Мақолалар

Ота-онага итоат

Ота-она ризолигини топишда, аввало, уларга итоат ва яхшилик қилиш масаласи туради. Итоат ва яхшлик бирга ишлатилса ҳам уларни бир-биридан ажаратиб турадиган жиҳатлари мавжуд, агар алоҳида қилиб ўрганилса уларни тушуниш ҳам амал қилиш ҳам осон бўлади. Чунки итаот бўлмаган жойда яхшилик ҳам бўлмайди, яхшилик деб қилинган иш яхшилик эмас қаршилик бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам биринчи ота-онага итоат қилишнинг мазмун-моҳиятини билиб олишга ҳаракат қиламиз. 

Ота ва она – бу дунёдаги ҳеч бир нарса билан тенглаштириб, қиёсслаб бўлмайдиган, инсон фарзанди учун мўътабарларнинг энг мўътабари, азизларнинг энг азизи бўлган инсонлар ҳисобланади. 

Оналарнинг ҳеч қандай ажру мукофотсиз, ҳатто, бундай фикру хаёлларга бормасдан, ҳеч иккиланмасдан фарзандларини дунёга келтириб, вояга етгунларича уларнинг беминнат хизматларида бўлишлари ҳаммамизга маълум, бироқ ёзилмаган қоидадир. Инсон фарзандининг бундай ноёб ва қиёси умуман мумкин бўлмаган хислати фақат она номига лойиқ бўлган мўътабар зотига берилган.  

Фарзандларини ойлаб она раҳмида олиб юрганлари, туғиш машаққатлари, эмизиш давридаги қийинчиликлар, кечалари ширин уйқуларидан воз кечиб, гўдакларини эмизиш баробарида уларга чексиз меҳр-шафқат кўрсатишларини бу дунёдаги ҳеч бир нарса билан қиёссалб бўлмайди. 

Бошқа томонда эса буни илоҳий ҳукм деб, оиланинг моддий таъминотни ҳеч иккиланмасдан ўз зиммасига олган ота, ҳар куни тирикчилик ва уй-рўзғор ташвишида турли машаққат ва таҳликалар билан юзма-юз келиб, фарзандлари роҳати учун ўзларнинг ҳузур-ҳаловатларидан воз кечиб, баъзида ҳаётларини хафв остига қўйб, ҳаётнинг энг оғир синовларини мардларча, сокинлик билан елкаларида кўтариб турадилар. Шунингдек, фарзандалари таълим-тарбияси билан шуғулланиб, Ватани ва халқининг корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишлари, илму ҳунарга эга бўлишлари учун бор куч ва ғайратларини сарф этадилар. 

Айнан мана шу чексиз фидокорликлари, жасорату матонатлари туфайли ота-онанинг ҳақларини адо этиш мутлақо имконсиз эканлиги келиб чиқади. 

Шу сабабдан ҳам ота-онанинг тириклик пайтида хизматларини жону дилдан бажариб, ёшлари улғайганда яшашларига ёрдам бериш, шариатга мувофиқ барча хоҳишларини ўз ўрнида бажариш билан амрларига итоат қилиб, яхшилик қилиш Аллоҳ таоло томонидан бандаларига буюрилган фарз ҳисобланади. 

Худди шундай тарзда вафот этиб кетганларидан кейин ҳам уларни хафа қилиб қўймайдиган йўлдан бориб, руҳларига савоблар, садақаларни ҳадия қилиш орқали ҳар доим хотирлаб, яхшиликлар қилиб туриш ҳам фарзандлар учун вожибдир. 

Инсон фарзандининг ўз ота-онаси олдидаги Аллоҳ томонидан буюрилган бу каби шарафли мажбуриятлари аслида оддий инсоний фазилатдан бошқа нарса эмаслигини ақл билан идрок этса ҳам бўлади. Зеро, буни қўллаб-қувватловчи бир қанча ояти карималарнинг нозил бўлгани ва ҳадиси шарифларнинг баён этилгани юқорида айтиб ўтилган фикрлар учун далил ҳисобланади. 

Ота-онага итоат қилиш, уларга кўрсатган хизматини миннат қилмаслик қатъи фарз бўлганидан, бунинг акси бўлган исён, итоатсизлик, ҳатто, кичик малол келиш ҳам ҳаром бўлиб, катта гуноҳлардан ҳисобланади. 

Ҳадис. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) бундай огоҳлантирганлар: “Гуноҳи кабираларнинг энг каттаси Аллоҳга ширк келтириш ва ота-онага оқ бўлишдир”. (Имом Бухорий ривояти). 

Аллоҳга ширк келтиришдан кейин энг катта гуноҳ бу ота-онага осий бўлишлик экан, бу гуноҳга ва унга олиб борувчи ҳар қандай йўлдан узоқ туришлик, бу масалага ҳар доим диққат билан қараб, буни ҳеч қачон эсдан чиқармаслигимиз керак. 

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам она-ота ҳақида сўралганида марҳамат қилдилар: “У иккови сенинг жаннатинг ва ё жаҳаннамингдир”. (Ибни Можа) 

Машруъ бўлган ишларда уларга итоат қилиб, розиликларини топсанг – жаннатинг. Итоатсизлик қилсанг – жаҳаннаминг. Яъни, ота-онага итоат ё итоатсизлик жаннат ёки жаҳаннамга киришингга сабаб бўлади, деб огоҳлантирмоқдалар Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам. 

