Мақолалар

Ер ўз ўқи атрофида айланадими?

Қуръони Карим бизга Ернинг доира шаклидалигини бир оятнинг ўзидагина эмас, балки, бир неча оятларда таъкидлаган. Чунки, бу – борлиққа оид улкан масаладир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримдан олдин нозил қилган барча қадимий китоблар инсоният томонидан ўзгартириб юборилган. Натижада дин билан илм ўртасида қарама-қаршилик юзага келган. Шунинг учун Қуръони Карим Ернинг юмалоқлигига далолат қиладиган далилларни кетма-кет келтиради. 

 لَا الشَّمْسُ يَنبَغِي لَهَا أَن تُدْرِكَ الْقَمَرَ وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ وَكُلٌّ فِي فَلَكٍ يَسْبَحُونَ

“На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар”. (Ҳеч қачон қуёш ойга етиб олиб, бемаҳалда бош кўтариб қолиши мумкин эмас. Улардан ҳар бири Аллоҳ белгилаган вақтдагина чиқади. Бу, низом ҳатто дақиқаларигача аниқдир. Ундан кеч ҳам қолмайди, илгари ҳам кетмайди. Бу жараён дунё бунёд бўлганидан буён давом этиб келмоқда. Бирон марта бирон дақиқага ўзгарган эмас. Ушбу жараённи тақдир қилган зот ўликларни қайта тирилтиришга қодир эмасми?!) (Ёсин сураси, 40-оят).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада Қуръон нозил бўлаётган пайтда арабларда мавжуд бўлган нотўғри эътиқодга раддия қилган. Ўша пайтда араблар “Кеча олдин келади. Ундан кейин кундуз келади” дейишарди. Яъни кундуз кечадан ўзиб кетолмайди деб ўйлашарди. Аллоҳ таоло уларнинг ушбу хато эътиқодларини тўғрилаш учун: 

وَلَا اللَّيْلُ سَابِقُ النَّهَارِ

“Кеча кундуздан ўзувчи эмас” деб марҳамат қилди.

Улар “Кундуз кечадан ўзиб кетолмайди” деб эътиқод қиляптилар. Лекин Аллоҳ таоло уларга “Кеча ҳам кундуздан ўзиб кетолмайди” деб марҳамат қилди. Бунинг маъноси – кундуз кечадан ўзиб кетмайди, кеча ҳам кундуздан ўзиб кетмайди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам Ер шари сатҳида мавжуддир.

Аллоҳ таоло борлиқни яратгандан кейин борлиқнинг яратилишида ёки унинг улкан қонуниятларида бирор ўзгариш содир бўлмади. Балки борлиқ яратилганидан бери ўзгармасдан, собит ҳолда ўта нозик низом асосида қиёматга қадар ҳаракат қилади.

Агар Ер бирор геометрик шаклда, масалан, учбурчак ёки бошқача шаклда бўлганида, борлиқ яратилаётган пайтда кундуз олдин бўлган бўларди. Лекин кеча ва кундузнинг Ер шари сатҳида бир вақтда биргаликда мавжуд бўлиши Ернинг доира шаклида бўлгани эътиборидандир. Шунинг учун бир вақтнинг ўзида Ер шарининг ярми ёруғ, ярми қоронғу бўлади. 

Кеча ва кундуз эслатма олувчи учун кетма-кет келади 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ернинг дорисимонлигини ва айланишини таъкидловчи қуйидаги оятни нозил қилган: 

وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِّمَنْ أَرَادَ أَن يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً

“У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир” (Фурқон сураси, 62-оят).

Оятдаги “خِلْفَةً” (хилфа) калимасининг маъноси нима? Бунинг маъноси – кеча ва кундуз кетма-кет, бирининг ортидан бири келади дегани.

Мисол учун алмашиб навбатда турадиганларни олайлик. Бир қўриқчининг навбати келса, у ўзидан олдинги қўриқчидан кейин навбатда туради. Кейин учинчиси иккинчи қўриқчининг ўрнига келади ва ҳоказо.

