Мақолалар

Аҳли раъй ва аҳли ҳадис ўртасидаги мунозаралар

Мовароуннаҳрда илк ақида ва фиқҳ мактабларининг шаклланиши жараёнида ўзга хос ихтилофлар бўлган. Бунда асосан муайян даврдаги мавжуд эътиқодий, каломга оид қарашлар асосий ўринни эгаллаган. Шуниси эътиборга лойиқки, калом китобларида тортишилган ва қарашлари танқид этилган бундай гуруҳларнинг деярли барчаси аслида Мовароуннаҳрда бўлмаган. Шунга қарамасдан, маҳаллий уламолар томонидан бундай гуруҳлар танқид остига олинган ва халқни булардан эҳтиёт бўлишга чақирган. Аммо аҳли раъй ва аҳли ҳадис гуруҳлари ҳақиқатан Мовароуннаҳрда бўлган ва тарафдорлари ўртасида турли мунозарали ҳолатлар юзага келган. Бу ихтилоф уларнинг маиший ҳаётларига ҳам ўз таъсирини ўтказган.

Масалан, Самарқандда аҳли раъйдан бўлган Абу Бакр ал-Жузжоний қизини аҳли ҳадис бўлган кишига беришдан бош тортган[1]. Бухорода Абу Ҳафс ас-Сағир даврида аҳли ҳадис ва аҳли раъй ўртасида низолар кучайган. У аҳли ҳадисларга раддия сифатида “Ар-радд ало аҳл ал-ҳаво” деган китоб ёзган. Бунда у аҳли ҳадисларнинг Абу Ҳанифа ҳақидаги қарашларини рад этиб, Абу Ҳанифанинг илмий даражаси юқорилигини кўрсатиб беришга ҳаракат қилган. Шу сабабли ушбу китоб “Зикр маноқиб Абу Ҳанифа” деб ҳам аталади. Абу Ҳафс ас-Сағир даврида Абу Ҳанифа ва Шофеъийнинг устунлиги борасида турли қарашлар бўлган. Абу Ҳафс ас-Сағир устозларининг сонини кўрсатиш билан устунликни аниқлашни таклиф қилади. Санаб кўришса, Шофеъийнинг устозлари 80 та, Абу Ҳанифанинг устозлари 4000 та бўлиб чиқади. Абу Ҳафс ас-Сағир шунда “бу устунликни билдирадиган энг очиқ мисолдир” деб айтади[2].

Диққатга сазовор жойи шуки, Абу Ҳафс ас-Сағир ушбу асари Мовароуннаҳрда Абу Ҳанифанинг манқибаларни ёзишга туртки бўлади. Кейинчалик Абдуллоҳ ал-Устоз ал-Ҳорисий ас-Субазмуний (ваф. 951 й.) «Кашф ал-осор фи маноқиб Абу Ҳанифа» деган асар ёзган. Бу асар мазкур соҳадаги илк манбалардан бўлгани учун бобларга ажратилмаган. Унда Абу Ҳанифа ҳақидаги фикрлар холислик билан ёритилгани, бошқа маноқиблар каби ҳаддан ошириб бўрттириб кўрсатилмагани учун кейинги олимлар томонидан танқидга учрамаган.

Ундан сўнг кўзга кўринган асарлардан Абу-л-Муайяд ал-Хоразмийнинг «Маноқиб Абу Ҳанифа» асарини кўрсатиш мумкин. Шу билан бирга унинг «Маноқиб Абу Ҳанифа» ва Абу-л-Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Муҳаммад ал-Хоразмийнинг (ваф. 1266 й.) «ал-Жомиъ ал-масонид» («Муснадлар мажмуи») китобларида Абу Ҳанифанинг буюклигини кўрсатувчи мавзуъ (тўқима) ҳадислар учрайди[3]. Жумладан, «Абу Ҳанифа умматимнинг чироғи…», «…умматимнинг олими»[4], «Умматимдан бир киши бўлади, унинг исми Нўъмон ибн Собит, куняси Абу Ҳанифа, у Аллоҳнинг динини ва суннатимни тирилтиради»[5] ва шу каби мазмундаги бошқа ҳадислар ислом оламида тан олинган тўққизта саҳиҳ тўпламларда учрамайди.

