Мақолалар

Ражаб ойини ғанимат билинг

Ражаб ойи тўрт улуғ ойнинг бири. Мана шу тўрт – зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари айрим ишлар ҳаром қилинган ойлардир. Қадимдан, яъни, Иброҳим (а.с.) шариатларидан то исломгача бўлган даврларда ҳам, бу ойларда уруш қилиш ҳаром саналган. Араб халқлари жоҳилият даврида барча самовий динларнинг аҳкомларини бузиб, ўзгартириб юборган бўлсалар-да, мазкур тўртта ойнинг ҳурматини сақлаб қолганлар. Шаҳри ҳаромда ҳар қандай урушни, гуноҳ, зулм ишларни, ов қилишни тўхтатишар, ҳатто ўз отасининг қотилини кўриб қолсалар ҳам, ундан ўч олишга шошилмай, ушбу ойларнинг тугашини кутар эдилар.

Аллоҳ жалла жалолуҳу ояти карималарда: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) ҳаром қилинган ойлардир...” деб, юқорида номи зикр этилган ойларнинг шаҳри ҳаром эканлиги ва уларнинг ҳурматини сақламоқ зарурлигини маълум қилади (Тавба, 36).

Расулуллоҳ (с.а.в.) мазкур оятни охирги ҳажлари – “Ҳажжатул вадо”да ўқиб, мусулмонларга бу ойларнинг ҳурмати тўғрисида кўп маълумот берганлар.

Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: «Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди».

Усмон ибн Ҳаким Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойи рўзаси ҳақида сўраса ҳам, у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг доимий одатлари ҳақида жавоб берганлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаслар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойда ҳам шундоқ бўлар эди.

Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: «Албатта у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келибди ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?», дебди.
«Сени нима ўзгартирди? Чиройли кўринишда эдинг?», дедилар.
«Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Нима учун ўзингни азобга солдинг?», дедилар-да, сўнгра:
«Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди. «Икки кундан рўза тут», дедилар. «Бир оз зиёда қилинг», деди. «Уч кундан рўза тут», дедилар.
«Бир оз зиёда қилинг», деди.
«Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатдилар» (Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилган).

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Иложини топган кишилар бу ойда нафл рўза тутсалар яхши бўлар экан.

 

Ойбек МАЪРУПОВ

 “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3864 times

Мақолалар

Top