Мақолалар

Дунёдаги энг бахтли аёллар

Ҳаётимизнинг қайси соҳасида бахту саодатни, хусусан, оиладаги тотувликни, иқболни, фароғатни изласак, уни албатта, шарқона ахлоқ одобда топамиз. Шу боиски, турмуш тарзи бузуқ ақидалар асосига қурилган қавмлар муслмонларнинг оилавий ҳаётига, ундаги аҳиллик ва фароғатга, ахлоқ ва одобга ҳавас билан қарайдилар. Бизларга бундай неъматни ато қилган Аллоҳ таоло Қуръони каримда Рум сурасининг 21-оятида шундай марҳамат қилади:

وَمِنْ آَيَاتِهِ أَنْ خَلَقَ لَكُمْ مِنْ أَنْفُسِكُمْ أَزْوَاجًا لِتَسْكُنُوا إِلَيْهَا وَجَعَلَ بَيْنَكُمْ مَوَدَّةً وَرَحْمَةً إِنَّ فِي ذَلِكَ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يَتَفَكَّرُونَ

“Унинг аломатларидан (яна бири) – сизлар (нафсни қондириш жиҳатидан) таскин топишингиз учун ўзларингиздан жуфтлар яратгани ва ўртангизда иноқлик ва меҳрибонлик пайдо қилганидир. Албатта, бунда тафаккур қиладиган кишилар учун аломатлар бордир.”

Аллоҳ таолонинг Ўзи эр билан хотиннинг орасига севги, меҳр-муҳаббат, раҳм-шафқат солмаса, улар бир-бирларининг баъзи камчиликларини кўтара олмасдилар.

 Юз минг киши иштирок этган видолашув ҳажида Муҳаммад Мустафо (с.а.в) умматларига қуйидагича васият қилдилар: ”Эй инсонлар! Хотинларнинг хақларига риоя қилинглар. Улар билан шафқат, меҳр ила  муомалада бўлинглар. Уларнинг ҳақлари хусусида Аллоҳдан қўрқинглар! Хотинлар сизга Аллоҳнинг омонатидир. Уларни Аллоҳ номига сўз бериб олдингиз, улар амри Илоҳий ила сизга ҳалол бўлди. Сизнинг хотинлар устида хақларингиз бўлгани каби, хотинларнинг ҳам сизда ҳақлари бордир. Сизни хотинлардаги ҳақларингиз – хотинларнинг оила шарафини сиз ёқтирмайдиган ҳеч бир кимсага оёқ ости қилдирмасликларидир. Хотинларингизнинг ҳар турли ейиш ва кийим эҳтиёжларини таъминлашингиз эса, уларнинг сизнинг устингиздаги ҳақларидир. Улар сизнинг ҳақларингизга риоя этмоқлари керак. Сиз ҳам уларга назокат билан муомала этишингиз лозим”.

Аллоҳ таоло аёл кишини ўзига хос табиат билан яратган. У хотин бўлиши, она бўлиши ва бу вазифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан эркак киши кўтара олмайдиган нарсани кўтариши мумкин, аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, айниқса, қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмайди. Шунинг учун Набий (с.а.в) аёл кишига нисбатан унинг муомаласига қараб эмас, балки доимо яхши муносабатда бўлиш кераклигини таъкидлаганлар. Аёл кишининг эридаги хақларидан энг муҳими бўлмиш – яхши яшаш, унга гўзал, нозик муомала қилиш ҳақидаги шариатимизнинг тавсиялари жуда ҳам кўпдир.

Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда аёл кишининг алоҳида латиф тана, малоҳатли тузилиш, ўзига ҳос жисм ва аъзолардан иборат эканлиги таъкидланган: “Набий (с.а.в) ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларига доимо яхшилик қилсин! Чунки улар қовурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!” дедилар”. Албатта, ҳар биримизни Расулуллоҳ (с.а.в)нинг оила ҳаётлари, мўмина оналаримизга бўлган муносабатлари, уларнинг биргаликда кечирган турмуш тарзлари қизиқтиради. Дархақиқат буни билиш ҳар бир оила аъзолари учун жуда муҳим масаладир.