Бошқа бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳнинг розилиги она-отанинг розилигидир, Аллоҳнинг ғазаби она-отанинг ғазабидадир”. (“Канзул Уммол”, “Тарғиб”, “Кашфул хофаа”) 

Ушбу ҳадиси шарифнинг шарҳи бўйича ўз фикрини баён этган фақиҳ Абу Лайс Самарқандий шундай дейди:

 “Аллоҳ таоло ота-онанинг буйруқларига риоя этишни Ўзининг ояти карималарида шу қадар кўп билдирганки, бу мажубриятларни бажариш зарурлигини билдиради. Ақл-ҳуши жойида бўлган инсон учун ота-онани ҳурмат қилишни билиш ва бу вазифани бажариш фарздир. Аллоҳ таоло Таврот, Забур, Инжил ва Қуръони карим каби самовий китобларида буни очиқ маълум қилиб турган бўлса-ю, бу қандай қилиб фарз бўлмаслиги керак. Аллоҳ Пайғамбарларига ота-онага ҳурмат кўрсатиш, уларнинг ҳақларини адо этишга буюриб, Аллоҳнинг ризолиги ота-онанинг ризолигида, ғазаби эса уларнинг ғазабларида эканини маълум қилади.” 

Ота-онага итотсизлик қилиш, осий бўлиш қанчалик оғир мусибат бўлса, уларга итоат қилиб, кўнгилларини олиш, қалбларини хушнуд қилиш қандайин савобли амал эканини яхшилаб ёдда тутиш лозим.

Шу нарса аниқки, ҳеч бир яхшилик жавобсиз қолмайди. Агар бу яхшилик эҳсон ва эътибор, итоат ва ҳурмат тарзида ота-онага қилинадиган бўлса, ундан олинадиган савоб ва мукофотнинг ҳадди-ҳисоби бўлмайди. Яъни инсон беҳисоб ажру савобга эга бўлади. 

Аллоҳ таолонинг энг кўп қайси амалларни яхши кўришлигини яхшиси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак сўзларидан билиб оламиз. 

Ҳадис. Буюк муҳаддислар Имом Бухорий ва Имом Муслим Ибни Масъуд розияллоҳу анҳудан қуйидаги ҳадисни ривоят қиладилар.

Ибни Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

– Аллоҳ қайси амални энг кўп яхши кўради? – деб сўрадим. Шу жавобни бердилар:

 Вақтида ўқилган намоз!

 Кейингиси қайси амал?

 Ота ва онага қилинган яхшилик…

 Ундан кейингиси-чи?

 Аллоҳ йўлида жиҳод қилмоқ. 

Ушбу ҳадиси шарифда ота-онага яхшилик ва хизмат қилиш жиҳод амалидан олдин келаётгани ҳақида хабар берилмоқда. Бу инсонни чуқур тафаккур қилишга ва ҳушёрлик билан ҳаракат қилишга чақирувчи даъватдир. Чунки ота-онага яхшилик ва хизмат қилиш фазилат ва даража бобида намоздан кейинда келмоқда. Биринчи намоз ўқиш, кейин ота-онага итоат ва яхшилик қилиш.

Демак, хайрли амаллар қаторида намоздан кейинги ўринни эгаллаб турган ушбу муҳим вазифа фарзандлар томонидан ҳеч қандай иккиланишсиз, қатъиян бажарилиши шартлигидан далолат беради.        

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан (розияллоҳу анҳу)  ривоят қилинган қуйидаги ҳадиси шарифда юқоридаги ҳадис маъно жиҳатидан шарҳлаб берилади.

Бир киши Расулуллоҳ (алайҳиссалом)га юзланиб:

“Мен ҳижрат ва жиҳод қилиш учун сизга байъат қиламан. Бунинг савобини эса Аллоҳдан талаб этаман”, деди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ота-онангдан бирорталари тирикми?” дедилар.

У киши:

“Ҳа, икковлари ҳам тирик”, деди.

Расулуллоҳ алайҳиссалом: 

“Савобини Аллоҳдан талаб қиласанми?” дедилар.

У киши: “Ҳа”, деди.

Шунда Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Унда ота-онанг ҳузурларига бориб, уларга чиройли муомалада бўлиб, хизматларини қилгин”, дедилар. (Муслим) 

Мазкур ҳадиси шарифда ота-онага итоат ва яхшилик қилиш, уларга хизмат ва ҳурмат кўрсатишнинг даражаси белгилаб берилмоқда. Юқоридаги ҳадисда ота-онага хизмат қилиш амал бобида жиҳоддан юқорида тургани билдирилган бўлса, кейинги ҳадиси шарифда уларнинг хизматларини астойдил, бекаму кўст адо қилган одам, Аллоҳ йўлида жиҳод қилган инсон каби ажр олишга лойиқ экани маълум қилинди.   

Бу ҳадиси шарифни эшитган ҳар қандай ақли соғлом инсон Аллоҳга итоатдан кейин турадиган ота-онага итоат қилишнинг ажру мукофоти бениҳоя юксаклигидан белни маҳкам бойлаб уларнинг хизматларига киришади.

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5416 times

Мақолалар

Top