Мақолалар

Илмдан ўзга нажот йўқ!

«Фикрбазм» лойиҳасининг бу галги меҳмони Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов «Оила даврасида» нашри мухлисларидан келган саволларга атрофлича жавоб қайтарди.
— Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.
Шундай гўзал бир ишни бошлаб, халқимизни яна бир бор илм-маърифатга чорлаб келаётгани учун «Оила даврасида» газетасига миннатдорлик билдирамиз. Илм-маърифат ҳар куни ҳаммамиз тарғиб қиладиган буюк бир вазифадир. Қуръони каримнинг илк нозил бўлган каломи ҳам айнан ўқишга тарғиб қилиш билан бошлангани бежиз эмас. Ҳадиси шарифда бешикдан қабргача илм ўрганишга буюрилган. Ҳар бир муслим ва муслима учун илм ўрганиш фарздир. Башариятга илм фарз қилинган, илмсиз киши қаттиқ гуноҳкор бўлади. Бу эса ҳар бир инсон ҳамиша илм олишга интилиши зарурлигини тақозо этади.
Суҳроб ҲАСАНОВ, Тошкент шаҳри:
— Сиз деярли барча маърузаларингизда, суҳбатларингизда илм олишга даъват қилиб кел¬япсиз. Баъзан оиламизда тарбия топаётган турли ёшдаги фарзандларимиз учун китоб тополмай бошимиз қотади. Масалан, эндигина тили чиқаётган ёки бошланғич мактабда ўқиётган болалар учун оилада иймон сабоқларини ўргатишда улар ўзлари мустақил ўқиб фойдаланиши учун нима тавсия қиласиз?
— Китобларни тавсия қилишдан олдин баъзи мулоҳазаларимни айтсам. Боланинг қўлига китоб бериб қўйиш билан иш битмайди. Илмнинг аввали одоб, одоб эса амалий илмдир. Ўнг билан чапнинг фарқига етган фарзандига ота-она одоб таълимини бериши вожибдир. Бошқа зарур илмни ҳам шу пайтдан ўргатиб бориш ота-онанинг зиммасидаги мажбурият.
Аввало, ота-она оилада китоб ўқиётганини, илм-маърифатни қадрлашини фарзандларимиз кўриб, гувоҳи бўлиб улғайиши керак. Уларнинг қўлидан етаклаб, китоб дўконларига олиб бориш, у ердаги минглаб китобларни кўрсатиш, айримларини олиб бериш билан китобхонликка рағбатини уйғотиш зарур. Ота-она китобга эътиборсиз бўлса, болани илмга ўргатиш маҳол.
Баъзи ота-оналар қидирмай-изланмай болаларга яхши китоблар йўқ, деб айтади. Бу — бехабарлигимиздан. Китоб расталарини бир айланиб кўрсангиз, барча ёшдаги болалар учун истаганча китоб топилади. Ҳатто боғча ва мактаб болаларининг мустақил ўрганишлари учун араб алифбоси, ҳуснихат, Қуръон ўқиш учун савод чиқаришни ўргатувчи «Муаллимус-соний» китобининг овозли ёзувларигача тайёрлаб чиқарилган. Болалар учун Шайх Муҳаммад ¬Содиқ ҳазратларининг «Соғлом бола», Зиёуддин Раҳимнинг «Одобли бола» китоби, яна болалар учун одоб-ахлоқ ҳақидаги айрим эртак китобларни ҳам тавсия қилиш мумкин. Ҳар қандай китобни ота-она аввал ўзи ўқиб, боласи учун содда ва равон тилда тушунтириб берса, фарзанд бундан кўп манфаатлар олади.
Нурбек ШОРАҲМЕДОВ, Тошкент вилояти:
— Ёшим 58 да. Ёшлигимда илм ололмаганимдан бугун жуда афсусдаман. Лекин илмга ихлосим баланд. Шу ёшимда ҳам илм олиб, Аллоҳнинг марҳаматидан баҳраманд бўлишни истайман, аммо хотирам аввалгидай эмас. Нима дейсиз, мен учун илм ўрганиш кеч бўлмадимикан?
