Мақолалар

“Фил” воқеаси ишорат эди

Оламлар сарвари Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келишининг хабари инсониятга берила бошланган эди. Ана ўша хабарлардан бири тарихга “фил” воқеаси номи билан кирган ҳодиса милоднинг 570 йилида юз берган эди.

Бу воқеа юз беришининг ҳикмати нима эди? Бунинг ҳикмати: Раббимиз янги туширажак динининг бурунги динларни заиф қилишига ишора қилган эди. Олдинига Яманга подшоҳ бўлган Зу Невас мамлакат аҳолисининг яҳудийлик динига эътиқод қилмаганларини ўтга ташлади. Зулм ҳаддан ошганидан кейин яманликлар Константинополга шикоят қилиб борди. Шу шикоят сабаб бўлиб Яманда насронийлик кенг ёйилди.

Яҳудийлик Яманга химярийлар замонида кирган эди. Химярий давлати йиқилгандан сўнг Яман христиан ҳабаш истилосига дуч келди.
Ҳабашистон подшоҳлигининг волийи Абраҳа  Яманнинг Санъо шаҳрига катта бир каниса қурдириб, номини «Қуллайс» деб атади. У арабларнинг Каъбага эмас, шу канисага ҳаж қилишини хоҳларди. Халқнинг Каъбага сиғинишига чидай олмас, унинг зиёрати учун карвонлар тўпланиб йўлга чиқишини кўра олмас, дунёнинг тўрт томонидан Каъбага одамлар оқиб келишини ҳазм қилолмасди. Буларнинг ўзи қурган канисада содир бўлишини истарди. Ана шу канисанинг қурилиши унинг мағлубияти дебочаси бўлди. Кунларнинг бирида Канъон қабиласидан бир киши кечаси у канисага кирди. Унинг ичида таҳорат ушатди. Шу ҳодиса Абраҳа тайёр баҳона бўлди. Каъбани вайрон қилмоқчи бўлиб у тарафга қўшин тортди. Уларнинг филлари ҳам бор эди. Араблар бу юришдан хабар топиб Аллоҳга таваккал этдилар. Уларнинг Каъбани Эгаси сақлашига ишончи комил эди. Йўл-йўлакай талончилик қилиб келган ҳабаш аскарлари қурайшнинг энг обрўли кишиси, ҳазрати Пайғамбаримизнинг бобоси Абдулмутталибнинг икки юзта туясини ҳайдаб кетишган эди. Абдулмутталиб туясини қайтариб олмоқчи бўлиб Абраҳанинг олдига келди. Унинг салобатини кўрган Абраҳа тахтидан тушиб келиб ёнига ўтирди ва ҳожатини сўради. Абдулмутталиб унга: Аскарларинг менинг туяларим ҳайдаб кетибди. Уларни қайтариб бер”, деди. Бу гапни эшитган Абраҳа ҳафсаласи пир бўлган одамдек, илжайиб: “Икки юзта туянгни сўрайсан-у, Каъбани бузиш учун келганимни била туриб, бу ҳақда ҳеч нарса демайсанми?!” дея заҳарханда қилади.  “Мен туяларнинг эгасиман, Каъбанинг ўз соҳиби бор. Ўзи сақлаб олади!” дейди Абдулмутталиб. “Мендан сақлаб қололмайди” деди Абраҳа комил ишонч билан. “Буни кўрамиз!” деб жавоб қилади Абдулмутталиб.

