Мақолалар

Луқмони Ҳаким билан масалчи Эзоп бир кишими?

Луқмони Ҳаким номи муаззам Шарқда қанчалик машҳур бўлса, масалчи Эзопнинг шуҳрати ҳам Кўҳна Қитъада ундан кам эмас. Қуръони каримда Луқмони Ҳаким ҳақида унинг номи билан аталган алоҳида сура нозил бўлган. (31-Луқмон сураси). Аммо унинг пайғамбар ёки донишманд экани очиқ ифода этилмаган бўлса-да, комил мусулмон сифатида тасвирланган. Муқаддас Китобимизда Аллоҳ таоло унга нарсалар ва воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятига бехато етиш ва энг тўғри ҳукм чиқара олиш неъматини, яъни ҳикматни ато этгани айтилган. Шунинг учун ҳам унинг исми шарифи Луқмон ал-Ҳаким (“ҳикма” – “донишманд”) деб аталган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг таъкидлашича, Луқмони Ҳаким ҳабаший қул бўлган. Отасининг оти Боуро. У Озар (Торах) авлодидан бўлиб, Айюб алайҳиссаломнинг синглиси ёки холасининг ўғлидир. Луқмони Ҳаким Довуд алайҳиссалом замонигача яшаган ва у зотдан илму ҳикмат ўрганган.

Тарихий манбаларда Айюб алайҳиссалом милоддан олдинги XVI асрда туғилиб, 254 йил яшаган, мил.авв. XV юзйиллик атрофида вафот этган, дейилади. Шу ҳисобда милоддан олдинги XVI аср бошларида таваллуд топган бўлса, XIV асрга яқинроқ вақтларда қазо қилган бўлса керак-да. У зотнинг Лут алайҳиссаломнинг қизига уйлангани ва Дамашқ атрофида яшайдиган аҳолига пайғамбар қилиб юборилгани, вафодор аёлининг оти Раҳима бўлгани айтилади.

Сурия, Фаластин, Миср ва Марказий Осиёда Айюб алайҳиссалом номи билан боғлиқ топонимлар бор.

Луқмони Ҳакимнинг отаси Айюб алайҳиссаломнинг синглиси ёки холасининг ўғли эканидан келиб чиқилса, уни Дамашқ атрофида, милоддан аввалги XVI асрларда туғилган деб тахмин қилиш мумкин бўлади. Шу тахмин бошқаларидан кўра ҳақиқатга яқинроқ келади.

Довуд алайҳиссалом барпо этган давлатнинг Фаластин, Сурия ва Арабистон яриморолининг бир қисмига қадар чўзилгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Бироқ Довуд алайҳиссаломнинг милоддан аввалги XI аср атрофида яшагани Луқмони Ҳакимнинг умрини қарийб 500 йилга қисқартириб юборади. Лекин Луқмони Ҳакимга еттита бургутнинг умри берилганидан мўлжал олинса, энг узоқ умр кўрган бургут 80 йил яшайди. 7 ни 80 га кўпайтирсак, 560 бўлади. Шу ҳисоб унинг ёшига тўғри келади. Аммо минг йилга етмайди.

У зот қул бўлган ва кейинчалик ўткир донишмандлиги туфайли озод қилинган, Яна бир тахминга кўра, тикувчи ва дурадгор бўлган, бошқа бирида эса Довуд алайҳиссаломнинг шогирди бўлган ва Довуд алайҳиссалом уни қозилликка тайин қилган деб айтилади.

Арабларнинг кўплаб урф-одатлари Луқмони Ҳаким таъсирида шакллангани айтилади. Унинг даъватлари ислом дини арконларига амал қилиш мавзуида бўлган: ибодатни ўз вақтида қилиш ва бошқа маънавий-ахлоқий нормалар.