— Юқорида айтиб ўтганимиздай, ҳадиси шарифда бешикдан қабргача илм олишга буюрилганмиз. Ҳатто Қуръоннинг бирон ҳарфини танимаган киши ҳам уни қўлига олиб, варақлаб кўрса, ниятига яраша савоб топаверади, дейишган уламолар. Илм учун кўнгил пок, ният холис бўлиши керак (Навоий ҳазратлари айтганларидек, «Илмни ким воситаи жоҳ этар, Ўзинию элини гумроҳ этар»). Кўзини, оғзини ҳаромдан сақлай олган, қалбини кин, адоват каби барча ёмонликлардан асрай олган киши илмни тез ўргана олади. Ёшим ўтиб қолди, деб илмни тарк қилиш бу — жаҳолат.
Энди бир ҳаётий далилни билдирмоқчиман. Бир инсон олтмиш ёшида ҳарф ўқиди. Олтмиш беш ёшида Қуръонни ёдлади. Шу киши ҳозир ҳам ҳаёт. Умрлари узоқ бўлсин, саксондан ошган. Шу кишининг илмга муҳаббатларини кўриб ҳайрон қоласиз.
Инсон илм олмоқчи бўлса, ёшнинг мулоҳазасини қилмаслиги керак. Баҳоли қудрат, Аллоҳ муяссар қилганича ўрганиб, билганларига амал қилиб бораверса, Аллоҳ илм йўлини унга осонлаштириб қўяди. Шунингдек, бу саволни йўллаган инсон ҳам астойдил бел боғласалар, анча илмга эга бўлишлари ажабмас. Интилган киши кунига бир дона ҳадис ё биттагина оят бўлсаям ўзлаштириб борса, катта илмга эришади.
Эргаш ШОЖАЛИЛОВ, Тошкент шаҳри:

— Сизни энг пешқадам олимлардан бири деб биламиз. Маърузаларингизни, телевидение орқали чиқишларингизни мароқ билан кўриб борамиз. Яна сизни ҳазрат Навоий ижодининг моҳир билимдони сифатида ҳам яхши биламиз. Бу улуғ зотнинг ижоди ҳақида бирон китоб ёзишни ният қилганмисиз?
— Бу — мен анчадан бери ўйлаб юрган иш. Аллоҳ хоҳласа, кўпчиликнинг дуолари шарофати билан шу пайтгача қилган ишларни жамлаб, уларни янада тўлдириб, бойитиб, бир иш қилиш ниятимиз бор.
Ҳазрат Навоийнинг ижодларига қизиқишим менда мактаб кезларидаёқ бошланган. Бир вақтлар бизга Навоийни бошқача ўқитишган. Уни фақатгина шунчаки шоир қилиб кўрсатишга уринишган. Унинг ижодини асл илдизидан кесик ҳолда талқин этишган (Шундай талқинларни баъзан ҳали ҳам телевизорда кўриб қолсам, хафа бўламан). Ҳазрат Навоий буткул бошқа олам. Биз уни ўқисак, ўргансак, тушунсак, бугунги анча-мунча муаммоларимизга ўз-ўзидан ечим топамиз. Буни халққа етказиб бериш зиммамиздаги вазифа ва масъулиятдир.
Араш бобо ҲАСАНОВ, Қоракўл тумани:
— Бир йиғинда «Муҳаммад алайҳиссаломдан ташқари ҳамма пайғамбарлар яҳудий», деган гап бўлди. Шу гап ростми?
— Йўқ. Баъзи пайғамбарлар Бани Исроилдан чиққан. Шуни айримлар илмсизлик билан яҳудий деб тушунишади. Аслида Бани Исроил дейилиши Яъқуб алайҳиссалом билан боғлиқ. Исроил — Яъқуб алайҳиссалом исмларидан бири.