Расулуллоҳ (с.а.в)ни узоқдан кўрган киши ҳайбат, яқиндан кўрганида эса уларга нисбатан эҳтиром, муҳаббат ҳис этарди. Ул зотнинг гўзал хулқлари оила ҳаётида янада гўзаллашиб жилваланарди. Айнан мана шу муносабат туфайли ул зотнинг завжаи мутоҳҳаралари уларга чин маънодаги севги, мухаббат, хурмат билан боғланган эдилар.

Ул зот ғоятда оддий ҳаёт кечирганлар, оддийгина кийиниб, оддий таом еганлар. Оилаларида оддийлик ва самимият ҳукм сурган. Бутун бошли бир давлат хукмдори бўлсалар ҳам кийимларини ўз қуллари билан ямар, арпа нон ер эдилар. Расулуллоҳ (с.а.в)нинг завжаи мутоҳҳаралари ҳам мана шундай ҳаётда яшаб, ҳеч қачон ҳаётларидан нолимаганлар, аксинча, яшаш тарзларидан ғурурланганлар. Бошига тож кийиб, ер юзида хукмронлик қилган қанчадан-қанча подшоҳ, қирол, императорларнинг аёллари кўрмаган, бутун умр хаёлларида орзу қилиб, етиша олмаган оила бахтига бир бўйра, лойдан ясалган бир кўза каби оддий ашёларидан бошқа мулкни ўзига раво кўрмаган зотдан мўмина оналаримиз улкан бир муҳаббат, назокатли севги, чексиз фидокорлик кўриш бахтига муяссар бўлдилар. Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг оила ҳаётлари бутун башариятга гўзал намунадир.

 Расулуллоҳ (с.а.в) ўз завжаларига ўта нозик муносабатда бўлганлар. Бир куни Набий (с.а.в) мўмина оналаримиз билан сафарга чиқдилар. Мўмина оналаримиз  ўз туяларига миниб олишгач, туя етакловчи туяларни жадаллаштириб ҳайдай бошлади. Шунда ул зот ўз хонимларининг нозикликларини эътиборга олиб: “Биллурларга диққатли бўл, эҳтиёт қил!”, – дея таъкидладилар. Бу қандай ҳам аёл жинсига нисбатан ажойиб, назокатли эҳтиром, муҳаббат тимсоли!

Набий (с.а.в) ўз аёлларига нисбатан гўзал муомалали бўлиб, доимо хурсандликда, уларни эркалаган, лутф-марҳамат кўрсатар, ўрни келганда улар билан ҳазиллашар, кулишар эдилар. Ҳар куни уларнинг ҳар бирларини алоҳида зиёрат қилиб, эътибор кўрсатар эдилар. Хаттоки, уларнинг хизматларида бўлиб уй супурар, қўй соғар, кийимларини ўзлари ямардилар.

 Расулуллоҳ (с.а.в) ўзининг биринчи аёллари Хадича бинти Хувайлид онамизни бир лаҳза ҳам эсларидан чиқармай эъзоз ва эҳтиром билан эслаб: “Албатта менга Хадичанинг муҳаббати берилган”, – дер ва улар зикр қилинганларида, уларга мақтов ва хаққига истиғфор айтишдан зерикмас эдилар. Хадича онамиз хақларида: “Одамлар менга куфр келтирганида, у менга иймон келтирди. Одамлар мени ёлғончи қилганларида, у мени тасдиқлади. Одамлар мендан нарсаларини беркитганларида, у молини мен учун сарфлади. Аллоҳ таоло менга бошқа аёллардан эмас, ундан фарзанд берди”, –деганлар.

