Мақолалар

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ

Имом Мотуридий номи билан машҳур бўлган улуғ бобомизнинг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Абу Мансур Мотуридий Самарқандий Ансорий бўлган. Камолиддин Баёзийнинг таҳқиқига кўра Имом Мотуридийнинг насаби улуғ саҳобий Абу Аййуб Ансорийга бориб тақалади. Шунинг учун у зотга “Ансорий” нисбати ҳам берилган.   

Имом Мотуридийнинг туғилган саналари аниқ маълум эмас. Манбаларни солиштириб чиққан уламолар имом Мотуридийнинг устозларидан бири бўлган Муҳаммад ибн Муқотил Розийнинг 248 ҳижрий санада вафот этганига кўра, бу зотнинг таваллудлари ҳижрий 240 сана атрофига тўғри келишини айтганлар.

Аҳли сунна вал жамоанинг имоми бўлган ушбу зотнинг туғилган санаси бу қадар ноаниқ бўлиши, ҳатто вафот этган саналарида ҳам ихтилофлар борлиги тўғрисида кўплаб сабаблар айтилган. Мазкур сабабларнинг энг асосийси бу зотнинг ўша пайтдаги аббосийлар давлати маркази бўлган Бағдоддан узоқда яшаганлари ҳисобланади.

Имом Мотуридийнинг устозлари

Имом Мотуридий қуйидаги устозлардан таълим олган:

  1. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ Жузжоний;
  2. Имом Абу Наср Аҳмад ибн Аббос Иёзий;
  3. Нусайр ибн Яҳё Балхий;
  4. Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва бошқалар.

Ушбу тўртта устоз имом Мотуридийни имом Абу Ҳанифагача бўлган санадини боғловчи устозлар ҳисобланади. Чунки мазкур Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхийлар 200 ҳижрий санада вафот этган Абу Сулаймон Мусо Жузжонийнинг шогирдларидир. Бу зот эса Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммадларнинг шогирди бўлган. Демак шунга кўра ҳанафия мазҳаби имом Мотуридийга қуйидаги санад билан етиб келган:

-         Имом Абу Ҳанифа;

-         Имом Абу Юсуф ва Имом Муҳаммад;

-         Абу Сулаймон Мусо Жузжоний;

-         Аҳмад Жузжоний, Иёзий ва Балхий;

-         Мотуридий.   

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ фиқҳда имом Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ мазҳабларида бўлганидек, ақидада ҳам у зотга эргашган. Шунинг учун ҳам баъзи асарларда мотуридийларни ҳанафийлар деб ҳам аталади.

Имом Мотуридийнинг шогирдлари

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ кўплаб шогирдлар етиштирган бўлиб, уларнинг энг машҳурларидан айримлари қуйидаги зотлардир:

-         Абулқосим Исҳоқ ибн Муҳаммад. Бу зот Ҳаким Самарқандий номи билан машҳур бўлган. Самарқандда қозилик лавозимида ишлаган. “Соҳаифул илаҳия” (Илоҳий саҳифалар), “Саводул аъзам” (Улкан жамоат), “Родду ала асҳабил ҳава” (Нафсу ҳавога эргашганларга раддия) каби кўплаб асарлар ёзиб қолдирган. Ҳижрий 345 санада вафот этган. 

-         Имом Абулҳасан Али ибн Саъийд Рустуғфаний. “Иршадул мубтадий” (Йўл бошидаги кишини мақсадга йўллаш), “Заваид ва фаваид фи анваил улум” (турли илмлардаги қўшимчалар ва фоидалар) каби кўплаб асарлар ёзган. Ҳижрий 350 санада вафот этган.

-         Абу Лайс Наср ибн Муҳаммд Самарқандий. Бу зот тафсир, ақоид, фиқҳ, ва тасаввуфга оид ўндан ортиқ китоблар ёзган. Ҳижрий 373 санада вафот этган.  

-         Имом Абумуҳаммад Абдулкарим Паздавий. Бу зот фиқҳ илмида пешқадам бўлган. Зотан бу зот машҳур фақиҳлар сулоласининг вакили ҳисобланади. Ҳижрий 390 санада вафот этган.