Келинг, бир корхонани фараз қилайлик. У ерда 24 соат иш бўлади. Навбатчилар ҳар саккиз соатда алмашиб турса, тўртта қўриқчи кетма-кет навбатда турган бўлади. Аммо бир нарсани тушунайликки, корхона янги иш бошлаганда илк навбатда турган қўриқчи бирорта қўриқчининг ўрнига келган ҳисобланмайди. Чунки, корхонада ундан олдин қўриқчилик ташкил этилмаган эди. Агар биз корхонани ишга тушириб, янги қўриқчини қўйсак, ўша қўриқчи бирорта қўриқчига ўринбосар бўлмайди. Чунки, ундан олдин корхонада қўриқчилик йўлга қўйилмаган эди. Дунёдаги кўп ўринларда шундай ҳол юз беради. Бирининг ортидан бошқаси келади. Ўшандаям илк келгани бировнинг ўрнига келган бўлмайди.

Лекин Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло: 

وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً لِّمَنْ أَرَادَ أَن يَذَّكَّرَ أَوْ أَرَادَ شُكُوراً

“У ибрат олмоқни ирода қилган ва шукр қилмоқни ирода қилган киши учун кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир”  деб марҳамат қилган.

Яъни Аллоҳ таоло борлиқни яратганда, кеча-кундузни ҳам бирининг ортидан бошқаси келувчи қилиб яратган. Лекин биз юқорида айтганимиздек, яратишнинг аввалида бирин-кетинлик деган нарса бўлмайди. Чунки, илк яратилган нарса биринчиси бўлса, у нима нарсага ўринбосарлик қилади?! Бу ҳолат яратишнинг аввалида бўлади.

Лекин Аллоҳ таоло бизга яратишнинг аввалида кеча-кундузни бирин-кетин келувчи қилиб яратганини айтдими, демак, кеча-кундуз ўша пайтда бир вақтда яратилган. Бир пайтнинг ўзида бирин-кетинлик уларда бўлган. Аввал кундузни яратиб, кейин унинг ортидан кечани эмас, балки иккисини бир пайтда яратган. Аллоҳ таоло биринчи кундузни яратиб, кейин унинг ортидан кечани келувчи қилиб яратмади. Агар шундай бўлганда, кундуз кейин келувчи эмас, аввал келувчи бўлиб қоларди. Аллоҳ таоло кечани олдин яратиб, кейин унинг ортидан келувчи қилиб кундузни яратмади. Агар шундай бўлганда, кеча кейин келувчи эмас, аввал келувчи бўлиб қоларди. Кеча-кундуз бир-бирига нисбатан бирининг ортидан бошқаси келувчи бўлиши учун улар бир вақтнинг ўзида мавжуд бўлишлари шарт.  

Биз биламизки, Ер юзининг қаерида бўлмайлик, кеча ва кундуз бизни таъқиб қилади. Ер юзининг бирор жойида кеча бўлмай, доимий кундуз ҳукм сурмайди. Ёки бирор жойда кундуз бўлмай, доимий кеча ҳукм сурмайди. Балки, Ер юзининг ҳар бир жойида кеча ҳам, кундуз ҳам бўлади. Агар Ер ўз ўқи атрофида айланмасдан, собит турганида, кеча ва кундуз бир-биридан кейин келадиган бўлмасди. Агар Ер ўз ўқи атрофида айланмайдиган бўлганида, олам яратилгандан бери кундуз кечадан кейин келадиган, кеча кундуздан кейин келадиган бўлмасди.

Лекин кеча ва кундуз бир-бирининг ортидан келиши учун Ернинг айланиши, ўз ўқи атрофида айланиши шартдир. Шунда кеча ва кундузнинг кетма-кетлик ҳаракати пайдо бўлади.

Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг: 

 وَهُوَ الَّذِي جَعَلَ اللَّيْلَ وَالنَّهَارَ خِلْفَةً

“У кеча-кундузни бирин-кетин қилган Зотдир” деган ояти икки маънони ўз ичига олади:

  1. Кеча ва кундуз бири иккинчисидан аввал эмас, балки, бир пайтнинг ўзида яратилган. Кеча ва кундузнинг бир пайтда мавжуд бўлиши эса Ернинг думалоқлигини ҳам ифода этади.
  2. Албатта, Ер ўз ўқи атрофида айланади. Шунинг натижасида кеча ва кундуз бирин-кетин бизни таъқиб қилади. 

 

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳимаҳуллоҳнинг

“Ал-адилла ал-мааддийя ала вужудиллаҳи” номли асаридан

Нозимжон Иминжонов таржимаси

 

Read 7718 times

Мақолалар

Top