Росулуллоҳ (с.а.в) Савда бинти Замъа   онамизни ўзларининг Аллоҳ таоло дини йўлида кўрган  машаққатларини тақдирлаб, никоҳларига олганлар. Унинг устига бева қолиб, оғир аҳволга тушиб қолганларида уларни ўз эътибоирларидан  четда қолдирмадилар. Савда бинти Замъа  онамиз аҳёнда Набий (с.а.в)ни кулдириб туришни яхши кўрар, ўз навбатида Росулуллоҳ (с.а.в) ҳам уларнинг ҳазил мутойибаларини ўзига яраша қабул қилар эдилар.Савда бинти Замъа онамиз саййида, жамила ва шарифа бўлиш билан бирга катта жуссаликлари сабабидан уй ишларига уринишида ўнғайсизланишларини кўриб ул зот табассум қилиб қўяр эдилар.

Ҳафса бинти Умар (р.а) нубувват хонадонида гўзал ҳаёт ичра яшай бошладилар. Набий (с.а.в) Хафса онамизнинг қобилиятли, зийрак эканликларини эътиборга олар эдилар. Хафса онамиз (р.а) Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган ва унинг тафсирини яхши билганлар. У кишининг бу даражага етишларида Росулуллоҳ (с.а.в) дан олган сабоқлари сабаб бўлган.

Зайнаб бинти Хузайма (р.а) ҳам мўминаларнинг онаси бўлишдек шарафга ноил бўлдилар. Росулуллоҳ (с.а.в) Зайнаб онамизнинг сабрлари, жасоратлари, Аллоҳ дини йўлидаги фидокорликларини муносиб  тақдирлар ва уларни “Уммул Масокин” ( мискинлар онаси) дер эдилар.

          Умму Салама онамизнинг Набий (с.а.в)  га турмушга чиқиб, у зотнинг завжаи мутоҳҳараларидан бири бўлишлари ҳам катта шараф эди. Улар нубувват хонадонида истиқомат қилиишлари давомида бу шараф устига яна шараф қўшила борди. Уларнинг уйларига Жаброил (а.с) ваҳий олиб келадиган бўлдилар. Умму Салама онамиз (р.а) ўта зеҳнли, оқила ва илмга чанқоқ бўлганликлари туфайли Росулуллоҳ (с.а.в)дан турли масалаларни сўрашдан зерикмас эдилар ва ўз навбатида Набий (с.а.в) ҳам бу саволларга алоҳида эътибор билан жавоб берар эдилар.

 Жувайрия бинти Хорис (р.а) онамиз нубувват хонадони аёлларининг дуру- жавҳарлари силсиласига қўшилдилар. Жувайрия онамиз (р.а) қабила бошлиғининг қизиз сифатида  нозу-неъматга кўмиллиб, ҳою-ҳавасга берилиб яшашдан кўра  Росулу Мурсалиннинг аёллари сифатида борига шукур қилиб, тақвога ружу этиб, камтарона яшашни маъқул кўрдилар.

