Мақолалар

Кичик ширкдан хабардормизми?

Тавҳид ақидасини лозим тутган мусулмон инсон ширк нарсаларнинг барчасидан халос бўлишга ҳаракат қилади. Аммо махфий ширк хасталигига чалиниш эҳтимоли бор. Бу хасталикнинг номи риёдир. Келинг, риё ҳақида батафсил сўз юритамиз.

“Риё” луғатда “кўз билан кўриш”, “назар солиш” ва “одамлар кўрсин”, деган маъноларни англатади. Истилоҳда эса, риё бир мусулмоннинг Аллоҳнинг розилигини кўзламай амал қилиши ва дунёвий фойдаларни кўзлаб, зарарларни даф қилиш ҳамда дунёда мартабаси улуғланиши учун ибодатларни зоҳир қилишдир.

Ўз амали ила холисона Аллоҳ Таолонинг розилигини истамаган риёкор ҳалокатга учраши баёни очиқ-ойдин далиллар билан келган. Аллоҳ Таоло Бақара сурасида:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا لَا تُبْطِلُوا صَدَقَاتِكُمْ بِالْمَنِّ وَالْأَذَى كَالَّذِي يُنْفِقُ مَالَهُ رِئَاءَ النَّاسِ وَلَا يُؤْمِنُ بِاللَّهِ وَالْيَوْمِ الْآَخِرِ فَمَثَلُهُ كَمَثَلِ صَفْوَانٍ عَلَيْهِ تُرَابٌ فَأَصَابَهُ وَابِلٌ فَتَرَكَهُ صَلْدًا لَا يَقْدِرُونَ عَلَى شَيْءٍ مِمَّا كَسَبُوا وَاللَّهُ لَا يَهْدِي الْقَوْمَ الْكَافِرِينَ

«Эй иймон келтирганлар! Садақаларингизни миннат ва озор бериш билан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирмаса ҳам, молини одамлар кўриши учун нафақа қилганга ўхшаб ботил қилманг. У мисоли устини тупроқ босган, сўнгра кучли ёмғир ёғиб, уни сип-силлиқ қилиб қўйган ясси тошга ўхшайдир. Касб қилган нарсаларидан бирор нарсага қодир бўлмаслар. Ва Аллоҳ кофир қавмларни ҳидоят қилмас», деган (264-оят).

Аллоҳ Таоло Маъун сурасида:

فَوَيْلٌ لِلْمُصَلِّينَ الَّذِينَ هُمْ عَنْ صَلَاتِهِمْ سَاهُونَ الَّذِينَ هُمْ يُرَاءُونَ

«Бир «намозхонлар»га вайл бўлсинки, улар намозларини унутувчилардир. Улар риё қиладиганлардир», деган (4-6-оятлар).

Ибн Лубайддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сизлардаги энг хавфсирайдиган нарсам махфий ширкдир», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг Расули, махфий ширк нима?» деб сўрашди. У зот бундай дедилар: «Бу риёдир. Қиёмат куни одамлар ўз амаллари билан келишганида Аллоҳ Таоло: «Дунёда риё қилганларингизнинг олдига боринглар. Назар солинглар-чи, уларнинг олдида мукофот бормикан?» дейди» (Имом Аҳмад ривояти).

Ушбу мақолада риёнинг айрим кўринишларига тўхталиб ўтамиз.

Биринчиси, риё бадан-жасад билан бўлади. Бунда риё қилувчи гавдасининг озғинлигини, терисининг ранги сарғайганини изҳор этади. Бу билан одамларга қаттиқ ижтиҳод қилганини ва охират хавфидан кўрқаётганини кўрсатмоқчи бўлади.

Бадан бирлан риё қилган риёкор

Тани озғин, юзида сафроси бор.

Ул гўёки дин учун маҳзун эмиш

Ҳам кечалар қиёми узун эмиш.

