Мақолалар

Ҳалоллиги халоскори бўлган зот

Мактаб остонасига қадам қўйишимиз арафасида қишлоғимиз ўртасидан қазилган каналдан сув келгани муносабати билан Шароф Рашидов келар эмиш дея у кишини кутиб олиш учун тарадду бошланиб кетди. Катта-ю кичик эрта тонгдан уйларининг атрофини супуриб-сидириб, канал бўйига келиб олди-да, шарафли меҳмонни кута бошлади. Баҳор чоғи эди. Баъзилар лолақизғалдоқлардан гулчамбар ҳам ясаб олган. Чошгоҳларга бориб ана-ана, келди-келди, деб халойиқ қалқиб кетди. 

Олдинига юк машиналари ўтиб кетди. Ортидан қора, усти очиқ узун “чайка”да тик турган ҳолда келаётган Шароф ота кўринди. Баланд бўйли, очиқ чеҳрали, одам эди у. Орқага қараб таралган сочлари шамолда ҳилпираб борарди. Биз каналнинг нариги тарафида турган эдик, онажоним менга қараб ҳадеб кўрдингми-кўрдингми? дер эди...

Ҳозир ўша воқеани эслар эканман, ўзи ростдан ҳам у кишини кўрган эдимми ёки шу воқеани хаёлимда жонлантириб олганмидим деб ўйлайман. Чунки у киши қишлоғимизга келади деб уйлар оқланиб бирмунча пардозланган эди ва халқ интиқиб кутган эди. Кейин штабга (каналчиларнинг қўшни қишлоқдаги идораси) келар эмиш деган гап чиқди. Сўнг эса, ҳали айтганимдек, машиналар карвони ўтди. Баъзилар ўша нуроний одамни Шароф ота деса, баъзилар Рузмат Ғойибов (Қашқадарёнинг обком секретари) эди дейишди.

Ўшанда Шароф отани кўрдимми, йўқми билмадим-у, аммо ота-онамнинг ҳаяжондан порлаган кўзларини кўрганим аниқ эди. Улар юртбошини кўриб жуда севинган эдилар. Ана ўша севинчдан порлаган кўзлар ҳозир ҳам кўз олдимда турибди.

Халқ Шароф Рашидовни “ота” деб эъзозлар эди. Зотан, у кишининг донишмандларга хос қиёфаси, мулойим чеҳраси, хайрихоҳлик билан боқадиган назари шунга монанд эди. Инчунун, халқимиз азалдан эл-юртнинг ҳурмат-эътиборини қозонган донишманд зотларни “ота” деб улуғлаб келади. Масалан, Қўрқут ота, Ҳаким ота, Занги ота, Қуйлиқ ота, Саййид ота...

Ҳа, дарвоқе, гапимиз азизларга келиб қолди. Шароф отанинг иймонли-эътиқодли одам экани, Аллоҳ таолонинг азиз-авлиёларига ҳурмати ниҳоятда баланд бўлганини у кишини яқиндан билганлар яхши билади-ю, аммо биз ҳам иймонлашиш ниятида ўз қулоғимиз билан эшитган мана бу воқеани мисол тариқасида айтишга журъат қилдик. Аъзамхон Каттаев эшонбобо бир суҳбатда гапириб берган эди. У киши Ғавсул Аъзам Даҳбедий ҳазратларининг мақбараси атрофини ўрамоқчи бўлибми, нимадир қилиб куймаланиб юрган экан, дабдурустдан Шароф ота келиб қолибди. Ўша замоннинг сиёсатидан юрак олдириб қўйган Эшонбобо қўрқиб кетибди. Шароф ота эса илдам келиб Эшонбобо билан ҳол-аҳвол сўрашибди. Анча вақт дилдан суҳбатлашиб ўтирибди. Ғавсул Аъзам ҳазратлари ҳаёти ва ижодига оид саволлар сўрабди. Кейин суҳбатдан мамнун бўлиб, бу мўътабар жойни обод қилишимиз керак, деб ўрнидан қўзғалибди.

Ҳосили калом, Самарқанд вилоятидан тортиб келинган ўша каналдан сув олиб Самарқанднинг ўзида нечта қишлоқ деҳқончилик қилади, Қашқадарёда Чироқчи, Яккабоғ, Қамаши, туманлари далалари сув ичади. Шу канал бизнинг қишлоқнинг манзарасини буткул ўзгартириб юборди. Шароф отанинг республика ва собиқ Иттифоқ миқёсидаги улкан ишларини бир четга қўйиб ана шу каналдан келаётган савобни чамаласангиз ҳам савоби бир одамга етади.

