Мақолалар

Найман ота ким бўлган?

Жунайд ал-Бағдодий ҳазратлари, халқимиз тили билан айтганда, Найман ота аслида Бағдодда дафн этилган бўлса-да, туманимизда, яъни Эски Нишондан бир неча чақирим узоқликда, Отқудуқ қишлоғи яқинида у зотнинг рамзий қабри бор. Улуғ аллома шарофатидан бизнинг диёримизга ва халқимизга ҳам Аллоҳ таоло файзу барака ҳамда тинчликни ато этиб келаётир.

Ҳазрат Жунайд ал-Бағдодийнинг рамзий қабри жойлашган Эски Нишоннинг Отқудуқ қишлоғи яқинидаги чўл ҳудудлари ҳақида узоқ йиллардан буён халқ орасида турли ривоятлар мавжуд. Бу масканда илгари отхоналар сифатида фойдаланилган, деб тахмин қилинадиган қадимий иморатлар харобалари мавжуд. Айрим кексаларнинг хотирлашларича, бу харобалар ўтмишда Соҳибқирон Амир Темур аскарларининг отхоналари бўлган, ушбу ҳудудлар машқ майдонлари бўлиб, аскарлар жанг олдидан ана шу майдонларда ҳарбий машғулотлар ўтказган, деган ривоятлар аждодлардан авлодларга ўтиб келган. Маҳаллий аҳолининг кўпчилиги ҳамда бир қанча ихлосманд кишилар бу ерлардаги мўъжизавий, деб ҳисобланадиган айрим воқеа-ҳодисаларни Жунайд ал-Бағдодий ҳазратларининг рамзий қабри билан боғлайдилар. Хусусан, мақбарадан икки юз метрлар чамаси чеккадаги сойликда бир қудуқ қазилиб, ундан чучук сув чиққан. Ваҳоланки, бундай чўли биёбонда қудуқ қазиб сув чиқарилиши анча машаққат бўлгани сабабли қудуқдаги мўл-кўл чучук сув ҳаммани ҳайратга солган. Мазкур қудуқдаги сув туфайли элликка яқин оила қудуқ атрофида доимий яшаб қолган. Бу Жунайд ал-Бағдодий ҳазратларининг кароматларидан бўлса, не ажаб.

Нишонлик кексаларнинг ота-боболаридан эшитишига қараганда, ҳазрат Жунайд ал-Бағдодийнинг хоки поклари келтирилиши Соҳибқирон Амир Темурнинг ҳарбий юришларига боғлиқдир. Албатта, Соҳибқирон Амир Темур қайси жойларга юриш қилган бўлса, ўша масканлардаги олимлар, уламолар, фозилу фузалоларнинг ҳурматларини жойига қўйганлар. Саркарда бобомиз томонидан Қарши шаҳрига “Абу Убайда бин ал-Жарроҳ”, Муборак тумани ҳудудига “ал-Марвазий”, Самарқанд шаҳрига «Дониёл пайғамбар» ҳазратларининг хоки поклари келтириб, юртимизда ул зоти шарифларнинг рамзий қабрлари ҳамда зиёратгоҳ масканлари барпо этилгани бунга мисол бўлади. Улар қаторида ҳазрат Жунайд ал-Бағдодийнинг ҳам хоки поклари Соҳибқирон Амир Темур томонидан олиб келингани ҳар жиҳатдан ҳақиқат бўлиши аниқ.

Абул Қосим ал-Жунайд ибн Муҳаммад ал-Қаворирий ал-Ҳаззоз ал-Бағдодий аҳли сунна ва жамоанинг буюк уламоларидан ва ҳижрийнинг III асридаги сунний тасаввуф шайхларидан бўлган буюк аллома эди. Бир қатор тарихий, диний, шунингдек, баъзи замонавий илмий манбаларда қайд этилишича, ҳазрат Жунайд ал-Бағдодий тасаввуфдаги 2 та асосий оқимдан бири – Жунайдия асосчиси. Асли унинг ота-онаси Ҳамадон яқинидаги Нахованд шаҳридан бўлган. Жунайд ҳазратлари Бағдодда (айрим манбаларда Нахованд шаҳрида дейилган) таваллуд топган ва бутун умри шу ерда ўтган. Алломанинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот сақланиб қолмаган. Айрим манбаларда ҳижрий 220 йилда (милодий 831 йилда туғилган деган тахминлар мавжуд. У гўдаклигида отадан етим қолиб тоғаси, сўфий Сари ас-Сақатий (867 й. в.э.) қўлида тарбияланган ва унинг муриди бўлган. Шофиъий ҳуқуқи ва ҳадисларни машҳур фақиҳ Абу Савра Иброҳим бин Ҳамид ал-Кабалий ал-Бағдодийдан ўрганган. Тасаввуфда аллома Жунайд ал-Бағдодийнинг устозлари Сари ас-Сақатий ва ал-Ҳорис ал-Муҳасибий (тахм. 781-857) бўлган.