Шунга ўхшаб, сочини тарашга вақти йўқлигини ва бутунлай дин ғамига ғарқ бўлганини изҳор этиш мақсадида тўзиган сочларини одамларга риё қилади. Овозини пасайтириб гапириш, доимо рўзадорлигига ишора сифатида лабларининг қуришгани, кўзларининг ичига кириб киртайганини риё қилиб кўрсатиш ҳам шунга яқин ҳисобланади.

Шунинг учун ҳам Исо (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Агар орангизда кимдир рўзадор бўлса, сочларини ёғлаб, яхшилаб тараб олсин”. Нега деганда, рўзадорга риё офатларидан хавф мавжуд. Булар дин аҳлига баданидан бўладиган риёлардандир.

Аҳли дунёлар одамларга ўзларининг тўла-семизликларини ва чиройли рангларини, келишган қадди-қоматларини, гўзал юзларини ҳамда озодалиқларини кўрсатиб риё қилишади.

Иккинчиси, кийим-бош билан бўладиган риё. Бошни қуйи солиб юриш, юз-пешонада сажда асарини қолдириш  кабилар.

Ҳикоят: Бир тегирмончининг эшаги йўлда ётган арслон терисини кўрди. Ўзига-ўзи: «Буни кийсам, ҳар кимни қул қилиб оламан» деб, дарҳол арслон терисини кийиб олди. Бу найрангни билмаган ҳайвонлар унга ҳурмат ва таъзимни канда қилмадилар. Тегирмончи буни билиб қолди. Эшакнинг қулоғи катта бўлганидан арслон терисидан чиқиб турарди. Тегирмончи қўлига бир таёқ олиб, эшакни дарҳол олдига солиб, уриб, бир қул каби айлантира бошлади…

Тушуниб турибсиз, бу найрангбоз ва риёкор кимсалар ҳақидаги ҳикоят. Эшак табиатли кимсалар ўзларини арслон кўрсатиб, кишиларни алдайдилар. Ҳолбуки, уларнинг бу ишлари риёкорликдан ўзга нарса эмас. Риёкорлар шу ҳикоятда баён этилган арслон терисидаги эшакка ўхшайдилар.

Аммо аҳли дунёларнинг мунофиқликлари нафис либосларни кийиш, чиройли от-уловларни миниш, кийимлар, уй-жойлар ва асбоб-ускуналарини безатиш билан бўлади.

Қиммат маркаб ва ҳашамдор масканлар,

Қомат узра олтин-зарлар осганлар.

Кўз-кўз этар барча обрў-бойлигин,

Хонимлар чиройда шамс-у ойлигин.

Ҳозирги кунда  замонавий  кийиниш, яьни ёшлар тили билан айтилса “мода”га қараб кийиниш урфга айланиб бормоқда. Аёлларимиз ичида  хориждан келган кийимлар кийиш, кўйлаклар рангига қараб туфли, ҳаттоки қўл сумкаларини ҳам рангига мос қилиб машҳур фирма маркалари босилган турли-туман мавсумий кийимларга буюртма бериб кийиниш оммалашиб бормоқда. Ҳаттоки эркаклар орасида ҳам хилма-хил русумли шим-кўйлаклар кийиш урфга айланмоқда. Аллоҳ Таоло Қурьони Каримда “Енглар, ичинглар, исроф қилманглар”, деб буюрган. Яьни, ушбу оятни олимларимиз тафсир қилганларида, бу оятдаги хитоб нафақат ейиш-ичиш, балки кийинишга ва бошқа ҳаётий эҳтиёжларга тааллуқли эканини эслатиб ўтишган.

Учинчиси, сўз билан риё қилиш. Риёнинг бу турида инсон ўзини сўзга чечанлигини намоён қилиш мақсадида, ибратли шеър, матал, қофиядор жумлалар ва бошқаларни ёдлаб олиб, ўзини бошқалар ичида ажралиб туришини намоён қилгиси келади.

Риё бирин гап-сўзинда аёндир,

Дастаги сўз ҳамда гўзал баёндир.

Турфа хабар асарларни ёд олар

Ва гўёки олимман деб дод солар.