Расулуллоҳ (с.а.в) Оиша онамизнинг кичик ёшдаликларини эътиборга олиб, ул кишининг даражаларига тушар,  ўзларига яраша шароит яратиб беришга ҳаракат қилар эдилар. Хаттоки Оиша онамиз билан югуриш мусобақаси ўтказган эканлар. Ана шу вақтда ул зотнинг ёшлари эллик учдан ўтган экан. Оиша онамиз ўз кайфиятларидаги ўзгаришни жуда нозиклик билан юзага чиқарсаларда, ул зот Оиша онамизнинг руҳиятларини уларнинг бир оғиз сўзларидан илғаб олар ва уларга ўзгача набавий лутф кўрсатар эдилар. Оиша (р.а)дан ривоят қилинади: Росулуллоҳ (с.а.в) “Мендан хурсанд бўлганингни ҳам, хафа бўлганингни ҳам дарҳол билиб оламан”, – дедилар. “Буни қаердан биласиз деб сўрадим. У зот алайҳиссалом “Мамнун бўлсанг: “Ҳа, Муҳаммаднинг парвардигори ҳаққи!” деб айтасан. Агар хафа бўлсанг: “ Йўқ Иброҳимнинг Парвардигори ҳаққи!” деб айтасан” дедилар. Мен: “Ҳа тўғри айтдингиз, мен фақат исмингизни тарк қиламан”, – дедим. Оиша (р.а) умр йўлдошига нисбатан хафалигини  яширса,  Росулуллоҳ (с.а.в) жуфтларининг қайғусини ҳам, хурсандчилигини ҳам эътиборсиз қолдирмай, бир оғиз сўзидан фаҳмлаб олмоқдалар. Эътиборга лойиқ яна бир томони шундаки, Росулуллоҳ (с.а.в) аёолининг хафа эканини билса-да, ўша фурсатда индамай, аёлининг кўнгли хотиржам ва хуш кайфиятини кутиб, сўнг мулойимлик билан эслатмоқдалар. Оиша онамиз  ҳам ўша холатга гўзал одоб, заковат билан ойдинлик киритишга уринмоқдалар. “Сиздан  хафа бўлганимда фақат исмингизни тарк қиламан… ИСМИНГИЗ  ўрнига бобокалонингиз Иброҳимнинг номини зикр этсам-да, қалбим сизга Муҳаббатим билан лиммо-лим”, – деб жавоб бердилар.

София бинти Ҳуяй онамиз туяга миниб олишлари учун Набий (с.а.в) оёқларини уларга тўғрилаб турганлар. Шунда София бинти Ҳуяй онамиз ул зотнинг сонларига оёқларини қўйишдан бош тортиб, тиззасини қўйиб туриб чиққан. Кейин Набий (с.а.в) ўз ридоларини унинг елкасидан юзини тўсадиган қилиб ёпиб, оёғининг остидан ўтказиб тортиб, боғлаб қўйганлар. Бир гал Хаж сафарида туялари ётиб олгани сабабли София онамиз йиғлаб юбордилар. Буни эшитган Набий (с.а.в) тезда етиб келиб, меҳрибонлик ила уларнинг кўз ёшларини артиб, юпатиб қўйганлар. Расулуллоҳ (с.а.а)нинг рафиқасига кўрсатган эътибори, назокатига қаранг!

Умму Ҳабиба онамиз узоқ муддат кўришмай юрган отаси мушрик бўлгани учун Набий (с.а.в)нинг кўрпачаларини уларнинг тагларидан тортиб олишлари ул зотга бўлган юксак эҳтиромларидан эди. Албатта, Умму Ҳабиба (р.а) учун Набий (с.а.в) га завжа бўлишдан ортиқ мукофот бўлиши мумкин эмас. Бу нақадар оилй саодатдир!

Маймуна бинти Хорис онамиз ҳам нубувват хонадони аёллари қаторига сўнгги дурдона бўлиб қўшилишларининг ҳам ўзига яраша ҳикмати бор эди. У зот ҳам Росулуллоҳ (с.ав) га оилавий шароитда содир бўлган шаръий аҳкомларни ислом умматига етказишда яна бир ёрдамчи бўлдилар. Маймуна онамиз мўминлар оналари ичида энг тақводор ва силаи раҳмга моил эканларига Росулуллоҳ (с.а.в) ўзлари гувоҳлик берганлар.

Набий (с.а.в)нинг мўмина оналаримиз билан кечирган турмушларини кузатар эканмиз, улар орасидаги самимият, меҳр-мурувват, муҳаббат, назокатдан завқланиб, табора уларга ҳавасимиз ортиб, уларга ўхшашга ошиқамиз!  Зеро, Муҳаммад Мустафо (с.а.в)нинг хотинлари пок аёллар, дунёдаги энг бахтли аёллар, “Мўминаларнинг онаси” деган юксак унвонга муносиб бўлган оналаримиздир.

Гулобод ҚУРБОНОВА

«Хадичаи Кубро» аёл қизлар ўрта махсус

ислом билим юрти етакчи мударрисаси

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Read 6748 times

Мақолалар

Top