Мақолалар

Сабрда ажр бор

“Ҳидоят” журналининг ўтган йилги еттинчи сонида  “Бир дуо шарҳи” сарлавҳали мақолам эълон қилинган эди. Унда ҳазрат Довуд алайҳиссаломнинг ноқобил фарзанддан, қарилик келмасдан олдин қаритадиган ёмон хотиндан паноҳ сўраб қилган дуо-ю илтожолари келтирилган эди. Орадан кўп ўтмай бир хат олдим.

Хатда жумладан: “...Домла, дуодаги ҳолат айнан менинг ҳолатим экан. Ҳар куни оиламда жанжал... Уйимда ўзимни бегонадек ҳис қиляпман. Шу ғалвалардан қутулиш учун бир ёқларга бош олиб кетсам дейман...” дейилибди.

Мен унга: “Сабр қилиб, ҳақларига дуода бўлинг, муроса чораси топилади. Болаларингизни ўйланг, ўғил уйлаб, қиз чиқариш вақтида хотиндан ажралиш фарзандлар бахтига зомин бўлишдир. Аллоҳдан тавфиқ сўранг, ажабмас диллари юмшаб, феъллари ўзгарса...” дея жавоб йўлладим.

Хатдан оиладаги можаролар фарзандлар тарбиясига ҳам, ўзининг руҳиятига ҳам салбий таъсир қилгани, оқибатда файз-барака кўтарилиб, болалар ота-онасига меҳрсиз бўлиб ўсаётгани билинар эди. Шу баҳона кўнглимда яна бир мақола қилиш нияти туғилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмон хулқи сабабли бир-бирига озор берувчи эр-хотинлар тўғрисида бундай башорат берганлар:

Қайси эр ўз аёлининг ёмон феълига чидаб, сабр-қаноат билан яшаса, унга Айюб пайғамбарга (алайҳиссалом) берилган ажру савоб миқдорида мукофот берилади. Қайси бир хотин ўз эрининг ёмон хулқига чидаб, сабр-бардош билан яшаса, Фиръавннинг хотини Осиё онамизга берилган миқдорда ажр берилади”.

Кези келганида ҳазрат Айюб алайҳиссалом ҳақида қисқача изоҳ бериб ўтсам:

Ҳазрат Айюб алайҳиссалом бошига қанча мусибатлар тушиб, бало-қазолар ёғилди. Оилалари, яқинлари, мол-дунёларидан айрилдилар. Қавмлари у зотдан юз ўгириб, бутун баданларига яра-чақа тошди, ёлғиз хотини билан яккаланиб қолдилар. Аммо тиллари Аллоҳ таоло зикри ва шукри билан машғул бўлиб, сабр-қаноат билан дуо қилдилар: «...“(Эй Раббим!) Менга мусибат етди. Ўзинг раҳмлиларнинг раҳмлироғидирсан”, деб илтижо қилган пайтини (эсланг)» (Анбиё, 83).

Ислом шариати оилани мустаҳкам сақлашни, муқаддас никоҳни ҳар қандай вазиятда асраб-авайлашни юқори даражага қўяди. Эр-хотиннинг феъл-атворидаги хато-камчиликлар ажрашишларга сабаб бўлмаслигини уқтиради.

Беҳуда гап-сўзларга ишониб, арзимаган нарсалардан муаммо чиқариб хотин қўядиган эрлар, можарони авж олдириб эрларининг ғазабини қўзғатиб, талоқ сўзини айтишга мажбур қиладиган қайсар хотинлар билсинлар: бу сўздан Аллоҳнинг Арши ларзага келади! Афсус, ғазабланганларида ақллари кетиб, ўзларининг бева қолиб, бегуноҳ болаларини ҳам тирик етим қилишларини ўйламайдилар.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«...Улар билан тотув турмуш кечиринглар. Агар уларни ёмон кўрсаларинг, (билиб қўйинглар,) балки сизлар ёмон кўрган нарсада Аллоҳ (сизлар учун) кўпгина яхшилик пайдо қилиши мумкин» (Нисо, 19).

Конституциямизнинг 14-боб, 63-моддасида: “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”, деб белгиланган.

Оилада тарбиявий муҳит оқилона йўлга қўйилсагина мамлакат ривожига таъсир қилади. Шу боис ҳам нотинч оилаларга алоҳида эътибор қаратишга ҳар биримиз масъулмиз. Ҳукуматимиз ҳар бир оилага, оналар ва болалар саломатлигига катта эътибор қаратаётганининг боиси ҳам шунда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қошидаги “Оналик ва болаликни асраш” халқаро жамияти 160 та давлат иштирокида ўтказган тадқиқот ва таҳлиллар натижасига кўра бу борада юртимиз дунё­да 9-ўринни эгаллагани барчамизни қувонтириб, оилаларни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизни янада фаоллаштиришга ундайди.

Иззатуллоҳ ТУРҒУНОВ,

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4606 times

Мақолалар

Top