Безарурат амру-наҳи қилар у

Гўё олим кўп нарсани билар у.

Дин аҳлининг ваъз, охиратни эслаш, диний хабар ва осорларни маъруза қилиш мақсадида ёдлаши, солиҳ салафлар аҳволига қаттиқ аҳамият беришга далолат қилувчи ҳикоя ва чуқур илмни изҳор этиши, одамлар ҳузурида зикр айтиш билан лабларини ҳаракатлантириши, инсонлар ўртасида ёмон кўрилган нарсалардан ғазабланишини билдириши, хавф, тавозе ва шу кабиларга далолат бўлиши учун Қуръони Каримни паст овоз билан секин-аста ўқиши

Дунё аҳлин риёси ҳам ўзгача,

Гўзал юз-у ва оҳангдор сўзгача.

Ранглар тоза қоматлар ҳам мўтадил,

Ҳеч ким билмас сўзлар айтарлар дадил.

 

Тўртинчиси, амал билан риё қилиш. Бунда инсон одамлар кўриши ва у инсон ҳақида гапирилиши, мақталиши учун амал қилинади.

Яна бирин амалида мараз бор,

Намоз қилгай валий ўзга ғараз бор.

Рукуъси ҳам сужуди узун-узун,

Элга диндор кўрсатмоқ бўлгай ўзин.

Намоз ўқувчи риё билан узоқ вақт намозда қоим туриши, намоз рукуъ ва саждаларини чўзиши, таъзим-тавозени изҳор қилиши ва шунингдек, рўза, ғазот, ҳаж, садақа кабиларда ҳам шу йўлни тутиш.

Аҳли дунёнинг риёкорлиги одамларга такаббурлик, гердайиш, қўлларини силкитиш, керилиб юриш билан бўлади.

Бешинчиси, дўст ва зиёратчилар билан риё қилиш. Бунга мисол, бир олим ёки обидни зиёрат этиш талабида бўлишдир. Бу вақтда: “Чиндан ҳам фалончи фалончини зиёрат қилди”, қабилидаги гапларга умидвор бўлинади. Дарҳақиқат, дин аҳли уларнинг ҳузурларига бориб, улардан табаррукланишади (баракаланишади). Кишининг атрофидаги одамларнинг кўплиги билан риёланиши ҳам шу кабидир. Бунда: “У кўп шахслар билан учрашди ва улардан истифода этди”, деган эътироф бўлади. Бу билан бир-бирларига мақтанишади.

Риё ҳаромми, макруҳми ёки мубоҳми, деган саволга бир оғиз сўз билан жавоб бериб бўлмайди. Бунинг тафсилоти бор:

  • Риё ибодатларда бўлса, ҳаромдир. Намози, садақаси, ҳаж ила риёкорлик қиладиган банда осийдир. Чунки у ўз риёси ила Аллоҳдан ўзгани қасд қилади. Ҳолбуки ибодатга сазовор ягона зот Аллоҳ Таолонинг ўзидир.
  • Риё ибодатдан бошқа нарсада, масалан, мол талаби каби нарсаларда бўлса ҳаром бўлмайди. Чунки бу иш одамлар қалбида жой олмоқликни исташдан иборатдир. Юсуф алайҳиссаллом ҳам подшоҳ ҳузуридаги амални ўзлари талаб қилиб олганлар. Обрў кўп бўлса ҳам, уни ҳаром дея олмаймиз. Лекин обрў ўз эгасини ножоиз нарсага бошламаслиги шарт. Аммо талабига ҳирс қўйилмаган ва завол бўлганда ғам-ғуссага ботмайдиган обрў қанча баланд бўлса ҳам зарар қилмайди.
  • Яхши кийиниш ҳам одамлар ҳузурида гўзал кўриниш учун бўлади. Шунингдек, чиройли кўриниш учун қилинадиган бошқа ҳаракатларнинг барчаси ҳам ман қилинган дея олмаймиз. Бунда мақсадлар турлича бўлади. Кимдир ўзига паст назар билан қаралишини истамайди. Кимдир берилган неъматни изҳор қилиш ниятида бўлади.