Саволда балки пайғамбарлар шажараси ҳақида гап кетаётгандир. Яъни, Иброҳим алайҳиссаломнинг икки ўғли пайғамбар бўлган. Бири Исҳоқ, бири Исмоил алайҳиссалом. Кўп пайғамбарлар насаби Исҳоқ алайҳиссаломга бориб тақалади. Исмоил алайҳиссалом наслидан эса охирзамон пайғамбари — сарвари коинот Муҳаммад алайҳиссалом туғилганлар. Иброҳим алайҳиссаломни ҳам яҳудий деб бўҳтон тарқатишганида бу гап нотўғри экани ҳақида Қуръони каримда очиқ-ойдин далиллар келган.
Шаҳризода МУҚИМОВА, Чирчиқ шаҳри:
— Мен Қуръон маъракаларда ўқилиши ҳақида эшитганман. Лекин бир танишимдан баъзи никоҳ тўйларда ҳам Қуръон ўқилишини айтганида, ҳайрон бўлдим. Аслида Қуръон қачон, қаерда ва нима мақсадда ўқилиши керак?
— Бу саволни берган синглимизми, опамизми, ҳали анча ўқиб-ўрганиши керак экан. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг инсониятга туширган ҳидоят китоби. Уни ҳаммамиз ҳамиша — тўйда ҳам, бошқа пайтларда ҳам ўқишимиз зарур. Мақсад эса холис Аллоҳ учун бўлиши керак. Қуръон ўқилган жойда нур бўлади, барака бўлади. Лекин афсус, бугун уни фақатгина уйида ё машинасида олиб юрадиганлар, ҳашаматли уйининг деворига фақат безак учунгина ёздирадиганлар ҳам учраб турибди. ¬Қуръонни, аввало, қалбимизга муҳрласак, дилимизга жо қилсак, кўнгилдаги ҳамма ғаразларни кетказади. Қалбни тозалайди ва ундай одамдан ёмонлик чиқмайди. Қуръон ўқиб, ёдлаб, амал қилиб юрган кишининг икки дунёси обод бўлади, барака топади. Мана, бугун юртимиз бўйлаб оммавий Қуръон мусобақалари ўтказиляпти. Биринчи йилнинг ўзида беш мингдан ортиқ иштирокчи қатнашяпти. Бу — Қуръоннинг баракоти.
Руҳий тарбия устозлари Қуръонсиз қалб — ўлик қалбдир, дейишган.
Дуоларимиз Қуръон тиловатидан кейин қабул бўлади. Шунинг учун уламолар олдин Қуръон тиловат қилиб, кейин ҳожатларини Аллоҳдан дуо қилиб сўрашган. Яна Қуръони каримнинг кўплаб манфаатлари бор, буларни тартиб билан ўқиб-ўрганиб, ҳаётимизга жорий қилиб бориш зарур.
Нурмуҳаммад МУҲАММАДИЕВ, Сурхондарё вилояти:
— Жойларда ўзини дин пешвоси ҳисоблайдиган айрим диний ходимлар баъзи касбларда, хусусан, давлат идораларида ишлайдиган кишиларга паст назар билан қарашларига гувоҳ бўлганмиз. Нима, кимнинг қай даражада иймонли эканини ўша «пешво»лар белгилайдими?
— Афсуски, бундай жаҳолат диний ходимлар орасида ҳам учраб турибди. Аслида Аллоҳ таолонинг ҳузурида бандалар бир-биридан фақатгина тақвоси билан фарқ қилади. Ўзини бошқалардан юқори тутиб, бошқаларни камситиш ва менсимаслик кибрдир. Кибр энг катта гуноҳлардан саналади.
Асила ШАҲОБИДДИНОВА, Тошкент шаҳри:
— Савдогар молнинг нархи устига қанча қўйиб сотиши мумкин (Айниқса, кийим-чечак масаласида)?
