Мақолалар

Абу ал-Муъийн ан-Насафий – илм денгизидир!

«Шарқу ғарбнинг олиму уламолари Абу ал-Муъийн ан-Насафий илмининг денгизидин баҳра топиб, ул таратғон зиё нурларини кўзларига тўтиё қилиб суртғонлар[1]».

Абу ал-Муъийн ан-Насафий номи билан машҳур бўлган алломанинг тўлиқ номи Маймун ибн Муҳаммад Муътамид ибн Макҳул бўлиб, 1027 йилда Насаф (Қарши)да таваллуд топган. Аллома 1114 йили — 87 ёшида Самарқандда вафот этган.

IX—X асрларда ислом кенг тарқалган Яқин ва Ўрта Шарқ, Марказий Осиё ўлкаларида ислом илоҳиёти, фалсафаси, калом илми ривож топди. Бу соҳаларга бағишланган қатор асарлар ва калом масаласи билан шуғулланувчи йирик мутакаллимлар вужудга кедди.

Калом илмининг бир қанча йўналишлари бўлиб, улардан ал-ашъариййа ва ал-мотуридиййа йўналишлари ғоятда кенг тарқалган. Ал-ашъариййа мактабининг асосчиси бағдодлик олим Абдул Ҳасан ал-Ашъарий (873—935), ал-мотуридиййа мактабининг асосчиси самарқандлик таниқли олим Абу Мансур ал-Мотуридий (870—944) таълимотидан сабоқ олган ан-Насафий асосан ал-мотуридиййа мактабига мансуб Ғаззолийнинг маслагига амал қилган олимлардан ҳисобланган. Ўз навбатида ал-Ийжий (1355- йилда вафот этган), Саъдуддин ат-Тафтазоний (вафоти 1390 йил) ва бошқа кўплаб таниқли олимлар ан-Насафий таълимотига таянган ҳолда фаолият кўрсатиб, калом илмида баракали ижод этиб, етук олимлар даражасига кўтарилганлар.

Манбаларда келтирилишича, ан-Насафий ўн бешга яқин асар яратган бўлиб, уларнинг аксарияти калом илмининг турли масалаларига бағишланган. Улар қуйидагилардир: «Ал-Уъмда фи усул ал-фиқҳ», «Баҳр ал-калом фи иълм ал-калом», «Табсират ал-адиллити фи иълм ал-калом», «Ат-Тамҳийд ли-қавоиъд ат-тавҳийд фи иълм ал-калом», «Ал-Оълим вал-мутаъллим», «Ийзоҳал-маҳажатий ли-ковн ал-ақл ҳуж-жатан», «Шарҳ ал-Жомиъ ал-Кабир лиш-Шайбоний фи фуруъ», «Манохиж ал-аиммати фил фуруъ», «Муьтақидот» (Тошкентдаги Абу Рай-ҳон Беруний номли Шарқшунослик институтида Абу ал-Муъийн ан-Насафийнинг бу асаридан бир қўлёзма сақланади (инв. № 40008/2) Араб тилида ёзилган ушбу асар 52 варақдан иборат).

Алломанинг «Баҳр ал-калом» асари алоҳида аҳамиятга эгадир. Асарнинг олтинчи бобидаги фасл (бўлим) тўрт банддан иборат бўлиб, улардан биринчиси «ал-Имомат» (Имомликка оид) деб аталган ва шу бандда келтирилган Пайғамбар алайҳиссаломнинг икки ҳадиси катта илмий аҳамиятга эга. Биринчиси, «Иқтаду биллазийна мин баъдий Абу Бакр ва Умар» (бу ҳадисларни Имом ат-Термизий, Имом ибн Можа, Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа бир қанча муҳаддислар ўз асарларида ривоят қилганлар.) — «Мендан кейин Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар», деган бўлишига қарамай халифалик устида икки кун баҳс бўлган.

