Мақолалар

Аллоҳ таъолога беадад ҳамду – саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи  васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин. 

Ҳозир никоҳ тўйлари мавсуми айни қизиган паллада Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки пойтахтимиз, қолаверса, юртимизда ҳар куни бир неча ўнлаб никоҳ валималари уюштирилаяпти. Пойтахтдаги барча тўйхоналар бир кунда бир неча тўй маросимларини ўтказиш манзилига айланаяпти. Албатта бу борада тунги базмлар ва наҳорги никоҳ валимаси учун берилаётган ошлар эътиборга олинади. Биз бу ўринда бу базм ва наҳорги ошларни қандай ҳолатда ва қандай шарт-шароитда, қандай қонун-қоидаларга мувофиқ, миллийлигимиз ва урф-одатларимизга, хоссатан динимиз кўрсатмаларига қай даражада мувофиқ ёки номувофиқ келиши тўғрисида баҳс юритмоқчи эмасмиз. Чунки бу масалада халқимиз учун етарли даражада маълумотлар тақдим этилган ва уни такрор тақдим этиш ниятимиз йўқ. Балки айнан никоҳ валимаси бўладиган кунни ва ўз-ўзидан унга узвий боғланадиган келин билан куёвнинг гўшангага кириб, биргаликда оилавий ҳаётни бошлаш кунини аслида ким белгилаши тўғрисидаги муаммони кўтармоқчимиз. Тўғри, кимлар учундир бу ўз-ўзидан, йўл-йўлакай белгиланадиган, ҳеч қандай баҳс ва мунозарага сабаб бўладиган иш эмасдир. Баъзилар «Бунга ўта жиддий эътибор беришни ҳеч қандай ҳожати йўқ» дейди ёки «шу ҳам муаммоми, қариялар иш бошилар, нима десалар шу бўладида» ёки «шароитга қараб белгиланавериладиган оддий ишку» дейиши мумкин. Албатта бундай фикрларни мазкур муаммолар бўйича мутахассис бўлмаган, балки бирор маротаба шу иш юзасидан можарога тўғри келмаган оддий инсонлар айтиши мумкин, лекин бизга ўхшаш масжид ходимларига мурожаат қилинаётган шикоят ва маслаҳатларни таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур муаммони ҳам ҳал қилиш вақти етганлиги ва бу борадаги динимиз кўрсатмаларини аниқ ва тиниқ ҳолатда халқимизга тақдим қилишимиз керак эканлиги маълум бўлади. Демак бўлаётган мурожаатларга қарайдиган бўлсак, тўй кунини қачон ва қаерда бўлишини  шак-шубҳасиз, ҳеч қандай гап сўзсиз, ҳаттоки қуда тараф билан бирор марта ҳам маслаҳат қилмасдан туриб, ўз-ўзидан куёв тараф белгилайди. Буни эса бир қанча сабаблари бор. 

Биринчи: ҳозирги кунда куёв тараф ўзини келин тарафдан мутлақ юқори қўйиши; 

Иккинчи: куёв тараф тўй кунини белгилашни ўзларининг ҳаққи деб билиши; 

Учинчи: куёв тараф бу борада қуда тараф билан бомаслаҳат иш қиладиган бўлса обрўси тўкилиши тўғрисида тасаввури; 

Тўртинчи: нафақат шариат бўйича, балки ҳақиқий урф-одатдан мутлақо бехабар бўлиши; (чунки асл урфимизда ҳам бундай бўлмаган). 

Бешинчи: ҳозирги кунда бу асосийси ва муҳими бўлиб, қайсидир тўйхонанинг бўш вақтини эътиборга олиш; 

Олтинчи: ўзи ёқтирган санъаткорларнинг бўш вақтини эътиборга олиши ва ҳоказолар. 

