Мақолалар

Тўй: урф-одатларнинг хизматчисига айланиб қолмайлик

Тўй – муайян инсоннинг, оиланинг хурсандчилиги ва ана шу бахтиёрлигимизга шерик  бўлсин деган олижаноб ният ила дўсту ёрларни зиёфат қилиб чақириш. Лекин жуда қадим замонлардан ер юзидаги жамики миллатларнинг  урфу одатига айланган дабдабали тўй ва бошқа маросимлар остида одамлар эзилиб келган.

Дини мубийнимиз тўйларда, тантаналарда ҳаддан ошишдан қайтаргани ҳақидаги таълимотни Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам амалга жорий этганларидан сўнг тўйлар азалий моҳиятига қайтиб, мўмин-мусулмонларнинг чинакам хурсандчилигига айланган. Жумладан, Қуръони каримда: "Қариндошнинг ҳаққини адо эт, мискин-бечоралар, йўловчи-мусофирларга ҳам (мурувват кўрсат). Лекин сира исроф этма, зеро, исроф қилувчилар Шайтоннинг "биродарлари"дир! дейилади. (Исро сураси, 26-оят).

Шу ва шу мавзудаги ояти карималарни тўйларга тадбиқ этган аждодларимиз тўйларни ортиқча даҳмазаларсиз, чинакам хурсандчилик билан ўйнаб-кулиб ўтказганлар. 

Аммо замон ўтиши билан амалимиз озайгани тўйларимизда ҳам намоён бўла бошлади. Айниқса, бизнинг халқимиз тўйларни дабдабали ўтказишга ружу қўйди. Натижада тўй ўзбекнинг шодиёнасига эмас, миллий муаммосига айланди. Президентимиз кечаги йиғилишда ачиниш билан таъкидлаганидек, одамлар фақат тўй қилиш учун яшай бошлади. Бутун умр тўйга пул тўплаган одам тўйнинг жамғармаси камайиб кетишидан қўрқиб дўхтирга кўринмайди, дам олишга бормайди, йиллик меҳнат таътилини олганда эса ўзининг одатдаги ишидан ҳам оғирроқ ишларни қилади. Мақсад – таътилдан фойдаланиб уч-тўрт сўм пул ишлаб қолиш керак. Нима керак унча пул? Тўй қилишга – ўғил уйлаш керак, қиз чиқариш керак.

Аммо одамнинг жони ва танаси ҳам ҳеч қачон чарчамайдиган, мустаҳкам нарса эмас, У – Аллоҳнинг омонати. Давлат инсонга нега ҳафтада икки кун дам, йилда бир ой меҳнат таътили беради? Йил давомида ишлаб чарчаган одам ҳордиқ чиқариб, меҳнат қобилиятини тиклаб олсин учун...

Саҳобаи киромлардан бири Пайғамбар алайҳиссаломдан тўйни қандай қилиш ҳақида маслаҳат сўраганида, Пайғамбаримиз: "Битта қўй сўй", деган эканлар. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга қийинчилик бўлмасин деган мақсадда шундай деяптилар деб ўйлаб: “Мен бир неча қўй сўйишга қодирман”, деб бир-икки қайтарибди. Шунда Сарвари коинотимиз: "Эй молинга Худо барака бергур, битта қўй сўйгин" деб танбеҳ берган эканлар.

Президентимизнинг тўйда одамлар сонини чеклаб айтиши, давлат амалдорларининг тўйга қатнашиш масаласида эҳтиёткор бўлиши ҳақида қатъий талаб қўйгани юқоридаги оят ва ҳадис таълимотига мос талабдир.

Бинобарин, тўй қилишни, тўкин дастурхон ёзишни ният қилган одам, аввало,  қариндош-уруғларнинг, етим-мискинларнинг ҳолидан хабар олмоғи керак. Бу ҳақда юртбошимиз алоҳида тўхталиб, шу шовқин-сурон билан тўй қилаётган одам ака-укасининг, қўни-қўшнисининг ҳолидан хабар олдими? Кимўзарга сарфлаган ҳеч кимга нафи йўқ сарфу харажатни қилгунча, ана ўшаларнинг камини бутласа бўлмайдими, деб таъкидлади.

Дарҳақиқат, мабодо ўша одам бемаъни довруғ солиш учун қилган харажатининг бир қисмига бир муҳтожнинг камини бутлаб берса, бир толиби илмнинг йиллик шартномасини тўлаб берса, бир беморнинг дори-дармонига ёрдам қилса, ўша одамлар қўлларини дуога очиб неча йиллар унинг ҳаққига дуолар қилади. Минг кишини бир ҳашаматли тўйхонага тўплаб уч-тўртта беҳаё сатангни ликиллатиб, на обрў, на савоб ололмаган одам юқоридаги ишларни қилса ажру савобнинг тагида қолади. Яна, агар шу билан ҳам нафси ором топмаса, ўзига хайрихоҳ инсонлар орттиради. Ўша одамларнинг ҳам бир куни фойдаси тегиб қолади...

Тўй ва маросимларни тартибга солиш зарурлиги ҳар доим фикр эгаларини ўйлантириб келган. Айниқса, жадид боболаримиз бу масалага жиддий киришган эдилар. Аммо уларнинг куйинчакликларига қулоқ осадиган одам бўлмади, ўзлари ҳам қисқа фурсатларда қатағон қурбонига айланиб кетди. Истиқлол йилларида ушбу мавзу яна кун тартибига чиқди. 1998 йилнинг 28 октябрида Биринчи Президентимизнинг “Тўй-маросимларни тартига солиш тўғрисида” Фармони қабул қилинди. Ушбу ҳужжатда тўй-маросимларда дабдабабозлик, шуҳратпарастлик, ўз-ўзини кўз-кўз қилиш, исрофгарчиликка йўл қўйилаётгани таъкидланиб, бундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган вазифалар белгиланган эди. 

Аммо ушбу ҳужжат ҳам миллатимизнинг қон-қонига сингиб кетган кимўзарчиликка тўй қилиш хасталигига даво бўла олмади. Бугун Президентимиз энг ҳаққоний йўлни тутди. Шуҳратпарастлик учун тўй қилган одам жазоланади. Нима учун? Чунки у миллатнинг, айниқса, ёшларнинг тарбиясига зарар етказиб кимўзарликка, шуҳратпарастликка бошқаларни ҳам даъват этмоқда. Шунинг ўзи маънавий жиноят эмасми!..

Ҳосили калом, ундай тўй қилиш урф бўлибди, бундай тўй қилиш одат бўлибди, деб қимматли умримизни дабдабали тўйларнинг қурбонига айлантириб қўймайлик. Зотан, урф-одатларни одамлар яратади, урф-одатлар одамларни эмас. Шундай экан, динимиз таълимотига, миллатимиз табиатига мос келмайдиган урф-одатлардан воз кечадиган вақт келди ва бунинг бошида давлатимиз раҳбари турибди, тайсалламанг!

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4104 times

Мақолалар

Top