Риё очиқ ва яширин бўлади:

  • Очиқ риё инсонни амал қилишга ундайди ва рағбатлантиради (қизиқтиради, мажбур этади).

Ундан кўра сал махфийроқ риё амал қилишга мажбурламайди, лекин Аллоҳ Таоло йўлида бўладиган амални енгиллатади.

Ундан ҳам енгилроқ риё амалга таъсир қилмайди, уни енгиллатмайди ҳам. Лекин шу билан бирга, киши қалбидан ўрин олади. Бунда одамлар тоат-ибодатидан хабардор бўлишса, киши жуда хурсанд бўлади. Баъзан мухлис банда ихлос билан амал қилади-да, риёни қасд этмайди, аксинча ёмон кўради. Амали ҳам шунга қараб бўлади. Лекин одамлар ундан хабардор бўлсалар, бундан хурсанд бўлиб, роҳатланади. Бу нарса қалбидаги ибодатдаги ихлосини сусайтиради. Бу хурсандчилик махфий риёга далолат қилади. Агар қалбда одамларга нисбатан илтифот бўлмаса эди, ўзгалар хабардорлигидан хурсанд бўлинмасди. Бу билан олов тошга яширинганидек, риё қалбида ўрин олгани билинади. Одамларнинг хабардор бўлиши унда шодлик ва хурсандчилик уйғотади. Сўнг бу лаззатни сезиб қолса, уни ёмон кўрмайди, балки секин ҳаракат қилади ва буни очиқ ёки ишора билан бошқаларга билдиришга ҳаракат қилади.

  • Риёнинг иккинчи тури яширин риё ҳисобланади. Уни намоён қилишга сўз ёки ишора билан очиқ уринмайди. Лекин буни турли аломатлар орқали кўрсатади, масалан, озғинликни, лаблар қуришини, кўз ёшларининг асарини, кечаси билан таҳажжуд намози ўқиганлиги далолати бўлган эснашликни рўкач қилади.

Бундан ҳам яширин риё одам қилаётган амалидан бошқалар хабардор бўлишини хоҳламай, уни беркитади. Лекин шу билан бирга, одамларнинг биринчи бўлиб салом беришларини, очиқ юз ва ҳурмат-эътибор билан кутиб олишларини, унинг ҳожатини ғайрат билан тезда адо этишларини, муомалада унга илтифот, мурувват кўрсатишларини, ўтирадиган жойини қулай қилишларини яхши кўради. Худо кўрсатмасин, бирон бир киши буларни бажаришда ноқислик қилса, оғринади. Буларнинг барчаси ажр-савобни камайтириши мумкин. Бу ҳолатдан фақатгина сиддиқларгина сақлана олади.

Хулоса ўрнида менга жуда қаттиқ таьсир қилган олимларнинг сўзидан қуйидаги жумлаларни келтириб ўтишни лозим деб топдим: «Риё ва сумъа (одамлар эшитиши) учун амал қилган кимса ҳамёнини тошлар билан тўлдириб олган кишига ўхшайди. У бозорга бир нарса сотиб олиш учун кириб, сотувчининг олдида ҳамёнини очса, ичи тўла тош бўлади ва сотувчи тошларни унинг юзига отади. Инсонларнинг: «Ҳамёни жуда тўла эканми?» деган сўзларидан бошқа унга ҳеч бир манфаат йўқ ва унга ҳеч вақо берилмайди».

Худди шунга ўхшаб риё ва одамлар эшитсин, деб қилинган амаллардан заррача фойда йўқ, охиратда унга савоб ҳам берилмайди. Аллоҳ барчамизни риё каби ёмон иллатларга курашишда бардавом бўлишимизни  насиб қилсин. Фақат ихлос билан ўзига ибодат қиладиган бандаларидан қилсин.

 

Азизахон МЎМИНОВА

“Хадичаи Кубро” ўрта-махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4171 times

Мақолалар

Top