Мақолалар

Зикрларнинг улуғи

Гуноҳларингиз кечирилишини, солиҳ амалларингиз кўпайишини ва юксак даражаларга эришишни хоҳлайсизми? Соғ-саломат, хотиржам бўлиш, қалб ҳаловатига етишишни истайсизми? Солиҳ фарзандлар, ҳалол мол-давлат ва кенг ризқни-чи? Ким ҳам истамайди?.. Унда кўп истиғфор айтишни одат қилинг. Зеро, бу Аллоҳ таолонинг буйруғи: “Раббингиздан мағфират (кечирим) сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)­гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур...” (Ҳуд, 3). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тавсия этадилар: “Ким истиғфорни чинакамига, доимий айтса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан қутулишни насиб қилади. Уни ўйламаган жойидан ризқлантиради” (Абу Довуд ривояти).

Истиғфор айтиш ҳамма вақт жоиз, гуноҳ ишлар қилинганида, вожиб бўлади. Солиҳ амаллардан сўнг мустаҳаб саналади. Масалан, намоздан кейин уч маротаба айтиладиган истиғфор каби.

Истиғфор айтишнинг бир неча турлари бўлиб, энг улуғи “Саййидул истиғфор” дуосидир. Шаддод ибн Авсдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Истиғфорнинг саййиди “Аллоҳумма, анта Роббий. Ла илаҳа илла анта. Холақтаний ва ана ъабдук. Ва ана ъала аҳдика ва ваъдика, мастатоът. Аъузу бика мин шарри ма сонаът. Абуу лака биниъматика ъалайя ва абуу би занбий. Фағфирлий, фаиннаҳу ла яғфируз зунуба илла ант”, демоғингдир. Ким уни ишонч билан наҳорда айтса-ю, ўша куни кеч киришидан олдин ўлса, жаннат аҳлидан бўлади. Ким уни ишонч билан тунда айтса-ю, ўша кечаси тонг оти­шидан олдин ўлса, жаннат аҳлидан бўлади”, дедилар».

Ушбу дуонинг маъноси бундай: “Ё Аллоҳ, Сен Раббимсан! Сендан ўзга илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг бандангман. Қодир бўлганимча Сенга берган аҳдимда ва ваъдамда турибман. Сендан қилмишларимнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман. Менга берган неъматингни эътироф қиламан. Гуноҳларимни ҳам тан оламан. Мени мағфират қил. Албатта, Сендан ўзга гуноҳларни мағфират қилгучи йўқ”.

Истиғфор айтиш учун киши гуноҳ қилган бўлиши шарт эмас. Истиғфор марғуб амал бўлиб, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маъсум бўлсалар ҳам, доим айтганлар. Ибн Умардан ривоят қилинган ҳадисда: «Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир мажлисда юз марта “Роббиғфирлий ва туб ъалаййа иннака антат Таввабур Роҳийм”,деб айтганларини санадик», дейилади.

Истиғфор барча мўминлар, хоссатан, аёллар кўп айтиши лозим бўлган ишлардандир. Чунки бир ривоятда: «Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) аёлларга: “Эй аёллар жамоаси, садақа беринг ва истиғфор айтишни кўпайтиринг. Чунки дўзах аҳлининг кўпчилиги аёллар эканини кўрдим”, деганлари айтилган. Шунда бир оқила аёл: “Нима учун дўзах аҳлининг кўпи биз аёллардан бўлади?” деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лаънатни кўп айтасизлар ва эрларингизга кўп ношукрлик қиласизлар. Мен сизлардан кўра ақл ва динда ноқис бўлатуриб, ақллилар устидан ғолиб келувчиларни кўрмадим”, деб жавоб берганлар. Ҳалиги аёл: “Ақли ва дини ноқис деганингиз нима?” деб сўраганида, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки аёлнинг гувоҳлиги бир эркак гувоҳлигига тенг бўлиши ақли ноқислигидир. Ҳайз ва нифос қони кўрганида намоз ўқимаслиги дини ноқислигидир”, деб айтдилар».

Истиғфорнинг фойдалари: шайтонни қувади, Аллоҳ розилигига етказади, ғам-ташвиш, меҳрсизлик, шафқатсизликни кетказади, хурсандчилик келтиради, юзни нурли этади, ризқни кенгайтиради, бандани Аллоҳнинг муҳаббатига етиштиради, У зотга яқин қилади, қалбни поклайди. Истиғфор ёмонликлардан тўсади, қалбга хотиржамлик, қаноат бахш қилади, вақтга барака киришига сабаб бўлади.

Шаҳло БИЛОЛИДДИН қизи

Read 11315 times

Мақолалар

Top