Мақолалар

Изн сўраш одоби

Ушбу одоб борасида фарзанд ўз аҳлидан изн сўрашни одат қилиши ва қайси вақтда фарзанд изнсиз ичкари кирмаслиги баён этилган. Иккинчи китобда бу ҳақда қисқа тўхталиб, асосан фарзанд бошқалар хонадонига борганида изн сўраш одобига урғу берилган эди. Бу ерда эса фарзанд эсини таний бошлагач, ота-она ҳузурига, опа-сингиллар хонасига ҳам изн сўраб кириши ҳақидаги зарур жиҳатларга эътибор қаратилди.

Қуръони каримда бу ҳақда очиқ ва равшан баён қилинган: “Эй имон келтирганлар! Қўл остингиздаги (қул ва чўри)ларингиз ҳамда балоғатга етмаган (фарзанд)ларингиз уч марта (ҳузурингизга киришда) сизлардан изн сўрасинлар – бомдод намозидан илгари, пешин вақтида (иссиқдан) кийимларингизни ташлаган пайтингизда ва хуфтон намозидан кейин. (Бу) уч (вақт) сизларнинг авратларингиз (очиқ бўлиши мумкин бўлган вақтлар)дир. Улар ўша (вақтлар)дан сўнг (изн сўрамай кирсалар) сизларга ҳам, уларга ҳам гуноҳ йўқдир. (Чунки) улар сизларга, бирингиз-бирингизга келиб-кетиб турувчидирсиз. Аллоҳ оятларини сизларга мана шундай баён қилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир” (Нур, 58).

Ушбу оят моҳиятига эътибор берсак, ота-она болалари балоғатга етмасдан уларга ўз аҳлидан изн сўрашни ўргатиши лозим ва бунга қатъий амал қилиш зарур экани англанади. Аллоҳ таоло бундай изн сўраш уч вақтда бўлишини баён қилди:

Биринчи,бомдод намозидан олдин. Чунки кишилар бу вақтда ўз ўрнида ётган бўлади.

Иккинчи, туш пайти. Чунки бу пайтда ҳам кўпчилик кишилар либосини елкасига ташлаган ҳолда ором олади.

Учинчи,хуфтон намозидан сўнг. Бу вақт табиий, ором олиш ва ухлаш вақтидир.

Аллоҳнинг каломида бу уч вақтда изн сўраш алоҳида таъкидланиб, фарзанд тарбиясидаги одобнинг муҳим асосларидан экани баён этилди. Фарзанд балоғатга етмаган бўлсада, оиласидагиларни бундай ҳолда кўриши жоиз эмас. Агар бунга эътиборсиз қаралса, биринчидан, фарзанд рухсат сўраш одобини ўрганмайди. Иккинчидан, гўдакнинг кўзи ножоиз ҳолатга тушавериб, бу кўринишлар оддий ҳолга айланади. Оқибатда, боланинг беғубор қалби шикасталаниб, беҳаё ва шармсиз ишларни андишасиз қилиш йўлига ўтиши мумкин. Шу боис фарзандларнинг бундай тарбиядаги тушунчалари тўғри бўлиши учун, бу йўлдаги илк босқич – изн сўраш одобини мукаммал сингдириш зарур.

Аммо фарзанд балоғат ёшига етгач, ота-она фарзандларга бу уч вақтдан ташқари вақтларда ҳам изн сўраш одобини ўргатиши лозим. Чунки Аллоҳ таоло бундай буюради: “Қачонки гўдакларингиз балоғатга етса, бас, улар ҳам худди ўзларидан олдинги (балоғатга етган)лар каби изн сўрасинлар!...”(Нур, 59).

Тарбиянинг қонун-қоидаларини яхши англаган оқил киши Қуръони карим оятларида фарзанд тарбиясига катта аҳамият берилганини тушунади. Бундай киши фарзандининг ақли ривожланиши билан унга ҳаё, одоб, исломий одобларни ўргатади. Албатта, бундай фарзанд ҳаёни ўзига касб қилиб, аҳлоқий тарбия борасида ҳам баркамол бўлади.

Баъзи фарзандлар тўсатдан, изн сўрамасдан ота-онаси ўтирган уйга кириб, уларни ноқулай аҳволга солади. Бу манзара унинг зеҳни ва хотирасига салбий таъсир қилади. Баъзида айримлар ўзлари истаб-истамай, кўчага чиқиб, ўртоқларига бу ҳақда сўзлайди. Оқибатда, фарзандни ўзи кўрган манзара ва ўртоқларининг турли ўринсиз фикрлари чалғитиб, турли ҳиссиётларга мойиллик уйғонишига сабаб бўлади. Натижада фарзанд одоб чегарасидан чиқиб, турли ножўя йўллар излай бошлайди. Шундай экан, ота-она фарзандига муқаддас динимизнинг мунаввар таълимларида баён қилинган мукаммал одобу ахлоқни ўргатиб бориши керак.

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3648 times

Мақолалар

Top