Мақолалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг она соғинчлари

Ҳар бир пайғамбар ўз онасидан ҳам устун бўлади. Шунга қарамай пайғамбарлар ҳам оналарига ҳурмат кўрсатиб, хизматларини қилганлар.

Одоб китобларимизда кофир бўлган ота-онага хизмат қилиш, нафақаларини бериш, зиёрат этиш керак. Куфрга сабаб бўладиган нарсаларни қилдиришидан қўрқса, зиёрат қилишга борилмайди, дейилган. (Баззозия)

 

Ривоятларда келишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оналарини эсга олганларида кўзларига ёш тўларди. Бир куни ёнларидаги асҳобларига онадек азиз ва мўътабар зотнинг қадр-қимматини тушунтириб: “Қани энди менинг ҳам онам ёки отам ҳаёт бўлиб, намоз ўқиб турган вақтимда менга “Муҳаммад ўғлим!” деб овоз берсалар-у, мен эса “Лаббай онажон!”, “Лаббай отажон!” деб жавоб берсам” деган эканлар.

 

Ислом олими Ибн Саъднинг “Табақот-ул Кубро” китобида ёзилишича, ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир сафар Ҳудайбия Умрасини амалга ошириш учун Маккага кетишларида оналарининг қабрини зиёрат қилган эканлар. Зиёрат чоғида қабрни қўллари билан силаб, тозалаб, кўзларига ёш оладилар. Бунинг сабабини сўраганларида: “Онамнинг менга бўлган шафқат ва марҳаматларини эсладим” деган эканлар. 

Сут оналари Сувайба

Ислом тарихнависи Ибну Асирнинг “Ал-Комил фит-Тарих” китобида ёзилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Ҳалима хотунга бериб юборилишларидан олдин, оналари Оминадан кейин биринчи бўлиб, маълум вақт эмизган аёл Сувайба хотин бўлади. Сувайба Абу Лаҳабнинг жорияси бўлган. У шунингдек, ўғли Масруҳ билан бирга ҳазрати Ҳамза ва Абу Салама розияллоҳу анҳумоларни ҳам эмизгани китобларда баён қилинган. Шунинг учун ҳам булар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сут биродар ҳисобланадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан кейин бироз ўтиб Абу Лаҳаб Сувайбани озод қилади.

Адабиётларда ёзилишча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлари давомида Сувайба хотинни ҳеч қачон унутмаганлар. Маккада бўлган вақтларида унга доимо ҳадиялар, нарсалар бериб турганлар. Мадинага ҳижрат қилганларида ҳам ҳар доим ҳолларидан хабар олиб турганлар, танҳо қолдирмаган эканлар. Ҳайбар урушидан қайтишда Сувайбанинг ва унинг ўғли Масруҳнинг вафот этганини эшитиб, кўзлари ёшланади. “Яқинларидан ким қолган?” деб сўраганларида, “Ҳеч ким қолмаган”, деб айтадилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни бор йўғи бир неча кун эмизган бир аёлга умрлари бўйи вафо кўрсатишлари... Йиллар давомида хизматини қилган ўз онасига, ҳатто, бир марталик меҳрли табассумини ҳадия қилмаганлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин? 

Сут оналари Ҳалимаи Саъдия (р.а.)

Ҳалима бинти Абу Зуайб (р.а) Саъд қабиласига мансуб бўлган. Ҳалима хотун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўғли Абдуллоҳ билан бирга эмизган ва тўрт ёшларигача унинг ёнида қолганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида қайд этилган ҳайратомуз воқеалар, жумладан, чораваларда сутларининг кўпайиши, ҳар турлик бараканинг ёғилиши, самодаги соябон булут, “қалбни ёриш” ҳодисалари ҳам айнан мана шу муборак хотин оиласида яшаганларида рўй берган.

Ибни Саъднинг “Табақот”ида ёзилишича, бир куни Ҳалима хотун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизга уйланиб Маккада яшаб турганларида ёнларига келиб: “Қаҳатчилик туфайли ҳаёт кечириш жуда ҳам қийинлашиб кетди, қурғоқчиликдан ҳайвонлар қирилиб кетмоқда”, деб айтадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  Хадича онамиз билан маслаҳатлашиб қирқта қўй, миниб юкларини ташиб кетиш учун битта туя берадилар.

Ҳатто бир куни Ҳалима она ёнларига келганида ўринларидан туриб: “Онажон!, онажон!” деб ҳурмат ва муҳаббат кўрсатганлари, ридоларини ерга солиб унга ўтказганлари ҳам нақл қилинган. Ҳалима хотун (р.а) Мадинадаги Бақия қабристонига дафн қилинган. 

