Мақолалар

Одобнинг боши

Динимиз инсонни одобли, ахлоқли, тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Салом бериш – одобнинг боши, инсоннинг кўркидир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Қачон уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз (яъни “Ассалому алайкум” денг!)” (Нур сураси, 61-оят). “Салом” сўзининг маъноларидан бири тинчлик бўлиб, салом берган киши тинчлик-хотиржамлик тилаган бўлади. Саломлашишда ҳикмат кўп. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Токи имон келтириб мўмин бўлмагунингизча ҳаргиз жаннатга кирмайсиз. Бир-бирингизга нисбатан меҳру муҳаббат ҳосил қилмагунингизча мўмин бўла олмайсиз. Мен сизларга бир амални ўргатаман, агар уни қилсангиз бир-бирингизга нисбатан меҳр-оқибат пайдо бўлади: ўзаро ўртангизда саломни ошкора қилинг!”

Ҳар бир нарсанинг одоби бўлгани каби салом беришнинг ҳам ўзига яраша одоблари мавжуд. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Қачон сизларга бирор саломлашиш (ибораси) билан салом берилса, сизлар ундан чиройлироқ қилиб алик олингиз ёки ўша (ибора)ни қайтарингиз”, деб буюради (Нисо сураси, 86-оят).

Cалом берувчи “Ассалому алайкум” деса, “Ва алайкум ассалом» ёки «Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ”, деб алик олинади. Пиёдага уловдаги одам, кўпчиликка озчилик, ўтирган ёки ўрнида турганга юрган кишилар салом беради. Лекин кичикдан олдин катта ёшдаги одам камтарлик учун салом берса, бу фазилатдир. Салом бериш суннат, алик олиш эса вожиб амалдир.

Болаликдан бу яхши одатга ўрганиб борилмаса, киши жамиятда инсонлар билан муносабатга киришиб кетишда муаммоларга дуч келиши мумкин. Ваҳоланки, муомала маданиятининг бошланиши саломлашиш одобидир. Салом калималарини тўғри ва тўлиқ талаффуз қилмаслик саломнинг маъносини бузилишига сабаб бўлади. Саломлашиш инсонлар ўртасида ўзаро меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди.

Ботир НОСИРОВ,

Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати 

Read 8108 times

Мақолалар

Top