Буларнинг барчаси Абу Ҳанифанинг мақомини юқори кўтариб, аҳли ҳадислардан ҳимоя қилиш бўлган.

Бухорода ҳадис билан боғлиқ низолар кучайган вақтда Бухоро олимларининг раиси Абу Ҳафс ас-Сағир аҳли ҳадисларнинг кўзга кўринган вакили Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорийни чақириб, бир масала бўйича мунозара қилади. Шундан сўнг у Бухорода танқидга учраб, шаҳардан чиқариб юборилади[6].

Аҳли ҳадис бўлган Муҳаммад ал-Бухорий ўзининг “Ат-тарих ал-кабир” асарида Абу Ҳанифанинг муржиий бўлганини ҳамда раъйи ва ривоят қилгани ҳадисларининг тарк этилишини таъкидлаган[7] ва “Ат-тарих ас-сағир” китобида Абу Ҳанифани танқид этадиган хабарларни келтирган[8].

Ҳатто имом Бухорийнинг “Саҳиҳ” китобида Абу Ҳанифанинг қарашлари ҳақида 122 жойда “баъзи инсонлар айтдиларки” шаклида баҳс юритиши аҳли ҳадис ва аҳли раъй ўртасидаги низоларнинг кенглигини кўрсатади[9].

Аҳли ҳадислар қуйидаги таклифлар билан чиқишган:

– шаръий масалаларнинг барчаси нассга боғланиши керак;

– Пайғамбар соллалоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган барча ривоятлар қатъий текширилиши (жарҳ ва таъдил) лозим;

– агар бундай текширувдан ўтмаса ёки муҳаддисларнинг тўпламида бўлмаса уларни диний аҳамиятга эга эмас деб эълон қилиш керак;

– бу тартибда иш юритмайдиганлар шахсий истаклари бўйича иш кўраётганлар (аҳли ҳаво) деб баҳоланиши лозим.

Шу билан бирга Мовароуннаҳрда Ироққа асосланувчи аҳли раъй вакилларини қуйидагиларда айблашган:

– ақлга кўп суянишда. Шу сабабли уларни аҳли раъй деб аташган;

– эътиқодий қарашлари жиҳатидан муржиийликда;

– диний маросимларга оид тартиб-қоидалари[10].

Аҳли ҳадисларнинг асосий қисмини араб миллатига мансуб бўлган кишилар ташкил қилар эди. Жумладан, Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн ал-Ҳусайн ал-Бадиний ал-Бухорий (в. 167/783 й.), Абу Исҳоқ Иброҳим ибн ал-Ашъас ал-Бухорий (II/VIII аср), Абу Муҳаммад Будайл ибн Нахшал ал-Бухорий (в. 205/820 й.), Абу Ҳузайфа Исҳоқ ибн Бишр ал-Бухорий (в. 206/821 й.), Исҳоқ ибн Ҳамза ал-Аздий ал-Бухорий, Баён ибн Амр ал-Бухорий (в. 222/837 й.), Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ал-Жуъфий ал-Маснадий (в. 229/844 й.), Абдуллоҳ ибн Сурайж аш-Шайбонийларни (III/IХ аср)[11] кўрсатиш мумкин. Мавлолардан Исо ибн Мусо ал-Ғунжор ат-Таймий (в. 186/802 й.), Муҳаммад ибн Саллом ал-Пайкандийлар (в. 225/839 й.) ҳам аҳли ҳадис бўлганлар. Аҳли ҳадислар асосан тижортчилар бўлган. Бу уларнинг турли шаҳарга бориб ҳадис тўлашларига имкон берар эди. Фақиҳлардан иборат бўлган аҳли раъй эса асосан муайян шаҳарда муқим бўлган.