Ривоят қилишларича, Луқмони Ҳаким од қавмидан бўлган. Қаттиқ қурғоқчилик бўлган йили қавми билан бирга Маккага Аллоҳ таолодан ёмғир сўраш учун боради. У ўшанда сув сўрашнинг ўрнига ўзига узоқ умр сўрайди. Парвардигор унга етти бургутнинг умрини ато қилади. бургутлардан бири туғилган заҳоти иккинчиси туғилади. Шу тариқа Луқмон узоқ умр кўради ва Мариб тўғонини қуради. Унинг қандай қилиб донишманд бўлиб қолгани масаласида бундай дейилади: чошгоҳ вақти мизғиб қолганида уни қандайдир овоз уйғотиб унга кишилик жамиятида адолат ўрнатиш ва халифа бўлишни тайинлайди. Луқмони Ҳаким изн сўраб подшоҳ бўлишдан кўра қул бўлишни афзал билишини айтади. Унинг бу танлови Аллоҳ таолога хуш келади. Луқмонни яна уйқу босади ва уйқулик чоғида Аллоҳ таоло унинг қалбига донишмандлик неъматини жойлаб қўяди. Ундан кейин орадан кўп вақтлар ўтиб Довуд алайҳиссаломга айни таклиф тушди. Пайғамбар ҳеч ўйлаб ўтирмасдан таклифга рози бўлди.

Луқмони Ҳакимнинг мислсиз донишмандлиги ҳақидаги кўплаб фактлар сақланиб қолган. Улардан иккитаси жуда ҳам машҳур. Луқмон ўзига ўхшаган иккита қул билан боғдан мева териб келишга боради. Қайтаётганда шериклари мевани еб қўйишади ва хўжайинига Луқмон еб қўйди деб айтади. Луқмон хўжайинига учаласига ҳам қайт қиладиган ҳолга келгунча  қайноқ сув ичиришни сўрайди. Хўжайини унинг айтганидек қилиб, учовини қайноқ сувга бўктиради. Учаласи ҳам қайт қилиб юборганидан кейин мевани кимлар егани фош бўлади.

Луқмонга бир қўй сўйиб унинг энг яхши икки бўлагини пишириб келишни айтишади. Донишманд қўйнинг тили ва юрагини пишириб олиб боради.  Бошқа сафар унга қўй сўйиб энг ёмон иккита аъзосини пишириб келишни айтишади. Луқмон яна тил ва юракни пишириб келади. Ундан “Бу иккисини ўтган сафар энг яхши аъзолар деб айтган эдинг, энди улар ёмон бўлиб қолдими? деб сўрашганида у: “Улардан яхши нарса йўқ, аммо улар бузилган бўлса улардан ёмон нарса ҳам бўлмайди”, деб жавоб беради.  Бир сафар ундан маъруза қилганида тингловчилардан бири оддий чўпон бўлган одам бу ютуққа қандай эришдингиз деб сўраганида у бу ишда унга ортиқча нарсалардан воз кечиш, одамларнинг ишончини оқлаш ва ҳақиқатга эришишга интилиш ёрдамчиси бўлганини айтган.

Қизиғи, Луқмони Ҳакимни ўрта асрларда Эзоп деб аташган ва унинг машҳур масалларини сўзлаб юришган. 

Эзоп қачон яшаган?

Эзоп фригиялик қул бўлган. Унинг ижодининг энг гуллаган дамлари милоддан аввалги 600 йилларга тўғри келади. Тарихий манбаларга кўра, Эзоп 400 га яқин масал битган.

Эзопнинг номи биринчи марта Геродотнинг (V аср) “Тарих” асарида гетералар ҳақида сўз юритаётганда тилга олиб ўтилган. Геродот Эзоп ҳақида йўл-йўлакай  ёзиб ўтган бўлса-да, уни машҳур тарихий шахс сифатида тасвирлайди ва қуйидаги тўртта сифатини келтиради:

  1. Эзоп масалчи эди.
  2. У Самос оролида яшаган ва Иадмон деган одамнинг қули бўлган.
  3. Эзоп тахминан милоддан аввалги 560 йилларгача яшаган.
  4. У қандайдир сабабга кўра Дельфада ўлдирилган.

Энди Луқмони Ҳаким билан Эзопнинг ўхшаш жиҳатларига эътибор қилайлик.

