Мақолалар

Фарзанд тарбиясида қиссаларнинг ўрни

Оила ва фарзанд тарбияси масъулиятли вазифалардан бири ҳисобланади. Бу борада уламоларимиз насиҳатлари, аждодларимиз ўгитлари, айниқса, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳатлари катта аҳамият касб этади. Зеро, Ул зотнинг оила ва фарзанд тарбияси масаласида айтган сўзлари ва қилган ишлари ҳар биримиз учун сув ва ҳаводек зарур. Чунки бугунги кунда фарзанд тарбияси, оила масалаларида аҳоли орасида кўпроқ тушунтириш ишлари олиб бориш лозим бўлиб турибди.

Тарбия масаласи азалдан ниҳоятда муҳим омил ҳисобланиб келган. Ислом шариатида ҳам фарзанд тарбияси масаласига алоҳида эътибор қаратилган, хусусан, қизлар тарбиясига. Чунки қиз ва ўғил болаларни тарбия қилиш илк дамларданоқ алоҳида эътибор, ўта эҳтиёткорликни талаб қилади. Бу борада йўл қўйилган кичик бир хато ҳам вақти келиб жуда катта афсус-надоматларга сабаб бўлиши мумкин. Бандаларининг ҳалол ва пок яшашини кўзлаб, улар фойдасига “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради…” деб Аллоҳ таоло Наҳл сурасининг 72-оятида марҳамат қилган.

Башарият ҳидоятчиси, инсоният муаллими, улуғ мураббий, намунали оила бошлиғи, умматнинг ҳақ йўлда барқарор бўлишида беқиёс ҳисса қўшган ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди”, деб ота-она учун фарзанд тарбияси қанчалик муҳимлигини баён қилганлар. Фарзанд тарбиясида ҳикояларнинг ўрни беқиёс. Қисса болани узоқ вақт ўзига жалб қилади, унинг ақли ва тафаккурини чархлайди. Ҳикояда болага роҳат ва лаззат бўлгани учун боланинг онгига таъсир қилувчи услубларнинг аввалгиси ҳисобланади. Набавий қиссаларда болалар учун муҳим бўлган кўплаб фойдаларни топамиз. Бу ҳикояларни Набий алайҳиссалом ўзининг ҳузуридаги катта-ю кичик саҳобаларига сўзлаб берардилар. Набий алайҳиссалом ўтган замонларда бўлиб ўтган воқеаларни сўзлаб берган пайтларида, саҳобалар у зотнинг сўзларига эътибор билан қулоқ солардилар. Чунки қиссаларда улар ва қиёматга қадар келадиган кишиларнинг барчаси учун панд-насиҳат бор эди.

Шу ўринда муҳим бир мулоҳаза бор. Албатта, Набий алайҳиссаломнинг қиссалари ўтган замонларда бўлиб ўтган, ишончли ҳақиқатга суянади. Бу қиссалар чўпчак ва афсоналардан йироқдир. Бу тарихий қиссалар боланинг руҳига, олдинга интилиш ва шижоатни зиёда қилиш каби ишончни ҳосил қилади. Болада манбаи қуримайдиган, доимо оқиб турадиган, ислом шиорларини ва бемаъни бўлмаган чуқур ҳиссиётларни пайдо қилади.

Албатта, дунёнинг буюк олимлари ва машҳур солиҳ кишилар қиссалар боланинг нафсида фазилатларни пайдо қиладиган энг яхши воситадир дея зикр қилганлар. Улар болани машаққатларни кўтаришга, вайронкор ғоялардан нафратланишга ва буюк мақсадларга ундайди.

Баъзи уламолар: “Ҳикоялар Аллоҳнинг қўшинларидан бўлган бир қўшиндир. Аллоҳ бу қўшин билан авлиёларининг қалбларини мустаҳкамлаб қўяди”, деганлар. Бу гапни Аллоҳнинг китобидаги қуйидаги оят тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Ҳуд сурасининг 120-оятида айтади: “Биз қалбингни саботли қилиш учун сенга Пайғамбарлар хабарининг ҳаммасини қисса қилиб айтмоқдамиз. Бунда (сура) сенга ҳақ ва мўминларга мавъиза ҳамда эслатма келди”.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳ: “Менга кўп фиқҳдан кўра уламолар ва уларнинг яхши амаллари ҳақидаги ҳикоялар суюклироқдир. Чунки бу ҳикоялар қавмларнинг одобларидир”, деганлар. Бу гапни Аллоҳ таолонинг китобидаги қуйидаги оят тасдиқлайди. Аллоҳ таоло Юсуф сурасининг 111-оятида шундай деб марҳамат қилади:

Батаҳқиқ, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бор эди

Ҳа, ҳаётда рўй берган бу каби ибратли қиссалар бола қалбидан чуқур ўрин эгаллайди. Инсон табиатида кимгадир эргашиш ва тақлид қилиш сифати бор. Агар унга солиҳ инсонлар ҳақида айтиб берилса, келажакда албатта уларга ўхшашга ҳаракат қилади. Ўз навбатида ота-она ҳам фарзандига бундай услубда тарбия бериши учун илм-у маърифатли бўлиши керак.


Муҳаммад МИРМАҲАМАТОВ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4506 times

Мақолалар

Top