Мақолалар

Аллоҳни севсангиз, Расулуллоҳга эргашинг!

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам робиул аввал ойининг ўн иккинчиси, душанба куни милодий 571 йил, апрел ойида таваллуд топдилар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) комил инсон бўлиб, у то қиёмат кунигача келадиган бутун инсоният учун энг мукаммал ва энг гўзал намуна бўлдилар. Аллоҳ таоло Қурони Каримда марҳамат қилиб: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп йод қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” – деб айтган (Аҳзоб сураси, 21-оят). Биз расулуллоҳдан ўрнак олишимиз, у кишининг суннатларини маҳкам улашимиз ва энг асосийси, у зотни ўзимиздан ҳам ҳамма инсонларданда яхши кўришимиз, яхши кўра олишимиз керак, бу “ҳа яхши кўрдим” дейишлик билан бўмайди. Қалбимизга назар солайлик, биз расулуллоҳни яхши кўра олаяпмизми у кишини суннатларига қанчалик амал қилаяпмиз ва у зотни қанчалик таниймиз, у кишини ҳаётларини ўрганаяпмизми?

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг муборак ҳадисларида марҳамат қилганларки: “Сизлардан ҳеч бирингиз то ман унга отасидан ҳам, боласидан ҳам ҳамма инсонлардан севимлироқ бўлмагунимча комил мўмин бўлолмайди”. Демак, Пайғамбаримизга бўлган муҳаббатимиз жуда муҳим. Мусулмонман деган инсонга катта зарурат экан. Шу тўғрисида Аллоҳ таоло Қурони каримда марҳамат қилади: “Айтинг (эй Муҳаммад): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашингиз. Шунда Аллоҳ сизларни севади”.

Демак, Расулуллоҳга эргашишлик ва у зоти севишлик, бу Аллоҳнинг розилигига ва Унинг севимли бандаси бўлишга олиб келади.
Расулуллоҳ ҳаётлари ҳақида сўз кетганда биринчи бўлиб туғлишлари ҳақида гапирилади. Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилишларидан олдин дунё тамоман залолатга чўккан эди. Башарият ўзининг Яратувчисини унутиб, ўзлари ўйлаб топган ёки ўз қўллари билан ясаган бут санамларга ибодат қилишарди. Инсониятнинг заиф жинси, аёллар буюм сифатида кўриларди. Болалар тириклайин кўмиларди. Етимлар зор йиғларди. Бирорта гуноҳ ва фаҳш амал қилинмасдан қолмаган эди. Ер одамларнинг гуноҳу осийлигидан оғир-оғир нафас оларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ни суннатларига амал қилган инсон қиёматда у зотни муборак шафоатларига муяссар бўлади, бу дунёда эса ҳар хил хасталикларга чалинмайди. Мисол учун, сув ичган инсон суннатга мувофиқ ўтириб ичса “кўричаг” касалига учрамайди.
Суннатга мувофиқ ошқозонини учга бўлиб яъни бир қисмини овқатга, бир қисмини сувга, бир қисмини ҳавога қолдириб овқатланган инсон бугунги кўпчилик балоланаётган касалликлардан сақланган бўлади.
Фарзанд кўрганимизда еттинчи куни суннатга муофиқ сочини олишимиз бола соғлиғи учун жуда катта фойдаси борлигини бугунги кунда дунё олимлари ҳам тасдиқлашаяпти. Шу каби инсон соғлиғига фойдали суннатларни санаб адоғига етиб бўмайди. Булар суннатга амалнинг шу дунёдаги фойдалари эди, боқий ҳаётимиз кўприги бўлган қиёматдаги фойдаси эса Аллоҳ таоло раҳмати, пайғамбарининг шафоати бўлади.
Фақатгина, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламгина Аллоҳ таолонинг розилиги билан ўзлари хоҳлаган умматларини шафоат қиладилар. Ўша шафоатга сазовор бўладиганларнинг бир тури Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларига салавот ва саломни кўп айтувчилардир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот ва салом айтиб туриш – ҳар бир банданинг бурчи. Аллоҳ таоло шунга амр қилган. Аммо жума куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтиш яна ҳам зарур ва алоҳида фазилатга эгалигини ушбу ҳадисдан билиб оламиз.
Абдуллоҳ ибн Абу Вафо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жума куни менга салавотни кўпайтиринглар. Албатта, менга етказилур ва мен эшитурман», дедилар» (Имом Шофеъий ва Имом Ибн Можа ривоят қилган).

Бир кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп салавот айтмоқ жуда ҳам марғуб иш. Умматларнинг айтган салавотлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етқазилади. Аллоҳнинг амри ила у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу салавотларни эшитадилар, улардан хурсанд бўладилар. Аллоҳим, барчаларимизни қиёматда росулуллоҳни шафоатларига муяссар қилгин.

Муҳаммаджон ИСТАМОВ

Нурота тумани “Янгибино” жоме масжиди имом-хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3785 times

Мақолалар

Top