Луқмони Ҳакимга  қараганда, Эзопнинг туғилган йили ва макони аниқроқ ёзилгандек бўлса-да, айрим тарихчилар Эзопнинг тарихий шахс эканига шубҳаланиб қарайди;

иккаласи ҳам қул бўлган;

Луқмони ҳакимга донишмандлик ухлаётган чоғида илҳом билан берилган бўлса, Эзоп ҳам айнан чошгоҳ вақтида соялаб ўтирганда бир фаришта ғариб йўловчи қиёфасида келиб ундан егулик сўрайди. Эзоп унга бир парча қотган нонини тутади. Унинг сахийлигини кўрган фаришта Аллоҳ таолога “Унга забон ато эт!” деб дуо қилади. Чунки Эзоп соқов бўлган. Ана шу дуонинг шарофати ила унинг тилининг тугуни ечилиб кетган;

хўжайинига олиб келинган мевани еб қўйишгани ва ҳақиқий гуноҳкорларни қайт қилиш орқали ўша ернинг ўзида аниқлаш воқеаси иккисида ҳам юз берган;

Луқмони Ҳаким хўжайинига қўйнинг, Эзоп эса чўчқанинг тили ва юрагини пишириб келган.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

وَلَقَدْ آَتَيْنَا لُقْمَانَ الْحِكْمَةَ أَنِ اشْكُرْ لِلَّهِ وَمَنْ يَشْكُرْ فَإِنَّمَا يَشْكُرُ لِنَفْسِهِ وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ حَمِيدٌ

«Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): «Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукурлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир» (Луқмон сураси, 13-оят).

Ояти каримадан Луқмон деган банданинг Аллоҳ таоло ато этган ҳикмат туфайли ҳакимлик мартабасига етгани аён бўлади. “Ҳаким” деб, сўзи ва ишида ўта аниқлик бўлган кишига айтилса-да, олиму уламонинг энг забардастлари ичидан ҳам бу мартабага етишганлари жуда кам бўлган. Шайх Саъдий  машҳур “Гулистон”ида ёзадики, маъноси бундай: “Бир ҳаким беморларни даволар эди. Бир куни қабулига бир кўр одам келди. Ҳаким уни кўргани заҳоти ҳол аҳлидан эканини фаҳмлади ва: “Сизнинг кўзингизни-ку бир амаллаб очармиз-у, аммо қалб кўзингизни оча олармиканмиз”, деди. Кўр киши унга: “Ундай бўлса сизни ҳаким эмас, табиб деб айтиш керак экан-да”, деди”.

Қайси манбада учратган бўлсалар, билмадим, профессор Абдуқодир Ҳайитметов домла (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!) бир суҳбатда “Навоий ҳазратлари ҳам ўзини “ҳаким” деб аташларини орзу қилган экан”, деган эди.

Ҳосили калом, Луқмони Ҳаким Аллоҳ таолонинг лутфу инояти ила шундай улуғ мартабага эришган ва ушбу ном билан шуҳрат қозонган.

Энди у зотнинг фарзандига қилган насиҳатига эътибор қилинг.

وَإِذْ قَالَ لُقْمَانُ لِابْنِهِ وَهُوَ يَعِظُهُ يَا بُنَيَّ لَا تُشْرِكْ بِاللَّهِ إِنَّ الشِّرْكَ لَظُلْمٌ عَظِيمٌ

«Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: «Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир» (Луқмон сураси, 13-оят).

 يَا بُنَيَّ إِنَّهَا إِنْ تَكُ مِثْقَالَ حَبَّةٍ مِنْ خَرْدَلٍ فَتَكُنْ فِي صَخْرَةٍ أَوْ فِي السَّمَاوَاتِ أَوْ فِي الْأَرْضِ يَأْتِ بِهَا اللَّهُ إِنَّ اللَّهَ لَطِيفٌ خَبِيرٌ  يَا بُنَيَّ أَقِمِ الصَّلَاةَ وَأْمُرْ بِالْمَعْرُوفِ وَانْهَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَاصْبِرْ عَلَى مَا أَصَابَكَ إِنَّ ذَلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ  وَلَا تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلَا تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ  وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ

(Луқмон яна деди): «Эй ўғилчам! Шубҳа йўқки, агар хантал (ўсимлигининг) уруғидек (яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас, у (амал) бирор харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани ҳам Аллоҳ келтирур. Зеро, Аллоҳ лутфли ва огоҳ зотдир. Эй ўғилчам! Намозни баркамол адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил! Албатта, мана шу пухта ишлардандир. Одамларга (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки, Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин! Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир» (Луқмон сураси, 16–19-оятлар).