— Буни бозор белгилайди. Лекин бозордаги нархни сунъий ошириш ёки оширишга келишиб олиш мумкин эмас. Таннархнинг устига қанча кам қўйилса ва қаноатли бўлинса, барака ҳам шунча кўпайиб бораверади.

Аммо шариатимизда ихтикор деган тушунча бор. Бу — озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошганда сотиш учун атайлаб ушлаб туриш оқибатида тақчиллик келтиришдир. Бундай қилиш мумкин эмас.
Ҳасан ҚУЛМУРОДОВ, Денов тумани:
— Тижорат сирини сақлаш мақсадида ёлғон ишлатилиши жоизми?
— Жоиз эмас. Ҳар қандай ёлғон тижоратнинг баракасини кетказади. Тижорат илмини билмаган, унга риоя қилмаган кишининг тужжорлик қилиши жоиз эмас.
Ғолибжон МИРЗАЕВ, Тошкент вилоятидан:
— Имрон, Мубина, Ясин, Ясина, Сакина каби исмлар ҳозир урфга киряпти. Шундай исмлар қўйиш тўғрими?
— Имрон, Мубина каби исмларни қўйса бўлади. Лекин Ясина, Имона, Имрона каби исмларни қўйиш жоиз эмас. Бу тил қоидаларига тўғри келмайди.
Зафар ШОЖАЛИЛОВ, Асака тумани:
— Бу йилги ҳаж мавсумида зиёрат нархлари ошармиш, деган гаплар юрибди. Бу қанчалик тўғри? Унинг аниқ миқдори белгиландими?
— Бу ҳозирча ҳали аниқ бўлгани йўқ. Аниқ бўлса, Ўзбекистон мусулмонлари идораси расман эълон қилади. Ҳозир ўша миқдорни зиёратчиларимиз учун қулай нархларда белгилаш борасида иш олиб бориляпти.
Ноила СОДИҚОВА, Зангиота тумани:
— Фарзандимиздан бошқа ёшларнинг тарбиясига ҳам масъул бўламизми? Масалан, қўшнининг фарзандига тўғри маънода танбеҳ бериш мумкинми? Бунга унинг ота-онасидан эътироз эшитсак-чи?
— Бу жуда ўринли савол. Биз худбин бўлмаслигимиз керак. Яъни, бу менинг фарзандим, деб унинг юриш-туриши, хулқ-атвори, бошқа хатти-ҳаракатлари ҳақида қайғурсак-да, худди шундай бошқа бир боланинг тақдирига бефарқ бўлишга ҳақли эмасмиз. У ким бўлишидан қатъи назар, бирон ножўя ишидан хабар топсак, уни тўғри йўлга бошлашга масъулмиз. Динимиз ҳар бир инсонни ширин сўз, юмшоқ муомалада бўлишга чақиради. Меҳр-оқибат кўрсатишга буюради. Агар фарзандига ўринли танбеҳ берилгани учун ота-она ўртага тушиб, ёнини оладиган бўлса, энди бу ҳам ўз илмсизлигини намойиш этиш бўлади. Қайтанга: «ўша инсон сенга тўғри айтибди, катталарнинг эътирозига сабаб бўладиган номаъқул ишларингни йиғиштир, одобли бўл», деб насиҳат қилиши зарур. «Бола меники, нима қилишини ўзим биламан», дейиш ота-она билан боланинг хулқи бир хил эканини кўрсатиб туради. Қуш уясида кўрганини қилади, деган гап бежиз айтилмаган, ахир.
Мен шундай ота-оналар қўлида «тарбия» топаётган айрим ёшларимиздан ташвишдаман. Уларнинг моддияти қанча тўкис бўлгани билан маънавий саёзлиги шундоққина билиниб қоляпти. Улар ҳазрат Навоийни, Қодирийни ўқиб, бирон нарса ола билармикан, деган савол мени қийнайди.
