Мақолалар

Нафл намози: шуруқ ва зуҳо намозлари

Шуруқ (ишроқ) намози 

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бомдод намозини ўқиб бўлганидан кейин намоз ўқиган жойида то чошгоҳ намозини ўқигунча ўтирса, фақат яхшиликдан бошқани гапирмаган бўлса, унинг хатолари, агар денгиз кўпигидан кўп бўлса ҳам мағфират қилинади”, деганлар”.

Абу Довуд, Термизий ривоят қилган. Термизийнинг лафзида:

“Ким бомдодни жамоат билан ўқиса, сўнгра қуёш чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, кейин икки ракат намоз ўқиса, унинг учун ҳаж ва умранинг ажридек бўлур. Тўлиқ, тўлиқ, тўлиқ”, дейилган.

Ушбу ривоятда васф қилинаётган намоз “Салотуш-шуруқ» (Ишроқ намози) дейилади. “Шуруқ” дегани эса қуёш чиқишини билдиради. Шуруқ чошгоҳ намозининг энг аввалги вақтидаги намоздир. 

Зуҳо (чошгоҳ) намози 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким чошгоҳ намозини бардавом ўқиса, унинг гуноҳлари денгиз кўпигича бўлса ҳам мағфират қилинади”, дедилар”.

Имом Термизий ривоят қилган.

Бу намознинг вақти қуёш бир найза бўйи кўтарилганда кириб (яъни қуёш чиққандан тақрибан ярим соат кейин), заволга бир соат қолгунча давом этади. Бу “даҳватул кубро”, яъни катта тонг, дейилади. Зуҳо намози икки ракатдан саккиз ракатгача ўқилади, энг афзали тўрт ракатдан ўқишдир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпроқ тўрт ракатдан ўқиганлар. Унинг энг афзал вақти наҳорнинг тўртдан бири ўтгандан кейиндир.

“Мўминнинг меърожи” китобидан 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 15802 times

Мақолалар

Top