Аҳли ҳадислар билан низо ҳанафийларни аҳли ҳадиснинг муайян унсурларини қабул қилишга ундаган. Масалан, илм олиш бўйича иснодлар пайдо бўлади, дарслар имло шаклида ўтилади ва имло қилинган китоблар юзага келади[12]. Шу билан бирга, ҳанафий мазҳабининг мазҳаб асосчиларидан келган масалаларини ишончли кишилардан нақл қилинганлар (зоҳир ар-ривоя) ва бу даражада бўлмаган кишилар нақл қилган қарашлар ёки китоблар (нодир ар-ривоя) шаклида таснифлаш юзага келади. Абу Ҳафс ас-Сағирнинг “Ар-радд ало аҳл ал-ҳаво” ва Абдуллоҳ ас-Субазмунийнинг “Кашф ал-осор фи маноқиб Аби Ҳанифа”, Муваффиқ ал-Хоразмийнинг “Маноқиб Аби Ҳанифа” асарлари ушбу анъана асосида ёзилган.

Ҳанафийлар муҳаддисларни фақиҳлар учун “манба” топиб берадиган кишилар сифатида баҳолашган. Абу-л-Ҳасан ар-Рустағфанийга шундай савол берилган экан: “Асҳоби раъй ва асҳоби ҳадисдан қайсиси яхшироқ?” Шунда у шундай жавоб берган экан: “Асҳоби раъй вазирларга ўхшайди, асҳоби ҳадис эса маълумот етказувчиларга (асҳоб ал-барид) ўхшайди. Асҳоб ал-барид хабарларни даражасига қараб кўтаришса, вазирлар уларни ўз жойларига қўйишади. Асҳоб ал-барид ҳатто уларнинг қаерга қўйилганлигини ҳам билмайди. Худди шунингдек, асҳоб ал-ҳадис дунё бўйлаб юриб, ҳадис тўплайди ва уларни бизларга тақдим қилади. Бизлар ушбу маълумотларни кўриб, фикр ва мулоҳаза қилиб, улардан ҳукм чиқарамиз ва уларни ўз жойларига қўямиз. Улар эса бу ҳақида билишмайди ҳам[13].

А.Мўминов ушбу икки гуруҳнинг ўзаро низоларида яна бир жиҳатга урғу беради: муҳаддислар ўзига тўқ кишилар, фақиҳлар эса ўрта ва кам таъминланган табақадан бўлган[14]. Буни аҳли ҳадиснинг “Ким аҳли ҳадисдан бўлганларнинг камбағал бўлиши кам учрайди” деган гапига жавобан ар-Рустағфаний камбағалларни ҳимоя қиладиган оятларни келтирган экан[15].

Муқаддасий аҳли ҳадиснинг бир неча гуруҳини санаб ўтади. Улар: авзоия, раҳувайҳия ва мунзирия бўлиб, саврияни юқолиб кетган гуруҳлар қаторига киритади[16]. Бу эса тадқиқотчиларни аҳли ҳадиснинг ўз мазҳабларини яратишга интилишган деган фикрга олиб келган. Уларнинг гуруҳлари секин йўқолиб кетганлиги учун улар кейинчалик ҳанафийларга сингишиб кетган. Муқаддасий ҳатто аҳли ҳадисни шофеъийлардан фарқли эканлигини кўрсатиб, улар қисман ҳанафийларга, қисман шофеъийларга, қисман шиа ва қарматийларга яқинроқ бўлган дейди[17]. Бу эса аҳли ҳадис деганда кўпроқ муҳиддислар, аҳли раъй деганда кўпроқ ё фақиҳлар ёки ҳанафийлар кўзда тутилган деган фикрга олиб келади.

Х.Халм эса Шарқда аҳли ҳадис деганда фақат шофеъийлар назарда тутилган дейди[18]. Аммо манбалар шофеъийларнинг Мовароуннаҳрда кам бўлганини кўрсатади[19]. Буни Абу Бакр ал-Форисий аш-Шофеъийнинг “Абу Ҳанифанинг юртида меҳмонмиз” деган гапи ҳам тасдиқлайди[20].

