Мақолалар

Ибодат қилишда кибр қилган жаҳаннамга кирур...

Дуо қилиш одоблари тўғрисида биласизми? 

Қуръони каримда “Парвардигорингиз: “Менга дуо қилингиз, Мен сизлар учун (дуоларингизни) ижобат қилай!” – деди. Албатта, Менга ибодат қилишда кибр қилган кимсалар яқинда тубан ҳолатда жаҳаннамга кирурлар” (Ғофир, 60) дейилган. 

Жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қиладилар: “Бирор мусулмон Аллоҳга дуо қилса, Ундан маъсиятни ва қариндошлик алоқасини узишни (сўрамаса), Аллоҳ унга уч нарсадан бирини беради. Ё дуоси тезда ижобат бўлади, ёки охиратга захира қилиб (сақлаб) қўяди. Ёхуд дуоси баробарида ундан ёмонликни кетказади”. Саҳобалар: “Ундай бўлса (дуони) кўпайтирамиз”, дейишди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ (мукофотини) ҳам кўпайтиради”, дедилар (Имом Термизий ривояти). 

Дуонинг одоблари ушбулардир: 

  • Ихлос. 
  • Дуони бошлашда ва охирида Аллоҳга ҳамду сано айтиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га салавот айтиш. 
  • Қабул бўлишига аниқ ишонч билан дуо қилиш. 
  • Дуода давомли бўлиш, умидсизликка тушмаслик. 
  • Қалбдан дуо қилиш. 
  • Тангликда ҳам, фаровонликда ҳам дуони тарк қилмаслик. 
  • Аллоҳнинг Ўзидангина ёрдам сўраш. 
  • Жуфти ҳалоли, моли, фарзанди ёки ўзини ёмон дуо қилмаслик. 
  • Илтижоли паст овозда ҳокисорлик ила сўраш. 
  • Дуодан олдин гуноҳларини тан олиб, истиғфор айтиш. Неъматларни эътироф этиб, унинг учун Аллоҳга шукр қилиш. 
  • Дуода қофияли сўзлар ишлатмаслик. 
  • Рағбат билан ва қўрқув билан сўраш. 
  • (Бировнинг) ҳақини олган бўлса, эгасига қайтариб, тавба қилиш. 
  • Сўраганларини уч бор такрорлаш. 
  • Қиблага юзланиб сўраш. 
  • Кафтини очиб, қўлини кўкрак баробарида кўтариб, дуо қилиш. 
  • Имкон қадар таҳоратли бўлиш. 
  • Дуода бақир-чақир қилиб, ҳаддидан ошмаслик. 
  • Ўзидан бошлаш. 
  • Таоми, ичимлиги, кийими ҳалолдан бўлсин. 
  • Гуноҳ қилишни сўраб ёки қариндошлик риштасини узишни сўраб дуо қилмаслик. 
  • Яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ҳам дуо ижобат бўлишига сабабдир. 
  • Гуноҳлардан тийилиш. 

Ҳадиси шарифда: “Дуо ибодатнинг илигидир”, дейилган. Демак, биз дуо қилиш орқали савобга эришамиз ва гуноҳларимиз мағфират қилинади. 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4148 times

Мақолалар

Top