Бир пайтлар одамлар моддий жиҳатдан ҳозиргидай тўкин бўлмаган йиллари, ўзим гувоҳи бўлганман, маънавият, диёнат, ҳаё-ибо анча юқори даражада бўлган. Бу ҳақда бугун тинмай бонг уряпмиз, бундан кейин ҳам гапирамиз. То шу ҳолатларимиз ислоҳ бўлмагунча жим қараб туришга ҳеч биримизнинг ҳақимиз йўқ.
Фазилат ҚОСИМОВА, Қашқадарё вилояти:
— Она қизининг турмушига ҳуда-беҳуда аралашиб, ҳатто уни барбод қилаётган ҳолларга ҳам баъзан дуч келяпмиз. Бундай пайтларда қандай йўл тутилади? Она қизининг оиласига аралашиши мумкинми?
— Бундай ҳолатларга кейинги пайтларда кўп дуч келадиган бўлдик. Афсус. Бунинг сабаби шариатимиз кўрсатмаларини билмаганимиз, ўз ҳақ-ҳуқуқимиздан хабарсизлигимиз, бошқалар ҳақини билиб-билмай поймол қилаётганимиздан. Бир йигит қизга ота-онанинг розилиги билан, маҳрини бериб, никоҳ ўқитиб, уйландими, демак, энди у қизнинг хўжайини-эгаси ўша эркак ҳисобланади. Унинг хотинига қайнота-қайнона хўжайинлик қилолмайди, турмушига аралашолмайди. Лекин яхшилик билан қариндош-уруғчилик, қуда-андалик қилинадиган бўлса, мумкин. Баъзи бир оналар турмушга узатган қизининг аллақачон ўзга оиланинг бекасига айланганини, ўзининг тасарруфидан чиқиб кетганини тўғри тушуниб етиши керак. Ҳуда-беҳуда унинг оиласига, турмушига, оилавий йўл-йўриқларига аралашавериши яхшиликка олиб келмаслигини тушуниб етиши зарур. Акс ҳолда, ўз фарзандимизни бахтсиз қилиб қўямиз. Бундан Аллоҳ сақласин. Қизингизни бир кишига ишониб топширдингизми, энди унинг ўз уйида бемалол яшашига қўйиб беринг.
Парпи ЭШМОНОВ, Самарқанд вилояти:
— Баъзи жойларда домлалар кўчириқ ўтказишади. Шу ҳақиқатда бор нарсами? Динда бу ҳақда нима дейилган?

— Бу саволнинг ўзи нотўғри. Сабаби, ўша амални қилаётганлар Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ишлаётган домлалар эмас, лекин халқ уларни домла, мулла, илмли киши деб ўйлайди. Уларнинг қилаётган ишлари ҳам шариатга номувофиқ. Шариатда хастага ¬Қуръон тиловат қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўргатган махсус дуоларни ўқиб, дам солиб қўйиш бор ва бунинг шифоси муқаррар, чунки Қуръонни Аллоҳ шифо деб атади. Қуръондан бошқа нарса билан дам солинмайди.
Биз асл ҳақиқатларни билмаслик натижасидаги айрим ножўя ишлар орқали жонимизни ҳам, ҳаётимизни ҳам хатарга қўйишдан Аллоҳ сақласин.
Зоир ПАНЖИЕВ, Сурхондарё вилояти:
— Ёмон туш кўриш инсон руҳиятига таъсир қилиши бор гапми? Шундай ҳолда ўқитиш ҳақиқатда наф берадими?
— Албатта. Жаноб Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёмон туш кўрганда уни яхшига йўйиш кераклигини айтганлар. Тушни ҳаммага ҳам айтавермаслик, зарур бўлганда унинг таъбирини яхши одамлардан сўраш тавсия этилган. Туш таъсирида ёмон хаёлларга бориб, ундан шубҳаланмаслик керак.
