Мақолалар

Жаннатга киришни истамайсизми?!

Гуноҳларингиз мағфират қилинишини ҳохлайсизми?!

Сизга шафоат вожиб бўлишиничи?!

Дуоларингиз мустажоб бўлишини яхши кўрмайсизми?!

Устингиздан фазлу раҳматлар ёғишиничи?!

Бир вақтнинг ўзида 50 ҳасанага эга бўлишга нима дейсиз?!

Ва ниҳоят, жаннатга киришни истамайсизми?!

Азиз биродарим, балки сиз ҳар бир саволни ўқиганингизда юрагингиз ҳапқириб, ич-ичингиздан: “Ҳа, ҳа, албатта! Қандоқ қилиб? Нима қилишим керак?!” – деган савол отилиб чиққан бўлса керак. Бунинг йўли жуда ҳам осон. Чунки бизнинг динимиз осонлик динидир. Роббимиз ўта меҳрибон Зот, озгина амалимизга улкан мукофотлар беради. Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз умматларини шунчалар яхши кўрганларки, Аллоҳнинг розилигию жамолига эришишимиз ва улкан ажру мукофотларга эга бўлишимиз учун васила бўладиган каттаю кичик амални қолдирмай батафсил баён қилганлар. Лекин бизлар эса ё унитиб ёки бепарволик қилиб амал майдонида сусткашликка йўл қўямиз. Ҳатто бир кичикроқ фазилатли амал зикр қилинса ҳудди қойиллатиб қўйгандек “Ҳа, шумиди, нимайкин деб ўйлабман”, деб ҳам қўямиз. Аслида, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, ҳеч бир яхши амални гарчи жуда кичик бўлса ҳам паст санамаслигимиз керак. Чунки Раҳмоннинг розилиги қайси бир яхши амал ортига яширилганини билмаймиз. Лекин аслида, ўзи буюк фазилатли амал бўлиб, балки кунда бир неча бор такрорланаверганидан қадрланмай қўйган фазилату ҳасанотларга бой амал азондир. Келинг, азон эшитганда кўплаб ажрларни қўлга киритишимизга сабаб бўладиган суннатларни яна бир бор эслаймиз:

  1. Азонни эшитганда ҳар қандай гап сўзни тўхтатиб, унга жавоб қайтариш. Бу эса азон калималарини муаззинга эргашиб бирма бир такрорлаш билан бўлади:

Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар азонни эшитсангиз, муаззин айтаётган сўзларни айтиб туринглар!” дедилар” (Имом Бухорий, Муслим, Таҳовий, Термизий, Абу Довуд, Насаъий, Молик ва Доримий ривоятлари).

  1. Муаззин “Ҳаййа ъалас солааҳ, ҳаййа ъалал фалааҳ” деганда “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллааҳ” дейиш.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар муаззин: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса, сизлардан бирингиз “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса. Сўнг: “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ” деганда, “Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳ” деса. Сўнг: “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” деганида: “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” деса. Сўнг: “Ҳаййа ъалас солааҳ” деса, у: “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллааҳ” деса. Сўнг: “Ҳаййа ъалал Фалааҳ” деса, у: “Лаа ҳавла валаа қуввата илла биллааҳ” деса. Сўнг: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса, у ҳам: “Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар” деса. Сўнг: “Лаа илаҳа иллаллооҳ” деса, у ҳам: “Лаа илаҳа иллаллооҳ” деса, жаннатга киради” дедилар” (Имом Таҳовий, Муслим ва Абу Довуд ривоятлари).

Демак, азонни эшитган киши икки “Ҳаййа ъала”дан бошқа ўринларда айни азон лафзлари билан жавоб қайтаради. Масалан: “Аллоҳу акбар” деганини эшитганда “жалла жалалуҳу” дейиш ҳам ҳадисга хилофдир.

  1. Муаззиннинг шаҳодат калимасини айтганини эшитганда шаҳодат калимасини айтиш ва розилигини изҳор қилиш:

Саъд ибн Абий Ваққос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким муаззинни эшитган пайтда, “Ва ана’ ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳ, ва анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ. Родийту биллааҳи роббан, ва бил Ислаами дийнаа ваби Муҳаммадин Росулаа” деса, гуноҳлари мағфират қилинади” дедилар” (Имом Таҳовий ва Термизий ривоятлари).

  1. Азондан кейин саловот айтиш ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга васийлани сўраб дуо қилиш:

Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар муаззин(Азон айтаётгани)ни эшитсангиз, унинг айтганини айтинг. Сўнг менга саловот айтинг. Чунки, ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унинг эвазига унга ўн бор саловот айтур. Сўнг Аллоҳдан менга васийлани сўраб дуо қилинг. У жаннатдаги бир манзил бўлиб, Аллоҳнинг бандаларидан фақат бир кишига бўлур, мен ана шу киши бўлишни умид қиламан. Ким Аллоҳдан менга васийлани сўраса, унга шафоатим ҳалол бўлур” дедилар” (Имом Муслим, Таҳовий, Термизий, Абу Довуд ва Насаий ривоятлари).

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким азонни эшитган пайт: “Аллоҳумма Робба ҳãзиҳид даъватит тааммаҳ вас солаатил қõимаҳ, ãти Муҳаммаданил васийлата вал фадилаҳ вабъасҳу мақоман маҳмуданиллазий ваъадтаҳ” деса, унга шафоатим ҳалол бўлади” дедилар” (Имом Бухорий, Таҳовий, Абу Довуд, Термизий, Насаий ва ибн Можа ривоятлари).

Аммо баъзи кишиларнинг “Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ” калимасини эшитганда саловот айтишлари суннатга хилофдир. Чунки ҳадисга мувофиқ у пайтда ё айни ўзини айтиб ёки юқорида зикр қилинган шаҳодат лафзи билан жавоб қайтарилади. Саловотни эса азондан кейин, дуодан олдин айтилади.

  1. Азондан кейин ўз ҳожатини сўраб дуо қилиш, чунки азон билан такбир ўртасидаги дуо ижобатдир. Лекин ана шу пайтда ўқиладиган махсус дуо ворид бўлмаган. Шунинг учун ҳар ким ўз ҳожатини сўраб дуо қилаверади. Фақат шом билан бомдоднинг азонини эшитганда Умму Салама розияллоҳу анҳо онамизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳумма ҳãза иқбãлу лайлик ва идбãру наҳãрик ва асвãту дуъãтик фағфирлий” дейишни таълим берганлари ҳам бор. Бомдод азонида наҳарик билан лайлик ўрни алмашади. Лекин бу чеклов эмас. Ҳар ким хоҳлаганича дуо қилиши мумкин.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу айтадилар: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Азон билан иқомат орасидаги дуо қайтарилмайди” дедилар” (Имом Термизий).

Азиз биродарим, кўрдингизми, бир азонга жавоб қайтариб туриб қанча ажрни қўлга киритамиз. Аввло, азон Ислом мадҳияси, буюк ибодатга чорлов ва Исломнинг гўзал шиорларидан биридир. Ихлос билан ушбу санаб ўтилган суннатларга амал қилсак, юқорида айтганимиздек гуноҳларимиз мағфират қилинади, шафоат вожиб бўлади, жаннат ваъдасидан насибадор бўламиз, Аллоҳнинг фазлу раҳмати ёғилади, дуоимиз ижобат бўлиб, ҳожатимиз равон бўлади ва номамизга элликта ҳасана ёзилади, ин ша Аллоҳ.

 

Баҳодир РАҲМАТУЛЛОҲ

Зангиота тумани

“Фатҳ” жоме масжиди
имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 4274 times

Мақолалар

Top