Тасаввуф уламоларидан бири Абу Абдураҳмон Салмо у зот ҳақида “У қавмнинг имомларидан ва улуғларидан эди. Барчанинг тилида мақбул эди”, деб таърифланган. Яна бир аллома Абу Одил Шибилий Жунайд ал-Бағдодийнинг ташқи сувратини шундай тасвирлайди. “У оқ рангли, кўзи кўк, бурни узун, қошлари тўғри, узун қоматли ажам эди. Унинг соқоли киндикка тушарди. У киши саксон ёшга кирган эди. Отаси Муҳаммад бин ан-Наховандий эди. Онаси Шоҳ бинти Яздажир эди. У форс подшоҳи Кисронинг сулоласидан, ўша вақтда муслима бўлган.

Жунайд ал-Бағдодий ибодатга қаттиқ киришади, кўп ибодат қилгани сабабли Аллоҳ унинг қалбини очади. У жуда кўп илмларга эга бўлади. Сўфийлик тариқати ҳақида гапиради. Унинг ҳар куни 300 ракат нафл намоз ўқиш вазифаси эди. 30 мингта тасбеҳ айтар эди. Кўп шайхлардан таълим олганди, кўп таснифлар қилди. Охирги пайтда душманлари унга зиндиқ (худосиз) деган туҳматлар ва саодатли бошига қасд қилдилар, аммо қўлларидан ҳеч нарса келмади, улар кўр бўлдилар.

Ҳазрат Жунайд ал-Бағдодий денгиз соҳилида кезар экан, бир мажусий кўпгина ем ва озуқа олиб денгизга, балиқларга ташларди. Буни кўрган Жунайд ҳазратлари: “Нима қилганинг бу?” деб сўрадилар. У “Савоб умидида ем ташлаяпман”, деб жавоб қайтарди. “Сен мусулмон эмассан-ку, қанақа савоб ҳақида гапираяпсан, савобдан умид қилиш учун аввало Аллоҳга иймон келтиришинг керак”, деди Жунайд ҳазратлари. Мажусий сўради: “Хўп, майли, унда айт-чи, сен айтаётганинг Аллоҳ менинг балиқларга ем ташлаётганимни кўрмаяптими?” Унинг бу саволига Жунайд ҳазратлари “Албатта унинг кўрмайдиган, билмайдиган нарсаси йўқдир”,  деб жавоб қайтарди. “Шу менга етади”,  деди мажусий ва ўз йўлига кетди. Орадан 4-5 йил ўтди. Жунайд ҳазратлари ҳаж ибодати учун Маккага бордилар. Каъбани тавоф қилиб турар эканлар, рўпараларида балиқларга ем ташлаган мажусий ҳам Каъбатуллоҳни тавоф қиларди. Ҳазрат Жунайд ундан “Бу ерда нима ишинг бор?” деб сўради. У жавоб қайтарди: “Сен кетганингдан кейин ичимда бир ёруғ нур порлади. Қарасам, ҳамма балиқлар оғзини очиб, шаҳодат калимасини айтди. “Яхшилик қил, денгизга от – балиқ билар, балиқ билмаса, холиқ билар” ҳикматининг маъносини англадим. Шунда сенинг Раббинг мени кўрди, у кўргани учун мен шу ердаман, деди маъжусий.

Ҳа, азизлар сиз билан бизга Найман ота номи билан маълум бўлган Бағдодий ана шундай азиз авлиё бўлган.

 

Ражабхон ҚИЁМОВ,

Нишон туман бош имом-хатиби

ЎМИ Матбут хизмати

Read 5192 times

Мақолалар

Top