Аҳли раъй ва аҳли ҳадис таснифига фиқҳий моҳиятга эга деган ёндашув билан Мовароуннаҳрдаги тортишувларни кузатадиган бўлсак, бу соҳада кўплаб китоблар ёзилганини кўриш мумкин. Бу туркумдаги китобларни А.Мўминов “мухталиф ар-ривоя” жанридаги китоблар деб таснифлайди[21]. Бу жанрда Мовароуннаҳрда ёзилган манбаларни А.Мўминов 15 та деб кўрсатса ҳам уларнинг барчасини ушбу жанрга киритиш тўғри эмас. Чунки Али ас- Суғдийнинг “Ан-нутаф фи ал-фатово” ва Абу-л-Лайс ас-Самарқандийнинг “Уйун ал-масоил” асарлари фатово жанрида ёзилган. Аслида олим уларни турли ихтилофларни ёритиб бергани учун киритган бўлса-да, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” ва бошқа китобларни бу туркумга киритиш лозим бўлади.

Алишер ЗИЁЕВ,   
Олмазор туманидаги “Абу Бакр Қаффоли Шоший”

 жоме масжиди муаззини

ЎМИ Матбуот хизмати

 

[1] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). Диссертация на соискание степени доктора истрических наук. –Ташкент. 2003. С. 143.[2] Абу ал-Муайяд ал-Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий. Маноқиб Аби Ҳанифа. Т. 1. Б. 38[3] Қаранг: Жузжоний А. Ш. Ислом ҳуқуқшунослиги. Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. – Т.: Тошкент ислом университети, 2002. – Б. 124.[4] Абу ал-Муайяд ал-Хоразмий. Ал-Жомиъ ал-масонид. Т. 1. –Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1980. Б. 14.[5] Абу ал-Муайяд ал-Муваффақ ибн Аҳмад ал-Маккий. Маноқиб Аби Ҳанифа. Б. 18.[6] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 143.[7] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ат-Тарих ал-кабир. –Байрут: Дор ал-фикр. Нашр йили кўрсатилмаган. Т.8. Б. 81.[8] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Ат-Тарих ал-сағир. –Қоҳира: Мактабат дор ат-турос, 1977. Т.2. Б. 43, 100.[9] Sonmez Kutlu. Turklerin islamlasma surecinde murcie ve tesirleri. –Ankara: TDV, 2000. S. 259-260.[10] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 144-145; Муҳаммад ибн Иброҳим ибн Ануш ал-Ҳасирий ал-Бухорий. Ал-Ҳовий фи ал-фатово. Сулайманийа, Hekimoğlu Ali Paşa 402. В. 257б[11] Kurt H. Orta Asya’nın Islâmlaşma Sűreсi (Buhârâ őrneği). –Ankara: Feсr Yayınları, 1998. S. 290-297.[12] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 210.[13] Аҳмад ибн Муса ал-Кашший. Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил. Сулайманийа, Yeni Сami 547. В. 315а[14] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 215.[15] Аҳмад ибн Муса ал-Кашший. Мажмуъ ал-ҳаводис ва ан-навозил. Сулайманийа, Yeni Сami 547. В. 315а[16] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Муқаддасий. Китоб Аҳсан ат-тақосим. Б. 37[17] Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Муқаддасий. Китоб Аҳсан ат-тақосим. Б. 40[18] Halm, Heinz. Die Ausbreitung der šāfiitisсhen Reсhtssсhule von den Anfängen bis zum 8./14. Jahrhundert. Wiesbaden, 1974. Р. 109[19] Madelung W. The Spread of Māturīdism and the Turks // Aсtas IV Сongresso de Estudos Аrabes e Islāmiсos. Сoimbra-Lisboa 1 a 8 de Setembro de 1968. Leiden: E.J.Brill. 1971. Р. 124[20] Муҳаммад ибн Ибрахим ибн Ануш ал-Ҳасири ал-Бухари. ал-Ҳави фи-л-фатава. Сулайманийа, Hekimoğlu Ali Paşa 402. В. 273б[21] Муминов А. Роль и место ханафитских улама в жизни городов Центрального Мавараннахра (II-VII/VIII-XIII вв.). С. 87.

 

Read 9236 times

Мақолалар

Top