Мақолалар

Турк олими: Нуҳ алайҳиссалом ўғлига мобиль телефондан қўнғироқ қилган. Мен буни исботлайман

Нуҳ алайҳиссалом ўз ўғлига мобиль телефон орқали қўнғироқ қилган ва қушлар ўрнига учувчисиз учиш воситаларидан фойдаланган деган турк олими Ёвуз Ўрнак бу сафар ана шу мавзуга оид етарли далил-исботлари борлигини маълум қилди.

6 январь куни TRT 1 давлат телеканалининг шоу дастури чоғида Истамбул университети денгиз фанлари кафедраси ўқитувчиси, доктор Ёвуз Ўрнак Нуҳ алайҳиссалом бутун дунёни сув босишидан илгарироқ ўз ўғлига мобиль телефон орқали қўнғироқ қилгани тўғрисидаги ҳикоя Қуръони каримда ҳам, Эски Аҳдда ҳам қайд этилганини айтди.

Ўрнакнинг фикрича, тўфон бошланишидан олдин дунё давлатларида юқори технологиялар мавжуд бўлган ва улар сув остида қолиб унут бўлиб кетган.

Олимнинг айтишича, университет раҳбарияти ундан ақлга сиғмас бу фаразни тарқатишни бас қилишни илтимос қилган.

“Университет раҳбарияти мендан ҳозирча бу ҳақда шовқин солмай туришни илтимос қилиб, ҳаммаси тинчиб кетса, ундан кейин буни исботлашим мумкинлигини айтишди”,  дейди олим.

Унинг сўзларига кўра, у ўз назариясини тушунтириб бериши учун телешоуга ажратилган вақт камлик қилади.

“Улар мени ғазаблантирдилар. Мен ҳаммасини тўғри тушунтирдим. Тўсатдан “уяли телефон” ҳақида гапираётганимда ҳамма менга қарши чиқди. Агар улар менга имконият берганида, уларга ўз фаразимнинг тўғри эканини исботлаб берардим. Телетомошабинлар эса менинг гапларимни қўллаб-қувватлашди. Мен ҳақиқатни айтдим ва анчагина қўллаб-қувватлашга сазовор бўлдим. Менга ҳаттоки китобимни инглиз тилига таржима қилишни таклиф қилишди”, дея таъкидлади Ўрнак.

Мусулмонлар Нуҳ пайғамбар Аллоҳнинг амри билан баҳайбат кема қургани, дунёда бор ҳайвонлардан бир жуфтдан кемасига олгани, бутун дунёни сув босиб фақат пайғамбар кемасида бўлганлар тирик қолганига имон келтирадилар. Ўша замонда яшаган кишилар ичида бой, зодагонлар кўп бўлса-да, Аллоҳ таоло Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлади. Нуҳ алайҳиссалом карамли, солиҳ, ақлли, ҳалим, тўғрисўз, амин ва меҳрибон одам эди. Аллоҳ таоло у зотга ваҳий юбориб, қавмини динга чақиришга буюрди. Нуҳ алайҳиссалом қавмини иймонга чорлади, санамларни тарк этиб, Аллоҳга ибодат қилишга даъват эта бошлади.

Нуҳ алайҳиссалом «анбиёларнинг шайхи» деб ҳам аталади. Чунки у зот бешта улул азм пайғамбарнинг биридир. Илоҳиётчиларнинг тахминича, Нуҳ алайҳиссалом кемасининг ичи ташқарисига қараганда анча катта бўлган. Бу эса унинг кемага кўпроқ жониворни жойлаштиришига имкон берган. Бунга ишониш-ишонмаслик – ўқувчининг ўзининг иши. Аммо шуни таъкидлаш жоизки, Тавротга кўра, бунга ўхшаш “макон ғаройиботи” фақат яна бир ноёб қадимий иншоат – Сулаймон алайҳиссаломга атаб қурилган Қуддуснинг дастлабки қасрида кузатилган.

Уфологлар фикрини тинглайдиган бўлсак, Нуҳ алайҳиссалом кемаси аслида кўп босқичли ракета бўлган, замонавий одамнинг қадим аждоди эса фазода жон сақлаб, глобал фалокатнинг ўтиб кетишини кутиб турган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 6335 times

Мақолалар

Top