Мақолалар

ГМО бу – бизнес

Давоми...

 “Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир”

 

Биринчи Президентимиз 2014 йил Самарқанд ва Тошкентда ўтказилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида “Генларни модификация қилиш технологиялари, умуман олганда, яхши ниятда юзага келган, яъни ҳосилдорлик ҳажмини оширишга қаратилган. Лекин бундай технологиялар инсон саломатлигига зиён етказмаётгани, ўн ёки йигирма йил ўтгандан кейин салбий оқибатларни келтириб чиқармаслиги аниқ исботланмагунга қадар, мен бу масала билан ҳозир шуғулланаётганларни бу ишларга жуда берилиб кетмасликни тавсия қилган бўлардим. Бунда, ўйлашимча, энг аввало тижорат, ҳатто эгоистик мақсадлар кўпинча устунлик қилади. Менинг шахсий фикрим шуки, бу масала устида ҳар томонлама чуқур ўйлаб кўриш лозим”, деб таъкидлаган эди.

Бинобарин, Европа Иттифоқи, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Россия давлатларига ГМО маҳсулотлар муайян чеклашлар билан киритилади. Бундай эҳтиёткорликнинг сабаби аён: ўз мамлакати аҳолисини шубҳали маҳсулотлардан ҳимоя қилиш.

Боз устига ўтган аср сўнгида “Монсанто” бир бизнес ўйин қилиб ҳиндистонлик пахтакор фермерларни касодга учратди. Қарзга ботиб қолган мингдан зиёд фермер ўз жонига қасд қилди. Шундан сўнг Ҳиндистон давлати ва бу ҳодисага гувоҳ бўлган бошқа мамлакатлар ҳам генетик модификация қилинган маҳсулотлар масаласига янада эҳтиёкорлик билан ёндашадиган бўлди.

Кўп ГМОлар фақат бир марта экишга мўлжалланган. Яъни ундан уруғ олиб бўлмайди. Бу – бизнес ҳийла. Шундай қилинса, ўзлари сотаётган ГМОлар нархини йилдан йилга ошириб боравериш учун шароит юзага келади. Шундай ГМОлар борки, улар кейинги авлодда, албатта, аллергия қўзғайди. Масалан, сунъий генетик мутация картошка ёки соя. Лекин бундан барча ГМОлар аллергия қўзғовчи экан деган хулосага келмаслик керак. Уларнинг бу дардга қаршилари ҳам бор. Ерёнғоқ таркибидаги оқсиллар генетик инженерия ёрдамида камайтирилгани айнан ерёнғоққа аллергияси бор одамда ҳам аллергия қўзғамайди. ГМО ўсимликлар чанглаш воситасида ўз ҳамжинсларининг бошқа навларини йўқотиб юборади. Агар ёнма-ён далага ГМО буғдой ва анъанавий буғдой экилса, анъанавий буғдойни ГМО чанглайди, яъни бунинг ҳосили ҳам ГМО бўлиб қолади, уруғи кесилади. Бундан аёнки, ГМО экинларни бир марта сотиб олган давлат яна сотиб олишга мажбур бўлади. Демак, эртами-кеч ГМО уруғлар етиштирувчи компанияларга қарам бўлиб қолади.

Ўзининг нафси учун бутун инсониятнинг ҳаёти билан ўйнашадиган кимсаларнинг хабари берилган мана бу оятларга диққат қилинг:

“Одамлар ичида дунё ҳаётидаги гапи сени ажаблантирадиганлари бор. У қалбидаги нарсага Аллоҳни гувоҳ ҳам қилади. Ҳолбуки, у ашаддий хусуматчидир.

Ва бурилиб кетганда, ер юзида фасод учун ҳамда экин ва наслни ҳалок қилиш учун ҳаракат этади. Ва ҳолбуки, Аллоҳ фасодни хуш кўрмас.(Бақара сурасининг 24-25 оятлари).