Аслида ҳам ўзи шундаймикан? Бунга ойдинлик киритиш учун шариатимиз ва унга мувофиқ бўлган урф-одатимизда тўй куни қандай белгиланганлиги тўғрисида баъзи бир маълумотларни ўрганиб чиқамиз. Бунинг учун эса узоқ ўтмишимиз ва ҳаттоки 21 асргача бўлган урф-одатларимизга эътибор беришимизнинг ўзи кифоя қилади. Унда эса доимий ҳолатда тўй кунини куёв тараф келин тарафдан сўраб суриштириб, улар билан бомаслаҳат ва асосан келиннинг шарт-шароитига қараб туриб белгилаганлар. Бунда эса эътиборга олинган нарса шаръий жиҳатдан келиннинг узрли бўлиб қолишидир. Одатда аёллар  уч кундан ўн кунгача шаръий узрли бўлишлари мумкин. Бу ҳолатнинг такрорланиши эса ўртача ҳисобда бир ойда бир марта бўлади. Бизнинг ҳанафий мазҳабимизда ўртадаги покликни энг оз муддати ўн беш кун бўлиб, кўпиниг чегараси белгиланмагандир. Демак бўлажак келинниг онаси ўз қизининг ойнинг қайси кунларида узрли бўлишини билади ёки билмаса қизидан сўраб суриштириб, сўнгра пок бўладиган кунларининг бирига тўй кунини белгилайди. Шунда ҳар тарафлама тўғри ва ижобий қарор қабул қилинган бўлади. Акс ҳолда ҳозирги кунда тез-тез содир этиб турилаётган баъзи бир муаммолар келиб чиқади. Масалан: никоҳ тўйи бўлган кунларда келин узрли бўлиши мумкин. Бу эса ўзига яраша қийинчилик, машаққат ва баъзи бир келишмовчиликларни содир этилишига сабаб бўлади. Аввало, аёл-қизлар узрли ҳолатларида уларнинг деярли бутун вужудида ўзига яраша ўзгариш, инқилоб, инжиқлик, лоҳаслик, қувватсизлик, баъзи бирларида эса ўта кучли оғриқ ва ҳаттоки кўзига ҳеч нарса ёқмайдиган даражадаги ҳолат ва кайфиятининг  ўта тушкинлик ҳолати кузатилади. Албатта келин ўзининг келинлик ҳаёси, ибоси, ахлоқ-одоби ва тарбиясидан келиб чиққан ҳолатда мазкур салбий ўзгаришлар тўғрисида керакли одамларга айта олмаслиги мумкин. Лекин унинг ўзини тутиши, хатти-ҳаракатлари янги куёв болага ва баъзи бир ҳолатларда эса мутлақо куёв тарафидан бўлган қайнона бошчилигидаги баъзи бир аёлларга ёқмаслиги мумкин. Агар ўз вақтида мазкур ҳолатни  шаръий йўл билан тушунтириш ишлари олиб бориб, ўртадаги муаммонинг ечимини ислоҳ қилмаса, бу катта салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу гапларни бежиз айтаётганимиз йўқ, балки айнан шу борадаги муаммолар кундан-кунга кўпайиб, ривожланиб бораётганлиги учун айтаяпмиз. Баъзи бир тушунган диний маърифати бор бўлган куёвлар келиб «қори ака тўйим бўлганига бир ҳафта бўлаябди, ҳалигача аёлим билан бирга бўлганим йўқ, қандайдир узри бормикан-е, «шунақа пайтда бирга бўлиш мумкин эмас», деб аёллар айтишаяпти. «Бундай муаммоси бор экан шуни аввалроқ айтмайдими» деб шикоят қилаётганлар йўқ эмас. Демак бу тўғрисидаги тушунча ва маълумотлар ҳам халқимизда ўзига яраша экан. Биз уларга мазкур маълумотларни тушунтирганимизда «қори ака ундай бўлса ўзларини ҳолатига қараб туриб тўйни белгиласа бўлмайдими?» дейишади. Биз эса «Тўғри айтасиз. Лекин сиз ва сизга ўхшаган баъзи бир кимсалар шариатимиз ва урф-одатларимиздан бехабарлигидан тўй кунини белгилашда келин тараф билан умуман маслаҳатлашмайди, тўғрими?», десам, ноиложликдан «ҳа, тўғри билмаган эканмизда», дейди. 

Иккинчи бир мулоҳаза кўпинча келин тараф ош беради, лекин қайси куни бўлишини куёв тараф белгилайди. Келиннинг отаси наҳорги ошда Амру маъруф қилиш учун бизга ўхшаш масжид  ходимларидан бирини таклиф қилишга келганида минг афсуски кўпчилик домлалар улар белгилаган вақтга банд бўлишади. Шунда улар: «эй қори ака фалонча қори акаларнинг олдига таклиф қилиб бордим ҳаммалари банд экан, нима қилсам экан» деб боши қотади. 

«Тўй вақти, соатини  ёки кунини ўзгартирсангиз бўлмайдими?» дейилса, «эй қори ака нимасини айтасиз? Қуда тараф шунга белгилаган, уларнинг белгилаган кунига эса зўрға тўйхонани гаплашиб тўғирладим, биласизку қудалик иш осон эмас» дейди. 

Бир неча йиллар ўзининг қизини кўз қорачиғидек авайлаб-асраб, гавҳарни ҳимоя қилгандек ҳимоя қилиб, уни ўз эгасини, яъни турмуш ўртоғини қўлига қўш-қўллаб топшираётган қиз тараф айбдор-да. Шундай қилиб қиз тарафда ҳеч қандай ҳуқуқ қолмаяпти. «Майли. Аллоҳ сабр берсин. Ин шаа Аллоҳ бошқа иллатлар ва янги пайдо бўлаётган одатлар каби бу иллатларни ҳам секин-секин ислоҳ қилиш йўли билан тузатамизда», деб уларнинг кўнглига таскин берилади. 

Мазкур ижобий ҳолатни тезроқ амалга ошиб, воқеликда ўз аксини топмоқлигини Аллоҳдан илтижолар қилиб сўраб қоламиз. 

Исҳоқжон домла Бегматов

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4102 times

Мақолалар

Top