Мақолалар

Ким Аллоҳга тақво қилса, У унга ташвишлардан чиқиш йўлини пайдо қилур (Ибратли ҳикоя)

Шайх Али Тантовий ўзининг эсдалик дафтарида ушбу ҳикояни келтиради.

Дамашқда “Тавба” деб аталган катта масжид бор эди. У муборак масжид бўлиб, унда самимийлик ва гўзаллик ҳукмрон эди. “Тавба” масжиди  дейилишининг сабаби, бу жой илгари турли гуноҳ-маъсиятлар содир қилинадиган макон бўлган экан. Кейин ҳижрий еттинчи асрда подшоҳлардан бири у ерни сотиб олиб эски биносини тубдан буздириб ташлади ва ўрнига катта масжид қурдирди.  У масжидда буюк устоз, олиму омил, Шайх Салим Суютий имомлик қилди. Юрт аҳли унга ишонар, ўзларининг диний ва дунёвий ишлари юзасидан мурожаат қилар эдилар. Ўша масжидда бир ўқувчи  ҳалолликда ва покдомонликда зарбулмасал эди. У масжид хоналаридан бирида яшар эди.

Бир сафар у оч қолди. Икки кун туз тотмади. Унда на бирор егулик, на уни сотиб олишга пул бор эди. Ниҳоят учинчи кун у ўлар ҳолга келди. Нима қиларини билмай боши қотди. Ҳатто у жонини сақлаб қолгудек миқдорда ўлимтик ейиш ёки ўғирлик йўли билан топилган бирор нарсани истеъмол қилиш мубоҳ (рухсат берилган)  даражасига етиб келган эди. Охир оқибат, қаддини кўтариб тургудек миқдорда бирор нарса ўғирлаб жонини сақлаб қолишга қарор қилди. Шайх Али Тантовий:

“Ушбу ҳикоя ҳақиқатда бўлиб ўтган воқеа. Унда иштирок этган шахсларни ва тафсилотини биламан”, дейди.

Ўша масжид, шаҳарнинг энг қадимий маҳаллалари ичида жойлашган эди. Маҳалладаги уйлар бир-бирига ёнма-ён қурилган, томлари бир-бирига туташиб кетган эди. Ҳатто маҳалланинг бошидан охиригача томма-том юриб борса бўлар эди. Йигит масжид томига чиқиб,  унинг ёнидаги ҳовлининг томига ўтди. Бехосдан у ерда аёлларга кўзи тушди. Дарҳол кўзини тийдию улардан йироқлашди. Қараса, кейинги ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. У ердан таомнинг ширин ҳиди келиб турарди. Азбаройи очлигидан, таом ҳиди уни оҳанрабодек тортар эди. Ҳовли бир қават эди. Бир сакради-да томдан айвонга тушди. Тезлик билан ошхонага югурди ва қозоннинг қопқоғини очди. Унда ичига қийма тиқилган бақлажон дўлмаси бор эди. Қозондаги бақлажондан бирини олди-да иссиқлигига қарамай оғзига солди. Шу чоқ бирдан иймони ва ақли ўзига қайтди. У ўзига ўзи:

– Эй Аллоҳ, ўзингдан паноҳ сўрайман! Мен масжидда яшайдиган толиби илм бўла туриб, бир бегона хонадонга ўғринча кириб у ердаги нарсани ўғирлаяпман!.. – деб тавба қилди.

Қилмишидан қаттиқ афсус чекди. Истиғфор айтганча бақлажонни қайтариб жойига қўйди-да ортига қайтди. Яна қайтиб масжидга тушди ва устозининг илм ҳалқасига қўшилди. Аммо қаттиқ очлиги сабаб дарс қулоғига кирмас эди. Дарс тугагач, ўқувчилар тарқалдилар. Бир оздан сўнг масжидга бошига ёпинчиқ ташлаб олган бир иффатли аёл келди. Ўша вақтларда барча аёллар шундай кийинар эди. Шайхнинг олдига келиб унга бир нималарни шивирлади. Шунда шайх ён-атрофига қаради. Унинг олдида ҳалиги очликдан азият чекаётган талабадан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Уни олдига чақириб:

– Сен уйланганмисан? – деб сўради.

Йигит:

– Йўқ, – деб жавоб берди.

– Оила қуришни истайсанми?, – деди.

Йигит сукут сақлади.

Шайх:

– Оила қуришни истайсанми? – деб саволини такрорлади.

– Эй устоз! Бир бурда нонга пулим йўқ бўлса, қандай қилиб оила қураман?! – деди. Шунда устози:

– Бу аёлнинг эри вафот этибди. Бу шаҳарда ёлғиз ўзи қолибди. Унинг кексайиб қолган амакисидан бошқа ҳеч кими йўқ экан. Дарҳақиқат, у ҳам бирга келибди, – дея масжиднинг бир тарафида ўтирган кекса мўйсафидга ишора қилди. Сўнг гапига илова қилди: – Бу аёлга эрининг ҳовлиси ва ҳаёт кечириш учун зарур маблағлар мерос қолибди. У Аллоҳнинг амри ва Расулининг суннатига кўра оила қуриш истагида эканини айтди. Токи бу дунёда ёлғиз ўтмаслиги, қолаверса, баднафс кишилар унга тамаъ қилмасликлари учун... уни никоҳингга оласанми? – деди.

Йигит:

– Ҳа, – деди.

– Сен унинг никоҳига ўтишга розимисан? – деб аёлга юзланди.

Аёл:

– Ҳа, розиман, – дея розилигини изҳор қилди.

Сўнг аёлнинг амакиси ва икки гувоҳни чақириб никоҳ хутбасини ўқиди. Кейин шогирдининг қўлига маҳрни берди-да:

– Буни аёлинга тақдим қил, – деди.

Никоҳ ўқилгач, аёл турмуш ўртоғини уйига олиб борди. Уйга киришгач, аёлининг юзини очди. Қараса, у ниҳоятда гўзал ва ёш эди. Уйга қараса, ўша ўзи ўғирликка тушган уйи эди. Аёли унга:

– Овқатланасизми?, – деди.

Йигит:

– Ҳа, – деди.

Аёл қозоннинг қопқоғини очиб, тишланган бақлажоннни кўриб ҳайрон бўлди.

– Қизиқ, ҳовлига ким кирди экан? Ким бу бақлажонни тишлади!..  

Шунда  йигит кўзига ёш олганча, бўлиб ўтган воқеани аёлига сўзлаб берди.

Аёл эрининг ҳикоясини эшитганидан сўнг ҳайрати чекинди ва ғоятда мамнун бўлди:

– Бу сизнинг омонатдорлигингиз мукофотидир. Сиз ўшанда ўзингиз учун ҳаром бўлган таомдан тийилганингиз учун Аллоҳ сизга бу ҳовлининг ҳаммасини ва унинг соҳибасини ҳам қўшиб мукофот қилиб берди, – деди.

 

Тошкент тумани “Холмуҳаммад ота” жоме масжиди имом-хатиби

Авазхўжа БАҲРОМОВ  таржимаси

Read 4007 times

Мақолалар

Top