Бинобарин, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин кишига унинг ўлимидан кейин ҳам етиб турадиган амали ва гўзал ишларидан; ўргатган ва тарқатган илми, ортидан қоладиган солиҳ фарзанди, мерос қолдирган Қуръони, бино қилган масжиди, ғариб мусофирлар учун қурган уйи, оқизган ариғи ёки ўз молидан қилган жорий садақаси бордир. Соғлик ва тириклик чоғида мазкур нарсаларни қилса, уларнинг савоби ўлимидан кейин ҳам етишиб туради», дедилар (Ибн Можа, Байҳақий ва Ибн Хузайма ривоят қилган).

Шароф Рашидов шу қадар яхши одам бўлган эканки, у кишининг ҳалоллиги, поклиги кўп йиллар уни мустабид тузум жаллодларидан сақлаб келган экан. Рус муаллифи Игорь Буничнинг “Партиянинг олтинлари” асарида келтирилган бир воқеа ана шу фикрга келишимизга асос бўлди. “Бировнинг моли бахт келтирмайди, – деди генерал Ниёзов (Ўзбекистон КГБиси (Давлат хавфсизлик қўмитаси) бошлиғи – Д.Ж.)  унга Кавказ варианти бўйича (Озарбайжон КГБиси бошлиғи Гайдар Алиев Республика компартияси Биринчи котиби Охундовни, Грузия КГБиси бошлиғи Шеварнадзе Республика компартияси Биринчи котиби Мжаванадзени СССР КГБиси бошлиғи Андропов кўрсатмалари асосида ҳокимиятдан четлатиб уларнинг ўрнини эгаллаб олган эдиД.Ж.) Рашидовнинг ўрнини таклиф қилишганда. – Бундан ташқари, бу оила пулини ҳалол топган”.

Ўрта Осиё босқини муваффақиятли чиқмади ва Андропов буни тан олишга мажбур бўлди” (218-бет).

Буни қаранг, йигирма йилга яқин вақт республика раҳбари бўлиб ишлаган одам рўзғорини ҳар қандай шубҳадан ҳоли бўлган ҳалол пул билан таъмин этганини Республика давлат хавфсизлиги қўмитаси раҳбари айтяпти. Демак, унинг хизматида бу оила шубҳали бирор иш қилган деган маълумот йўқ. Шу боисдан унга Биринчи раҳбарлик, порлоқ истиқбол ваъда қилинса ҳам, виждони амрига қулоқ солиб, уларнинг ноғорасига ўйнамаяпти. Қизиқ, ана шу одамнинг кейинги тақдири нима бўлган экан?..

Мустабид тузум барибир ёвузлигини қилди – Шароф отанинг бошига етди. Лекин тақдир уларнинг ўзларини ҳам омон қўймади. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан золимлар унут бўлиб кетди. Шароф отанинг порлоқ хотираси эса халқнинг ёдида қолди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 27 мартида «Атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш тўғрисида» қарор қабул қилди. Қарорда Жиззах шаҳрида унинг хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуасини барпо этиш ва ҳайкалини ўрнатиш белгиланган эди. Қисқа вақтда шаҳар марказида мазкур мажмуа ва ҳайкал бунёд этилди.

Ушбу ҳайкалнинг очилиш маросими 6 ноябрь куни бўлди. Тадбир бошланишида  Қуръони карим оятларидан тиловат қилинди ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари атоқли давлат арбоби ҳақига дуо қилдилар.

Маросимда нутқ сўзлаган Президент Шавкат Мирзиёев Шароф Рашидов умр бўйи ўз халқига, барча соф ниятли инсонларга яхшилик қилиб, уларни улуғ мақсадлар йўлида бирлаштириб, эзгу ишларга сафарбар этиб яшаганини таъкидлар экан, “Бу олижаноб, донишманд ва бағрикенг инсон, қандай суронли синовларга дуч келган бўлмасин, юксак гуманистик ғояларга доимо содиқ бўлиб, халқимиз қалбида яхши ном, сўнмас хотира қолдирди”, деди.

Агар Шароф ота шу миллат учун, шу Ватан учун фидокорлик қилмаганида уни бугун биров эсга олармиди; агар уни эл севмаганида ундан миннатдор бўлармиди; агар у илм ва ижод аҳлини  қўллаб-қувватламаганида у ҳақида ижобий хотиралар ёзилармиди?..

Ҳақиқатан, шундай одам эди Шароф Рашидов. У қанчалик машаққатларга дуч келмасин, юксак инсоний фазилатини сақлаб қолган эди.

Дамин ЖУМАҚУЛ

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3654 times

Мақолалар

Top