“АҚШ ва Аргетинада мингдан ортиқ далаларда трансген ўсимликлар билан анъанавий ўсимликлар ҳосилдорлиги ўрганилиб, ниҳоятда

жиддий тарзда олиб борилган ҳисоб-китоблардан шу нарса маълум бўлдики, ГМО йўли билан яратилган навлардан олинган умумий ҳосил анъанавий усулда яратилган навларда етиштирилган ҳосилдан олти фоизга кам экан. Шунча катта харажатларни мутлақо қопламас экан. Боз устига уларнинг физиологик жиҳатдан сифат кўрсаткичлари мутлақо нотабиий ва ҳатто соғликка жуда ҳам зарарли ҳисобланади” (Абдуқодир Эргашев. Умр дафтарин бир-бир варақлаб... Тошкент, 94-бет). Ана сизга озиқ-овқат танқислигини ҳал қилишдаги  лофчи ГМО тарафдорларининг ваъдалари. Биринчи Президентимиз уқтирганидек, бу борада ҳовлиқмалик, шошқалоқлик кетмайди. Етти ўлчаб бир кессак сира ҳам  адашмаймиз.

ГМ маҳсулотлари устидан Франция, Германия, Англия, Россияда кўплаб тажрибалар ўтказилган. Синовда бўлган ҳайвонларда руҳий мувозанатни йўқотиш, ўсишдан ортда қолиш, тажовузкорлик, ўпка, жигар, бош мия, ичаклар, буйрак фаолиятининг бузилгани, рак ўсмалари пайдо бўлгани кузатилган. Лекин биокимёвий компаниялар бу тажрибаларнинг бирортасини ҳам тан олаётгани йўқ. Ҳар доим уларнинг тажрибасидан бир камчилик топиб жамоатни чалғитиб юбормоқда. Ҳеч жавоб топа олмаган тақдирда: “Тўғри фойдаланилса зарар қилмайди”, деган важ билан вазиятдан чиқиб олмоқда.

Ҳозирги вақтда Америка Қўшма Штатлари генетик модфикация қилинган маҳсулотларни етиштириш ва истеъмол қилиш бўйича дунёда биринчи ўринда туради. АҚШнинг 80 фоиз озиқ-овқатлари таркибида ГМО бор. Бунинг таъсирида ёппасига семириш касалига чалинган америкаликлар яна биокимёвий компаниялар тузоғига тушиб, улардан семиришга қарши турли-туман дорилар сотиб олаётир. Россияда эса 30-40 фоиз маҳсулот – ГМО. Аммо шугина фоиздаги ГМО ҳам Россияда катта муаммоларни келтириб чиқараётир. Ҳозирги вақтда ушбу мамлакатда беш миллион фарзанд кўра олмаётган, бепушт оила бор.  Агар тадқиқотчиларнинг ГМ маҳсулотлари инсоннинг репродуктив саломатлигига жиддий зарар етказади деган тахмини илмий тасдиғини топса, демографик хатар янада ортади. Шунга қарамай, ГМО фаол кириб бормаган макон йўқ ҳозир. Масалан, кока-кола, фанта, нестле ва шу каби маҳсулотлар дунёнинг барча мамлакатларида харидорбоп ва уларнинг барчасининг таркибида ГМО бор.

Энг қизиғи, айрим кишилар фантазия қилиб, чаённинг гени қўшилган буғдойни еяпмиз экан, эртага биздан ҳам заҳарли ниш ўсиб чиқмасмикан? деган хавотирда. Бир қарашда бунинг ҳеч хавотирли жойи йўқ. Чунки одамнинг қиёфаси еган нарсасига ўхшаб қолаверса, одам нималарга ўхшаб қолмайди, дейсиз. Аммо ташқи қиёфада намоён бўлмаган ўзгаришлар инсоннинг ботинида юз берса-чи, руҳиятида заҳарли ниши бор, ҳар сўзидан чак-чак заҳар томиб турадиган одамлар пайдо бўлса-чи. ГМОнинг энг хатарли жиҳати ана шу эмасмикан!

Ер юзи аҳолиси сони ортиб бораверса озиқ-овқат маҳсулотлари етмай қолади, дегани ўта мантиқсиз даъво эканини мақола бошида айтган эдик. Яна шу гапга қайтамиз. Аҳоли кўпайиб борар экан ризқи ҳам ортаверади. Бунга тарихда ўқиганимиз бир мисол: сайёрамиз аҳолиси бир миллион ёки икки миллион бўлган замонларда одамлар ҳозиргилардан яхши еб-ичганми, башанг кийинганми!..

