Мақолалар

Иккинчи бекат

Инсон ҳаёти тўрт бекатли сафарга ўхшайди. Аввалги уч бекатнинг ҳар бирида белгиланган муддат тургандан сўнг унинг ихтиёридан ташқари равишда инсон кейинги бекатга ўтказилади.

Ниҳоят тўртинчи бекатга ўтказилгандан кейин энди бу жой абадий жойлашадиган манзили бўлади. Мазкур бекатлар қуйидагилардир:

  1. Она қорнидалик вақти;
  2. Дунё ҳаётидаги вақти;
  3. Қабрдаги вақти;
  4. Охират.

Бу бекатларнинг ҳар бири ўзидан олдинисидан каттароқ бўлади. Яъни она қорнидаги вақтдан дунё каттароқдир, дунё ҳаётидаги вақтдан қабрдаги вақт каттароқдир ва қабрдан кейинги охират эса сўнгсиз абадийдир.   

Инсон пайдо бўлар экан дастлаб биринчи бекатда яъни онаси қорнида маълум муддат туради. Фаразан она қорнидаги ҳомилага ақл ато этилса, у ўша жойдаги тўққиз ойлик вақтни ўзига берилган умр деб қабул қилиши, у ердан чиқишни эмас, балки чиқмасликни хоҳлаши ҳеч гап эмас. Бунга асосий сабаб у ўзи “яшаётган” дунёдан чиқишни ўлим деб ўйлашидир. Шунинг учун ҳам у ердан  йиғлаб чиқади, аммо энди у биринчи бекатдан иккинчисига ўтган, у учун олдингисидан кўра каттароқ ҳаёт бошланган бўлади.

Иккинчи бекат инсон учун энг асосий бекатдир. Чунки бундан олдинги бекатда унга англаб етиш ва танлаш имкони берилмаган бўлади. Кейинги бекатларда эса бор ҳақиқатни аниқ англаб етса-да танлаш имконияти тугаган бўлади.   

Демак, иккинчи бекат инсоннинг кейинги бектлардаги ҳолатлари қандай бўлишини белгилаб берувчи ва ҳар бир ақли расо инсон бор кучи билан интилиб қолиши лозим бўлган асосий майдондир. Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бир қавмга ушбу жойда сафар тадоригини кўриб олинглар, кейин сафар қиламиз дейилса, ҳалиги одамлар сафарга тайёргарлик кўриш ўрнига ўйин билан овора бўлишса, бу қавмга қараб ажабланмаслик иложи йўқ”.

Ҳа, ушбу вақтинчалик манзил бўлиб турган “бекат”да унинг Эгаси жорий қилган тартиб қоидаларга ихлос билан риоя қилишга уриниш лозим бўлади.  Чунки учинчи бекат бўлган қабрда ҳам, тўртинчи ва сўнги бекат бўлган бўлган охират манзилида ҳам “йўловчи”ларга амал қилиш имконияти берилмайди. Барча йўловчилар фақат иккинчи бекатда жорий қилинган “тартиб қоидалар”га қанчалик ихлос билан риоя қилганларига қараб мукофотланади ёки жазога тортилади.

Аллоҳим, биз ожиз бандаларингни бу синов майдонидан  муваффақият билан ўтиб олиш саодатига эриштиргин. 

 

Фотимахон КОМИЛЖОНОВА,

ТИИ талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3729 times

Мақолалар

Top