Имом Мотуридийнинг асарлари

Уламолар Имом Абу Мансур Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳни шаръий илмларнинг учта йўналиши бўйича асарлар таълиф этганларини баён қилганлар:

  1. Тафсир;
  2. Усулул фиқҳ;
  3. Ақоид.

Тафсир йўналиши бўйича “Таъвийлоту аҳли сунна” (Аҳли суннанинг тушунтиришлари) номли улкан тафсир  ёзган. Бу тафсир аҳли сунна вал жамоанинг Қуръон оятлари тафсиридаги қарашлари тўғри эканини исботлаш билан бирга, адашган фирқаларнинг нотўғри қарашларини ҳам очиб берувчи мўътабар асар ҳисобланади.

Усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (шарий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган. Ушбу икки китоб ҳанафия мазҳабидаги қоидалар ва улардан келиб чиқадиган ҳукмларни жамлаган асарлар, деб васф қилинган. Зеро бу китоблар ҳижрий бешинчи асргача усулул фиқҳ бўйича мурожаат қилинадиган асосий манбалар бўлган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Уламолар бу икки китобнинг бизгача етиб келмаганини афсус билан ёдга оладилар.    

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни умумий уч қисмга ажратганлар:

А) Мақолалар;

Б) Раддиялар;

В) Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари. 

Мақолалар

Аслида Имом Мотуридийдан олдин ҳам “Мақолот” (мақолалар) номли бир қанча китоблар ёзилган ва уларда асосан Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Имом Мотуридийнинг “Мақолот” (Мақолалар) номли асарининг қўлёзма нусхаси ҳозирда Истанбулдаги “Куприлий” кутубхонасида 856 рақам остида сақланмоқда. 

Раддиялар

Ақоид уламолари ёзган асарларида фақатгина адашган фирқаларнинг қарашларини келтириб “бу нотўғри” дейиш билан чекланмаганлар. Балки мазкур қаршларга бирма-бир нақлий ва ақлий далиллар асосида раддиялар қилганлар. Бу раддияларда аҳли сунна вал жамоанинг қарашлари тўғрилигини исботлаш билан бирга адашган фирқаларнинг хатога йўл қўйган жойларини ҳам баён қилганлар.

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ “Баяну ваҳмил муътазила” (Муътазилий фирқасининг нотўғри тасавури баёни), “Родду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби адашган фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни баён қилувчи кўплаб асарлар ёзган. 

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳнинг қилган энг улкан хизмати аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилганидир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонларга ташвиш туғдириб турган муътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:

-         Абу Муҳаммад Боҳилий муътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) номли китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);  

-         Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) номли китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);

-          Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) номли китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);

-         Абулқосим Каъбий муътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) номли китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) номли асарлар ёзган.

Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” номли китоб ёзган. Бу китоб Имом Мотуридийнинг “шоҳ” асари ҳисобланади. Бу асарда аҳли сунна вал жамоанинг ақоид борасидаги асосий қоидалари баён қилинган. Шунга кўра кейинчалик ёзилган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби мотуридия мазҳаби қоидаларини баён қилувчи китоблар “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.

Имом Мотуридийнинг унвонлари

Имом Мотуридийга у зотни яқиндан таниган уламолар ва шогирдлари томонидан мартабаларини намоён қилувчи кўплаб лақаблар берилган: 

-         Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи);

-         Имомул мутакаллимийн (калом илми олимлари пешвоси);

-         Мусаҳҳиҳу ақоидил муслимийн (мусулмонларнинг ақидаларидан хатоларни даф қилувчи);

-         Роису аҳли сунна вал жамоа (Аҳли сунна вал жамоа бошлиғи);

-         Носирус сунна ва қомиъул бидъа (суннатни ҳимоя қилувчи ва бидъатни бостирувчи);

-          Муваттиду ақоиди аҳлис сунна (аҳли сунна ақидалари асосчиси).

Имом Мотуридий роҳматуллоҳи алайҳ таҳқиқларга кўра ҳижрий 333 санада тўқсон беш ёшлар атрофида Самарқандда вафот этган. Аллоҳ таоло ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.  

Аллоҳ таоло барчаларимизни тўғри йўлда саодатманд ҳаёт кечириб, охиратда жаннатга эришишга муваффақ қилсин.

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин.

 

Абдулқодир Абдур Раҳим 

Read 15206 times

Мақолалар

Top