Одамлар кўпайиб кетса, озиқ-овқат танқислиги кучайиб кетади, дея дунё халқини ваҳимага солиб, унинг ортидан ўзларининг зарарли маҳсулотларини тиқиштираётганлар ва уларнинг алдовларига учиб юрган кимсалар Аллоҳ таоло ўзларига бериб қўйган неъматларнинг санаб адоғига ета олармикан! Ета олмайди. Чунки бунинг хабари Қуръони каримда қуйидагича бериб қўйилган:

Ва У сизга барча сўраган нарсаларингиздан берди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир (Иброҳим сураси, 34-оят).

Аллоҳ таоло берган неъматларнинг ҳисоб-саноғини билмасдан, унинг шукронасини келтиришга уринмасдан туриб, озиқ-овқат етишмай қолади, дейиш ва Аллоҳ таоло яратган мавжудотларнинг генларини аралаштириб юбориш Унга нисбатан осийликдир.

 

“Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим.

Мен улардан ризқ хоҳламасман ва Мени тоамлантиришларини ҳам хоҳламасман.

Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир. (Демак, Аллоҳ таоло инсу жиндан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради. Аллоҳнинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсу жинни яратишдан мақсад ҳам шудир. Лекин ибодатдан кимга фойда бор? Ибодат қилувчининг ўзига. Унга икки дунёнинг бахтини ибодат беради)”  (Зарийат, 56-57-58 оятлар).

Комил ишонч билан айтиш мумкинки, инсонлар сони кўпайгани сайин, бир калладан икки калла яхши деганларидек, ақли ҳам юксалади, тадбиркорлиги ҳам ортади.. Яшаши учун керакли маҳсулотларни генетик инженерия йўли билан бўлмаса, анъанавий селекция, SRI ва ҳозирча фанга номаълум бўлган бошқа йўллар билан етиштириб, ҳаётий эҳтиёжини таъминлайди. Генетик инженерия эса ҳозирча таъминот манбаи эмас... ҳалокат воситаси бўлиб кўринмоқда.

Биз бандалар эса ҳар хил шайтониё васвасаларга учмасдан ибодатимизга маҳкам бўлсак, ниятни тўғри қилиб меҳнат қилаверсак, Аллоҳ таолонинг Ўзи мана бу оятдаги ваъдасига мувофиқ ризқимизни зиёда қилиб қўяверади: “Аҳлингни намозга амр эт ўзинг унга сабр қил. Биз сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берурмиз. Оқибат тақвоникидир” (Тоҳо, 132).

 

*****

 Интернет саҳифаларида 109 нафар Нобель  мукофоти совриндорларининг ГМОни ҳимоя қилиб чиққан хитобномаси эълон қилинди. Улар, тўғрисини айтганда, “Монсанто” компанияси муҳофазасига чоғлангани айнан шу компания номини тилга олганидан кўриниб турибди. Чунки “Монсанто” ген инженерлиги билан шуғулланадиган ягона компания эмас. “Буюк”ларнинг айтишича, шу вақтга қадар ўтказилган кўплаб тадқиқотларнинг бирортасида ГМОнинг зарарли экани тасдиғини топмаган эмиш...

 Ҳиндистон молекуляр биология ва биотехнология фанлари асосчиси, аҳолининг тиббий маданиятини юксалтириш ташкилоти – MARCH раиси, Ҳайдарободдаги дунёнинг энг замонавий Тўқималар маркази ва молекуляр биология лабораториясига асос солган П.М.Бхаргава ҳурматли олимлар фикрига зид ўлароқ “Монсанто”нинг табиатга, инсониятга жиддий зарар етказгани, миллионлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлгани боис 16 марта жавобгарликка тортилгани, ҳатто АҚШ ва Ҳиндистон ҳукумати аъзоларини пора эвазига сотиб олмоқчи бўлганини  ёзган.

 Бунга нима дейсиз!  

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

Read 4537 times
Tagged under

Мақолалар

Top