Иккинчи ҳадисдаги «Мендан кейин халифалик ўттиз йил, ундан кейин амирлик, подшоҳлик ва ҳоказолар бўлади», деган фикрлари накадар тўғрилигини алоҳида қайд қилиш зарур. Чиндан ҳам бу муддат (яъни ўттиз йил) чорёрлар пайтида тугаган. Бу китоб калом илми бўйича ал-мотуридиййа мактабининг асосийларидан бири ҳисобланади. Чунончи бу асар аш-шайх Абу Мансур ал-Мотуридий асос солган исломий ақиданинг энг бош манбаларидан саналади. Айниқса, ислом динида турли-туман оқимлар ва таълимотлар яратилаётган ҳозирги пайтда бу асарнинг илмий-амалий аҳамияти беқиёс даражада каттадир.

Абу ал-Муъийн ан-Насафий ўз китобини яратишда асосий манба сифатида Имом Абу Мансур ал-Мотуридийнинг «Ат-Тавҳид», Имом Абул Ҳасан ал-Ашъарийнинг «Ал-Ламъа», «Мақолот ал-Исломиййин», Имом ал-Ҳарамайн, Имом Абу ал-Маолий Абдулмалий ал-Жувайнийнинг «ал-Иршод» асарларидан фойдаланган.

«Баҳр ул-калом» асари аллома ижодининг гултожи ҳисобланиб, ислом дини фалсафасини ташкил қилган калом илми бўйича энг қимматли манбалардандир. Бу китобнинг бир қанча қўлёзма ва китобий нашрларининг мавжудлиги ҳам унинг муҳим манбалардан эканлигидан далолат беради ва унинг қимматли қўлёзма нусхалари Дубайдаги Жумъа ал-Можид номли маданият ва мерос марказида, (1167 ҳижрий йилда кўчирилган), Дамашқдаги аз-Зоҳирия кутубхонасининг қўлёзмалар бўлимида, Бағдоддаги «Мактабат ал-Авқоф»да, қоҳирадаги машҳур «Дор ул-кутуб»нинг қўлёзмалар бўлимида сақланади. Ушбу қўлёзманинг 950 ҳижрий йилда оддий хат билан кўчирилган нусхаси Искандария (Миср)нинг «Мактабат ал-баладиййа» номли кутубхонасида ҳам бор. Асар муҳим манба сифатида икки марта нашр ҳам этилган. Жумладан, 1886 йили Бағдодда, 1908 йили Қоҳирада чоп этилган. Лекин ушбу нашрлар тадқиқотсиз амалга оширилган бўлиб, фақат асар матнидан иборат.

«Баҳр ул-калом»га айрим шарҳлар ҳам битилган. Жумладан, Олим Бадруддин Ҳасан Ибн Абу Бакр Аҳмад ал-Макдиси (1415 йили вафот этган) асарга бағишлаган шарҳини «ғоят ал-маром фи шарҳи «Баҳр ал-калом» деб атаган. Бу шарҳнинг бир қўлёзма нусхаси қоҳирадаги «Дор ул-кутуб»да, бошқаси Мисрдаги «ал-Мактабат ал-Ҳадйа-вайа»да сақланади. Таниқли араб олими Ҳожи Халифа ҳам ўзининг машҳур «Кашф уз-зунун» асарида «Баҳр ул-калом»га ёзилган фақат шу шарҳ ҳақида зикр қилган, холос.

Сирасини айтганда, Буюк ватандошимиз Абу ал-Муъийн ан-Насафий ҳаёти ва илмий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш маданиятимиз тарихини ёритишда катта аҳамиятга эгадир.

[1] Умар ибн Муҳаммад ан-Насафнинг «Ал-қанд фи зикри уламои Самарканд» («Самарканд олимлари зикрида қанддек (ширин) китоб») номли асарида учратиш мумкин.

Комилжон Солиев,
«Оқ туника» жоме масжиди имом хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4169 times

Мақолалар

Top