Энагалари Умму Айман (р.а.)

Баракот номини олган бу муборак аёл ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга оналик қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оналари ҳазрати Омина онамиз Мадинадан қайтишда йўлда вафот этадилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни соғ-саломат боболари Абдулмутталибга олиб келиб топширган ҳам айнан мана шу аёл бўлади. Шунда Пағамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам олти ёшларида бўлганлар.

Асл исми Баракот бўлган, бироқ Айман исмли фарзанди туғилганидан сўнг “Айманнинг онаси” лақаби билан аталган, шу билан асл номи унутилиб, ушбу тахаллуси билан машҳур бўлиб кетган. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оилаларида оталаридан мерос сифатида қолган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алаҳи васаллам бу зот ҳақида: “Сиз, онамдан кейин онамсиз!” деб марҳамат қилганлар. Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамиз (р.а) билан турмуш қурганларидан сўнг, уни озод қилганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам энагалари Умму Айманни оналаридек севганлар, оналаридек ўзларига яқин олганлар. Бу ҳолат ўша давр учун жуда ҳам муҳим ҳодиса бўлган. Зеро Умму Айманнинг бутун умр жория мақомида бўлгани ҳолда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг унга “Онам” деб мурожаат қилишлари масаланинг нақадар муҳимлигига ойдинлик киритади. Чунки жоҳилия даврида арабларда жориялар ҳамма инсоний ҳақ ва ҳуқуқлардан маҳрум қилинган эдилар. Ана шундай сиёсий-ижтимоий тузум ҳукмрон бўлган даврда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жория бўлган Умму Айман (р.а)га она сифатида ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишлари унинг мақомини юксалтирган эди. 

Фотима хотун (р.а.)

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёш бўлганларида улар учун жуда ҳам катта хизмати синган яна бир аёл бу Абу Толибнинг турмуш ўртоғи Фотима хотун ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга кўрсатилган юксак ҳурмат ва марҳамати туфайли ҳам тез-тез ҳол-аҳволини сўраб турганлар. Саккиз ёшларидан эътиборан шу аёлнинг қарамоғида, унинг болалари билан бир қаторда ётиб-туриб, бирга ҳаёт кечирдилар. Ҳатто Фотима хотун вафот этганларида: “Онам вафот этдилар!” деган иборани ишлатганлар ва кўйлакларини кафанликка бериб, қабрга ҳам ўзлари қўйганлар.

Аҳмад бин Яқуб бин Жаъфарнинг “Тарихи Яқубий” китобида шундай ифода этилади: Фотима хотуннинг вафоти билан боғлиқ ҳодисаларни кўрганлар бунинг сабабини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганларида:

“Абу Толибдан кейин менга бу хотинчалик яхшилик қилган одам бўлмади. Охиратда жаннат кийимларини кийишлиги учун кўйлагимни бердим. Қабрга кўникиши, ўрнашиб олиши учун у ерга бирга кирдим”, деб айтганлар. Ушбу сўзлари эса янада таъсирлидир:

“У менинг онамдир. Ўзининг болалари оч туриб, юзлари буришиб турсалар-да, олдин менинг қорнимни тўйдирарди, сочларимни тараб қўярди, у менинг онамдир!”  

Ушбу тарихий ҳақиқатлар назардан ўтказилар экан, бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламда оналарга бўлган муҳаббатнинг жуда ҳам кучли бўлганини кўриш мумкин бўлади.  

Оналари Оминанинг қабрларини зиёрат қилиб, таъсирланиб йиғлашлари; бир неча вақт бўлса-да сут берган Сувайба хотунга катта илтифотларда бўлганликлари; сут оналари Ҳалима хотунга “Онажоним!, Онажоним!” деб ҳурмат кўрсатиб, ҳар турлик ёрдамларини аямаганликлари; оналари йўқлигини ҳис эттирмасдан қўлидан келган хизматини қилган Умму Айманга “Сиз менинг иккинчи онамсиз!” деб раҳмат билдиришлари; шунингдек, узоқ вақт болалари билан бирга битта дастурхон атрофида ўтирган Фотима хотунни “У менинг онам эди!” деб ҳурмат билан ёд этишлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламда оналарга бўлган ҳурматнинг нақадар юксак эканлигининг жонли далиллари ҳисобланади. 

 

Улуғбек Султоновнинг 
"Ота-онага хизмат қилиш 
одоблари" китобидан олинди

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 15934 times

Мақолалар

Top