Мақолалар

Нима учун “Саҳиҳи Бухорий” айнан ният ҳақидаги ҳадис билан бошланган?

Юртимиз мустақилликка эришганидан кейин кўплаб асарлар ўзбек тилига таржима қилинди ва араб тилини билмайдиган кишиларга бемалол асл манбаларга мурожаат қилиш имкони туғилди. 

Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобини ўқиш давомида кишини қизиқтирган савол пайдо бўлади. Бу савол қуйидагича: “Нима учун “Саҳиҳи Бухорий” айнан ният ҳақидаги ҳадис билан бошланган? 

Энг ишонарли ҳадис тўплами ҳисобланган “Саҳиҳи Бухорий” асари мустақиллик шарофати туфайли икки марта минглаб нусхада нашр этилди ва деярли ҳар бир ўзбек хонадонига кириб борган. Ўқувчиларнинг мана шундай улуғ китобни олиб, ўқиб чиқиши, ўзини қизиқтирган савол билан мурожаат қилиши бошқаларни ҳам илмдан баҳраманд қилади. 

Яҳё ибн Саид ривоят қилади: “Умар ибн Хаттоб минбарда турганларида: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бундай деганларини эшитганман”, дедилар: “Дарҳақиқат, амаллар ниятга боғлиқдир. Ҳар кимга ният қилгани бўлади. 

...Кимнинг нияти ҳижратдан дунё топиш бўлса, дунёга эришади, кимнинг нияти хотин олиш бўлса, унга никоҳланади. Демак, қандай ниятда ҳижрат қилган бўлса, ўша эътиборга олинади” (Имом Бухорий). 

Имом Шофиъий: “Илмнинг ярми шу ҳадисда”, деганлар. Кўпчилик фақиҳлар “ҳар бир амалда ният фарз”, дейишади. Банда нияти яхшилиги билан ўз эҳтиёжи, талаби йўлидаги барча иш ва ҳаракатлардан савоб олади, оддий амалини ибодат даражасига кўтаради. 

Машҳур “Сунан” соҳиби Абу Довуд Сижистоний ўзи тўплаган беш юз минг ҳадис орасидан бор-йўғи 4800 тасини танлаб, улардан тўрттаси бир кишининг дини учун кифоя қилишини айтиб ўтган ва улар орасида энг биринчиси ният ҳақидаги ҳадис эканини таъкидлаган. 

Бир одам Макка шаҳрида Умму Қайс исмли аёлга уйланишни айтганида аёл унга Мадинага ҳижрат қилмагунича тегмаслигини шарт қилади, у киши Умму Қайсга уйланиш ниятида Мадинага кўчиб боради. Борган кунидан эътиборан у “Умму Қайс муҳожири”, деб тилга олина бошлайди (Ибн Ҳажар, “Фатҳул Борий”, 1/10). 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келтирган рисолатга ишонган саҳобалар қийинчиликларга қарамай, ҳамма нарсаларини ташлаб Мадинага ҳижрат қилишларидан мақсад фақат Аллоҳ розилиги бўлгани ва бу йўлда ҳар хил азоб-уқубатларни енгиб ўтганлари тарихдан маълум. Ўзи истаган аёлга уйланиш учун сафарга отланган киши билан Расулуллоҳнинг буйруғига итоат этиб, ҳижрат қилган саҳобалар бир хил сафар қилган бўлсаларда, уларнинг ниятлари бошқа-бошқа эди. Дунёвий истагини қондириш учун йўлга чиққан киши ҳам мақсадига етишди, бироқ Аллоҳ ва Унинг Расулининг буйруғига итоат этган саҳобалар қозонган улуғ ажр-савоблардан бебаҳра қолди. 

Ислом дини яхши ниятсиз ва мақсадсиз амалларни беҳуда ҳисоблайди. 

Шу боис мўмин киши нималар қилаётганини англаб, ақл-идрок билан иш тутиши лозим. Мисол учун, ташқи кўринишидан Аллоҳга ибодат қилаётган кишининг нияти ибодат бўлмаса, унинг намози ибодат ўрнига ўтмагани каби кундузлари ейиш-ичиш ва жинсий яқинликдан ўзини тийган киши ҳам холис ният қилмаса, унинг рўзаси қабул бўлмайди. Бир ривоятда: “Мўмин кишининг нияти амалидан яхшироқ” (Имом Табароний, “Ал-Муъжам ал-кабир”, 6/185), дейилган. 

Баъзи олимлар буни: “Мўминнинг нияти ниятсиз амалидан яхшироқдир” (Ибн Абдулбарр, “Ат-Тамҳид”, 19/205), деб шарҳлашган. Яна ҳам тушунарлироқ бўлиши учун бу ривоятни қуйидагича шарҳлаш мумкин: “Аллоҳ таоло мўмин бандасини жаннатда амали билан эмас, балки нияти билан абадий қолдиради. Агар амали билан мукофотлантирса, бу мукофот абадий ҳаётни ифода этмайди. Чунки амал саноқли йиллар билан чегараланган, унинг бадали мислича ва бир неча баробар қилиб берилиши мумкин. Аллоҳ таоло бандаларини ниятлари туфайли абадий жаннатда қолдиради. Зеро, мўмин бандага абадий ҳаёт берилса, у Аллоҳга абадий итоат қилишни ният қилади. Шунинг учун Аллоҳ таоло унинг мукофотини ҳам абадий қилади (Абу Бакр Аҳмад ибн Марвон ад-Диноварий, “Ал-Мужоласа ва жавоҳирул илм”, 4/202).

 

“Сўраган эдингиз” китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 5486 times

Мақолалар

Top