Мақолалар

Навоийни севган  хаттот

Ноёб мерос сифатида бизга етиб келган қўлёзмаларни ўрганар эканмиз, ўтмишда кўп улуғ хаттотлар ўтганини кўрамиз. Уларнинг машаққатли меҳнати туфайли турли асарларнинг қўлёзма нусхалари юзага келган. Шарқ олим ва шоирларининг асарларини ардоқлаган ва улардан нусхалар кўчирган ана шундай ажойиб хаттотлардан бири Муҳаммад Юнус котиб эди.

Буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий асарларини Тошкентда ҳам асрлар оша жуда кўп хаттотлар кўп нусхаларда кўчиришган. Улар орасида атоқли хаттот Муҳаммад Юнус котиб кўчирган қўлёзма нусхалар алоҳида ажралиб туради. Муҳаммад Юнус котибнинг отаси Муҳаммад Бобожон ва ўғли Муҳаммад Яҳё ҳам хаттот бўлган. Асли шаҳрисабзлик хаттот Тошкентга келиб, Қашқар маҳалласида бир неча йил истиқомат қилади. Муҳаммад Юнус котиб насх, настаълиқ ва шикаста хатларини ёзишга моҳир эди. У араб ва форс тилларини яхши билган. Муҳаммад Юнус котиб Алишер Навоийнинг машҳур “Хамса”, “Маҳбубул қулуб”, “Лисонут тайр”, “Мажолисун нафоис”, “Ғаройибус сиғар” ва бошқа асарларидан бир неча нусхалар кўчирган. Муҳаммад Юнус Тошкентда кўчирган “Хамса”нинг икки нусхаси диққатга сазовордир.

Улардан бири 1861–1863 йиллар орасида китобат қилинган. “Хамса”га киритилган ҳар бир достоннинг охирида мазкур нусхани Тошкент шаҳрида шаҳрисабзлик Муҳаммад Юнус котиб кўчиргани кўрсатиб ўтилган.

Ушбу нусхага Муҳаммад Юнус котиб Алишер Навоийнинг “Маҳбубул қулуб”, “Лисон­ут тайр” асарларини ҳам киритади. “Лисонут тайр” асари сўнгида эса: “Бу муаззам ва мукаррам нусха Навоий ва Фоний тахаллусли ҳазрат Амир Алишернинг “Лисонут тайр” асари, 1280/1863 йили Тошкентда фақир ва ҳақир Муҳаммад Юнус валади Муҳаммад Бобожон Шаҳрисабзий қўлида таҳрир топди”, деб қайд этади.

Иккинчи нусха 1872–1873 йили кўчирилган бўлиб, асар бошланишида икки саҳифага бадиий лавҳа ишланган. “Хамса”даги беш дос­тоннинг илк саҳифаларига ҳам алоҳида-алоҳида бадиий лавҳалар чизилган. Асар ажойиб настаълиқ хати билан Қўқон қоғозига кўчирилган. Ушбу нусха охирида ҳам: “Алишер Навоий ҳазратларининг муборак “Хамса” асари 1872–1873 йили фирдавсмонанд Тошкентнинг кошғарлик маҳалласида бу фақир шаҳрисабзлик Муҳаммад Юнус ибн мулла Бобожон қўлида анжомига етди”, деб битилган.

Қўлёзма асарларининг кўпида хаттотлар камтарлик қилиб ўз номларини келтиришмайди. Хаттотлар бу асарни ўқиган кишилардан, агар уни кўчириш асносида бирон-бир камчиликка йўл қўйган бўлишса, кечиришларини сўраш билан сўзни тамомлашади. Шунинг учун кўп қўлёзма асарларни қайси шаҳарда, ким кўчирганини аниқлаш қийин.

Баъзи котиблар ўз номларини келтириш билан бирга қўлёзма қайси шаҳарда кўчирилганини ҳам кўрсатиб ўтади. Муҳаммад Юнус котиб кўчирган Алишер Навоий асарларининг ушбу нусхалари охирида келтирилган маълумотлардан уларнинг Тошкентда китобат қилингани аниқ кўриниб турибди. Ҳатто бу асарлар Тошкентнинг қайси маҳалласида кўчирилгани ҳам аниқ ёзилган. Муҳаммад Юнус котибнинг Алишер Навоий асарларидан меҳр билан кўчирган ноёб қўлёзма нусхалари ҳозир Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар хазинасида сақланмоқда.

 “Тошкент тарихида

баъзи сиймолар” рисоласидан

Неъматулло МУҲАМЕДОВ

тайёрлади.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 3649 times

Мақолалар

Top