Шу билан суҳбат ниҳоясига етади ва қурайшликлар тоққа чиқиб кетади. Тонг саҳарда Абраҳа Маккага киришга тайёргарлик кўрди. Каъбани бузиб ташламоқчи эди. Филини (ёки филларидан бир нечтасини) бу ишга ҳозирладилар. Филнинг номи Маҳмуд эди. Филни Маккага қараб ҳайдашганда ерга ётиб олди, уни турғизишга уриниб турғиза олмадилар. Яман томонга буришганда эса, ирғиб туриб, югуриб кетди. Шу вақт Аллоҳ таоло денгиз томондан уларнинг устига бир тўда қуш юборди. Ҳар бир қушда (бир тумшуғида, икки дона панжалари орасида) ташлаш учун тошлар бор эди. Бу тош аскарлардан кимга аталса, ўшанинг устига ташлаб ўлдирарди. Ҳабашистонликлар ортига қоча бошладилар. Лекин қаерга қочмасин, тошлардан қутула олмадилар. Абраҳа ҳам ярадор бўлган эди. Уни ўзлари билан бирга олиб кетдилар. Санъога боргунга қадар бармоқлари узилиб тушди. Сўнг жуда ҳам аянчли ҳолатда ўлди.

«(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У Зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? У Зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди» (Фил, 1-5)

Хўш, кибри бошига бало бўлиб, Аллоҳнинг уйига қўшин тортиб келиш даражасигача борган Абраҳа Яман тахтига қандай қилиб эга чиқиб қолган эди?

Бу саволнинг жавоби “Пайғамбарлар тарихи” китобида қуйидагича баён қилинган. 

Абраҳа Яман тахтига қандай ўтирган?

Абраҳа Яман подшоҳи бўлди ва унинг устамонлик билан олиб борган сиёсати натижасида подшоҳлиги кундан-кунга кучга тўлиб бораверди. Ваҳб ибн Мунаббих (р.а.) ривоят қилишича, Яманда Зу Невас деган одам подшоҳ бўлган. У салтанатидаги яҳудийлик динига эътиқод қилмаганларни ўтга ташлайди.  Бундай зулм ва ноҳақликка чидашга халқнинг бошқа тоқати қолмайди, сабр косаси лиммо-лим бўлади. Урдус бин Зу Салебан деган одам Византия императори ҳузурига қочиб боради ва Яман подшоҳи яҳудийликни қабул қилмаган насронийларни ёқиб юбораётганини айтиб шикоят қилади. У подшоҳ яманлик руҳонийларни оловга ташлар экан, шу вақтда Инжилда ёзилганларни ҳам инкор этади, деди. Унинг айтганлари ўзининг диндошларига ёрдам беришни бурчи деб билган императорга кучли таъсир қилди. Бироқ Яман Константинополдан шу қадар узоқликда эдики, у ерга қўшин жўнатишнинг ўша вақтда имкони йўқ эди. Шунда император ўзига ўхшаган насронийликкка эътиқод қилувчи Негус Абиссига хат ёзади. Мактубида у яманлик насронийларга ёрдам қилишини, бегуноҳ одамларни ҳимоя қилиб, муқаддас динини ҳимоя қилишга даъват этади.  Хатни ўқиган Негус императорнинг илтимосини бажариша қарор қилади. У етмиш минг кишилик қўшин тўплаб, унга иккита қўмондон тайинлайди. Улардан бирининг оти Эрбат, иккиничисининг оти эса Абраҳа эди. Негус уларга Яманнинг қўшинини мағлаб этиб, мамлакатни  босиб олишни, аёллар ва болаларни асир олишни ва шаҳарни вайрон қилишни амр этади. Абассин қўшинлари Яманнинг чегарасига яқинлашганда Зу Невас ўз яқинларини тўплайди ва халқни душманга қарши курашишга чақиради.  У абассинлар қаршисига жуда катта қўшин билан чиқади. Икки қўшин юзлашади ва уруш бошланиб кетади. Мустабид шоҳ мағлуб бўлади ва денгиз тарафга қараб қочади. У сувга чўкиб кетади. Яман қўшини буткул тор-мор бўлади. Эрбат ва Абраҳа ҳукмдори Негус буюрганини бекаму кўст бажаради. Улар Яманни бир неча йил биргаликда бошқаради. Сўнгра уларнинг орасига нифоқ тушади. Қўшин ҳам иккига бўлиниб кетади: бир қисми Эрбатга, иккинчи қисми Абраҳага бўйсунади. Ўртада уруш бошланади. Урушга тайёрланиб турган ҳолда Абраҳа Эрбатга элчи юборади. Элчи Эрбатга унинг “Биз нега урушяпмиз? бегнуоҳ асбассин аскарларини бир-бирини ўлдиришга амр қилишимиз ақлли одамнинг иши эмас. Яхшиси иккаламиз майдонга чиқиб яккама-якка курашайлик. Ким ғолиб бўлса, Яманнинг ҳукмдори ўша бўлсин”, деган гапини етказади. Эрбат бу таклифни қабул қилади. Улар юзма-юз бўлади. Эрбат баланд бўйли, зуваласи пишиқ одам эди. Абраҳа эса пакана, кўримсиз, аммо ўта айёр эди. У Ануд деган қулига жанг бошланганидан сўнг сездирмасдан Эрбатнинг орқасидан келиб уни ўлдиришини тайинлаб қўйган бўлади. Бунинг эвазига унга нимани истаса ўшани беришни ваъда қилади. Эрбат биринчи бўлиб Абраҳанинг юзига зарба беради ва лабининг тепасини йиртиб юборади. Шу чоқда Ануд орқадан югуриб келиб Эрбатга заҳар сурилган қилични тиқиб олади. Эрбат отдан йиқилади ва вафот этади.  

