаласи кўзда тутилган. Солиқ қонунчилигида ўзгаришлар бўлишидан умид қилиб турибмиз, – деди у. – Бизда даромад солиғи анча юқори. Масалан, Францияда 500 Еврогача бўлган даромаддан солиқ ушланмайди. Ундан ошган қисмдан 5 фоиздан бошлаб солиқ олинади. Россия ва Беларусда 13 фоиз (12 фоиз даромад солиғи, 1 фоиз пенсияфондига) солиқ ундирилади. Хитойда ҳам солиқ 5 фоиздан бошланади. Болгарияда 10 фоиз. Қозоғистонда ҳам 10 фоиздан 20 фоизгача даромад солиғи олинади. Бизда амалдаги солиқ тизими жорий қилинганига кўп йил бўляпти. Европа шаблони асосида ташкил этилган бизнинг солиқ тизимимиз. Аслида эса, миллий менталитет, қадимий анъаналар, халқнинг турмуш даражаси инобатга олиниши керак эди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатномасида амалдаги молия тизимини қаттиқ танқид қилди. Халқимизнинг ўртача даромадини кўтариш, “истеъмол саватчаси” ҳақида гапирди, эшитгандирсиз?

“Ёшлар” телерадиоканалининг шу йил 28 январь куни эфирга узатилган “Давр ҳафта ичида” кўрсатувида “Истеъмол саватчаси” хусусида сўз юритилди. Мутахассис сифатида таклиф этилган “Солиқ ва божхона хабарлари” газетаси бош муҳаррирининг, юртдошларимизнинг фикрлари берилди. Масалага бир оз юзакироқ ёндашилган бўлса-да, бу мавзунинг айнан телевидениеда кўтарилганидан хурсанд бўлдим.

Бизнинг ҳам ҳаётий эҳтиёжларимизни қоплашга етадиган “Истеъмол саватчамиз” бўлиши лозим. 

Нафсни тийишни ўрганишимиз керакми? 

Албатта, бу саволга кўпчилик “Бўлмасам-чи, баднафслик инсонни ҳалокатга бошлайди”, деб жавоб бериши тайин. Вилоят ҳокимларидан бири ҳам ОАВга берган интервьюсида шунга яқин гап гапирган. “Дадаси, бугун пайшанба, ош дамлаш керак эди, гўшт йўқ”, дейди. Нима дейиш керак шунда?! Тухум борми? Бўлса, иккитасини босиб тураверинг, эртага гўшт бўлади. Оилани ҳам шунга кўниктириш, тийиб туриш керак. Нафсни тийиш деган нарсани оилада ҳам ўргатиш керак”, дейди у.

Эҳтимол ҳоким ўз оиласи ҳақида гапиргандир, бироқ ҳар пайшанба уёқда турсин, ойда бир марта гўшт емайдиган, қора қозонини амаллаб қайнатиб, нон-чой билан кун кечираётган кишиларни нафсини тиёлмасликда, ҳоким айтганидек,“ўртоғига ўхшаб яхши костюм, яхши оёқ кийими кийишни истагани” учун эмас, зарурлигидан, агар ўша оёқ кийимни олиб бермаса, ўғли мактабга боролмай қолишини ўйлаб, қўшнисидан қарз сўраган отани “оиладаги вазият, тарбия”ни бой берганликда, етишмовчилик сабаб хорижга ишлагани кетиб, турли қийинчиликларни бошидан кечираётганларни ношукурликда айбласак, тўғри бўлармикан? 

Биринчи Президентимиз “Одамнинг ҳаёти ўзгармас экан, унинг ҳаётга бўлган муносабати ҳам ўзгармайди”, деган эди. Ислом Каримов эзгу ғоялари, унинг раҳбарлигида 25 йил давомида мамлакатимизда бажарилган ишлар замирида улуғ бир мақсад – одамларнинг тафаккурини, дунёқарашини, ҳаётини ўзгартириш мақсади мужассам эди.

Бугун ҳаётга очиқ кўз билан қараяпмиз. Ўз муаммоларимизни, камчиликларимизни таҳлил қиляпмиз. Хатоларимиздан тўғри хулоса чиқаришга интиляпмиз. Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошлаган шиддатли ислоҳотларни амалга оширишда ўз иродамизни намоён этишга, давлатимиз раҳбарига камарбаста бўлишга ҳаракат қиляпмиз.

Президентимиз таъкидлаганидек, биз яхши яшашга ҳақлимиз. Яхши яшашга интилиш эса ношукурлик эмас.

 

Воҳид Луқмон

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4625 times

Мақолалар

Top