Қуръон ўқиш ҳар қандай ҳолатда инсонга фойда қилиши бу — буюк ҳақиқат. Инсоният унинг фойдасини ўзида ҳис қилгани учун ҳам бу анъана асрдан асргача ўтиб келяпти ва то қиёматгача давом этади.
Марҳабо ВАҲОБОВА, Тошкент шаҳри:
— Менинг саволим тўйлардаги олди-бердилар ҳақида. Куёвлар келиндан совға-салом талаб қилиши тўғрими? Ҳатто битта латта учун ҳам талашишади?
Илмира ҚОБУЛОВА, Тошкент вилояти:
— Фақатгина хотинини ишлатиб ўзи шунинг орқасидан кун кўрадиган эркаклар ҳақида нима дейсиз?
— Шу икки саволга битта жавоб бермоқчиман. Тўй қилиш, унинг барча сарф-харажатлари, келиннинг моддий-маънавий эҳтиёжлари — буларнинг ҳамма-ҳаммаси куёвнинг зиммасида вожибдир. Ўзини чинакам эркак деб ҳисоблаган киши аёлнинг нарсасига кўз тикмайди. Бу каби ҳолатларнинг учраётгани бугун айрим эркакларимизда эркаклик ҳамияти камайиб кетаётганидан далолатдир. Эркак киши ўз улуғлигини кетказиб, дунёнинг арзимас матоси учун тамагирлик қиладиган шармандали бир аҳволга ўзини солмаслиги зарур. Ахир, эркак оила бошлиғи, оиланинг барча таъминоти учун масъул бўлган шахс-ку! Агар у ҳамма ишда хотиннинг қўлига қараб тураверса, оиладаги раҳбарлик мақоми қаерда қолади?!
Қуръони каримда эркаклар аёллар устидан алоҳида бир даражага эга эканликлари баён этилган. Бу илоҳий низомга қарши чиқиб бўлмайди.
Эркакнинг жисмоний жиҳатдан меҳнат қобилиятини йўқотгани бу — бошқа масала. Лекин тўрт мучаси соғ бўла туриб, фақат дангасалик орқасидан хотини ё ҳали балоғатга етмаган фарзандини ишлатиб қўйиб, баъзан уларга тиланчилик каби ножоиз ишларни қилдириб кун кўриш мутлақо мумкин эмас. Оилада эркак киши эркакнинг, аёл киши аёлнинг вазифасини бажариши шарт.
Оллаёр ҚЎШНАЗАРОВ, Боғот тумани:
— Ўзининг аҳли ёки қариндошлари муҳтож бўла туриб, бошқаларга пул харж қилиб юрадиган бойваччалар ҳам баъзан учраб туради. Буларга қандай муносабат билдирасиз?
— Садақани ўзимиздан, оиламиздан бошлашимиз зарур. Ҳатто уламоларимиз закотни бошқа шаҳардаги одамга бермаслик авло эканини алоҳида таъкидлашган. Садақа — эҳсон, яъни савоб умидида холис Аллоҳ учун қилинган яхшиликдир. Ўз оиламиздаги кишиларнинг таъминоти бизга вожиб бўлиб турган бир пайтда ёки қариндош-уруғга, қўни-қўшнига силаи раҳм қилиш буюрилган бир ҳолатда олдин бўйнимиздаги ўз мажбуриятимизни бажармасдан бошқа ишларни қилиб юришимиз тўғри бўлмайди. Садақа-эҳсон бировларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатиш, дарду кулфатини, мусибатини енгиллаштириб, кўнглига хурсандчилик олиб кириш воситаси ҳисобланади. Ўз оиласидагилар шундай кўмакка муҳтож бўлиб турганда уларга хайрихоҳлик кўрсатмасдан бошқа ишлар қилиш бу — самимий яхшилик эмас, риё ёки қайсидир бошқа ғаразни кўзлаб қилинган номақбул ишдир.


«Оила даврасида» мухбири
Ғуломжон БОБОЖОНОВ ёзиб олди.
Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 4292 times

Мақолалар

Top