Бу воқеадан кейин бутун қўшин Абраҳага хизмат қилишга қасамёд қилади  ва уни Яманнинг ҳукмдори деб тан олади. Бўлиб ўтган ҳодисани эшитган Негус ниҳоятда дарғазаб бўлади, Яманга шахсан ўзи қўшин билан бориб Абраҳани қўлга олиб унинг сочини ва соқолини қириб, унга адолатпарварлик қандай бўлишини кўрсатиб қўйишга, Яманни ундан тортиб олишга қасамёд қилади.

Абраҳага  Негуснинг бу қароридан хабар беришганида у зудлик билан  хат ёзиб, узрхоҳлик қилади ва қимматбаҳо совға-саломлар ортилган карвон жўнатади. У мактубида бундай ёзади: “Биз иккимиз ҳам сенинг қўлингизмиз. Бироқ Эрбат қўшинни бошқаришни билмас эди, шунинг учун доим аскарлари ундан шикоят қилиб юрар эди. Менинг қулларимдан бири уни ўлдириб қўйди. У бизни ташлаб кетди, мен унинг ўринга ўтирдим. Яманнинг бутун ҳокимияти энди сенинг қўлингда. Мен Эрбатнинг уқувсизилиги оқибатида Ямандан айрилиб қоламиз деган хавотирда эдим. Менинг вазифам Яманнинг устидан ўрнатилган ҳокимиятни сақлаб қолиш ва уни сизнинг қўлингизга топширишдир”. Кейин сочидан, соқлоидан бир неча тола узиб бир ҳовуч яман тупроғига қўшиб Негусга жўнатади.  Яна у ёзадики, “Сен қўшин юборган қулингнинг нимаси ҳам бўлиши мумкин? Манаменинг соч-соқолим ва яман тупроғи, шу билан сенинг қасаминг бажарлиган бўлади деб умид қиламан”.

Негусга бу гап маъқул бўлади ва  Абраҳани жазолаш борасидаги шаштидан қайтади. Бунинг ўрнига Абраҳани Ямандаги вакили экани ҳақида буйруқ юборади.  Шу билан бирга унинг ҳар қандай буйруқни бажариши мажбурий эканинини таъкилайди.

Шундай қилиб Абраҳа Яман подшоҳи бўлади ва унинг салтанати кундан-кунга кучга тўлиб боради. Қўлга киритган ютуқлари натижасида Абраҳа кибрга берилади ва ўзига маҳлиёлик унинг кўзини кўр қилиб қўяди. У Каъбанинг ўрнини эгаллайдиган ибодатхона қурмоқчи бўлади. Унинг даъвосича, зиёратчилар Каъбани эмас, у қурдирган ибодатхонани зиёрат қилиши керак эди. Ана шундай чалкаш фикрлари унинг ўзининг бошига етди.

 

Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 6930 times

Мақолалар

Top