Тафсир китобларида эса у зотнинг ўғлига қилган жуда кўп насиҳатлари келтирилган. Улардан баъзиларини келтириб ўтиш билан кифояланамизки, чунки айнан шу насиҳатларни Эзоп ҳам қайтарган.

Луқмони Ҳаким айтади: “Эй фарзандим, улуғ ва қудратли Яратувчи – Аллоҳни тани; ота-онани ғанимат бил; устозни отангдек азиз бил; ҳамма ишда ўртача йўл тут;  оз ейиш ва оз гапиришни одат қил. 

Эзопнинг насиҳатлари:

Энг аввало Тангрини муносиб тарзда улуғла. Кейин эса подшоҳни иззат қил. Чунки подшоҳ ва Тангри ҳукми тенгдир. Устозингни ота-онанг қаторида ҳурматла. Ота-онани сенга табиат ато этган бўлса, устозинг сени ўз ихтиёри ила севади. Шунинг учун ундан икки карра миннатдор бўлмоғинг жоиз.

* * *

Эртанги ишлар учун саломатлигинг яроқли ва куч-қувватинг етарли бўлишини истасанг, кундалик таоминг сифатли ва етарли бўлсин.

* * *

Бевақт ўлим топмаслигинг учун шоҳ саройида эшитганларингнинг ҳаммаси ичингда ўлсин.

* * *

Ёшинг ўтиб қолганда илм олишдан уялма. Зеро, ҳечдан кўра кеч илм олмоқлик афзалдир.

* * *

Пулинг кўп бўлса қувонма, кам бўлса куйинма.

 

Эзопнинг масаллари:

Бир ҳукмдор Эзопдан сўради:

«Не сабабдан донишмандлар бойларнинг ҳузурига келадилар-у, бойлар донишмандларнинг ҳузурига бормайди?»

Эзоп шундай жавоб берди: «Бунинг боиси шундаки, донишмандлар ўзларига нима кераклигини яхши биладилар. Давлатмандлар эса билмайди. Агар билганда мол-дунё ғамида яшамасдан, донишмандлик пайида бўлардилар».

 ***** 

Бир қария ўрмонда ўтин кесиб, уни уйи томон судрай бошлади. Йўл жуда олис эди. Қария ҳолдан тойиб, ўтинни ташлади-да, Яратгандан ўзига ўлим тилаб ёлворди. Шунда Азроил алайҳиссалом ҳозир бўлди ва қариядан нима учун йўқлаганини сўради. Қария Азроил алайҳиссаломга шундай жавоб берди: «Ўтинимни кўтаришиб юборинг, шунга сизни чақирган эдим».

Қиссадан ҳисса шуки, инсон қанчалар бахтсиз бўлмасин, ҳаёт барибир ширин.

 

Ана шу кузатувларимизга асосланиб шундай хулосага келиш мумкин. Биринчиси, фригиялик Эзопни Геродот кўрмаган. У фақат эшитганларини ёзган. Эзоп ҳақиқатан, донишманд одам бўлган бўлиши мумкин. Лекин халқ унинг донишмандлигига Луқмони Ҳакимнинг донишмандлигини қориштириб юборган бўлиши эҳтимоли бор. Иккинчиси эса Эзоп Луқмони Ҳакимнинг Оврўпа халқ оғзаки ижодида тараннум этилган тимсоли ва йиллар ўтгани сайин халқнинг хотирасига шахс сифатида ўрнашиб борган. Эзоп масалларининг ҳам аксари халқ оғзаки ижоди маҳсули бўлиши эҳтимолдан холи эмас.

Дамин ЖУМАҚУЛ,

ЎМИ Матбуот хизмати

 

                                              

 

Read 5038 times

Мақолалар

Top