Мақолалар

Гуноҳларни ўчириш йўли

Бу дунёда Аллоҳнинг ҳукми билан инсонлар моддий имкониятларига кўра турли тоифаларга бўлинади. Албатта, Аллоҳ барчани бой қилишга қодир бўла туриб, уларни бой ва камбағал қилиб қўйишида ҳикмат бор. Аллоҳ баъзиларга ризқни кенг ва баъзиларга эса тор қилиб берганидаги асосий ҳикматлардан бирини баён қилиб шундай дейди: «Агар Аллоҳ бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилиб юборса, албатта, улар ер юзида тажовузкорликка ўтиб кетган бўлур эдилар. Лекин У ўзи хоҳлаганича ўлчов билан (ризқ) туширур. Албатта, У бандаларидан хабардор ва (ҳамма нарсани) кўриб турувчидир» (Шўро сураси 27 оят).

Садақа ва эҳсоннинг барча кўринишлари, хоҳ у нафл бўлсин хоҳ фарз бўлсин, барчаси гуноҳларнинг ўчирилишига сабаб бўлади. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «…Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳларни ўчиради», дедилар» (Термизий ривояти).

Аллоҳ йўлида қилинадиган садақа ва эҳсонларнинг фазилати тўғрисида Қуръонда шундай дейилган: «Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир» (Бақара сураси, 271 оят). Демак, садақани хоҳ ошкора хоҳ яширинча берсин, нияти холис бўлса, садақага ваъда қилинган мукофотга яъни гуноҳларининг кечирилишига эришади. Уламолар садақани инсоннинг имони борлигини тасдиқловчи амал дейишган. Чунки хайри эҳсон қилувчи киши ўзига бегона бўлган ва ҳеч ҳам манфаъат келмайдиган одамга имконидан келиб чиқиб бир нарсани беради.

Абу Молик Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Садақа ҳужжат ва далилдир (яъни имони борлигига)», дедилар» (Имом Термизий ривояти). Демак, хайри эҳсон қилиш орқали имонимиз борлигини тасдиқловчи ҳужжатни қўлга киритган бўлар эканмиз. Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарсага қасам ичаман: «Банданинг моли садақа ила нуқсонга учрамас. Банда бир зулмга учраса-ю, унга сабр қилса, албатта, Аллоҳ унинг иззатини зиёда қилур. Банда тиланчилик эшигини очса, албатта, Аллоҳ унга фақирлик эшигини очар», дедилар.

Адий ибн Ҳотам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайсингиз яримта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам, юзини дўзах оловидан асрашга қодир бўлса, шу ишни қилсин», дедилар (Имом Термизий ривояти).

Эҳсон қилиш энг олдин сизни авайлаб-ардоқлаб катта қилган, едириб-ичирган, кийинтирган, чиройли таълим, хулқу одоб ўргатган, камолга етказиб уйли-жойли қилган ота-онадан бошланади. Шундан кейин қариндош-уруғлар, ўзгалар меҳр-мурувватига муҳтож бўлиб қолган етимлар, камбағал-фақирлар, сафарда азият чекаётган мусофирларга эҳсон қилинади.

Эҳсон-садақа қилиниши лозим бўлган тоифалар ҳақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан бир неча ҳадиси шарифлар ворид бўлган: «Мискинга қилинган садақага битта савоб, қариндошга қилинган садақага иккита савоб: бири садақа, иккинчиси силаи раҳм учундир»; «Расули акрам алайҳиссалом: яъни: «Етимни қарамоғига олган киши билан мен жаннатда мана бундай ёнма-ён турамиз», дедилар ҳамда кўрсаткич ва ўрта бармоқларини жуфтлаб кўрсатдилар». Бошқа ҳадисда эса, яъни: «Бева ва мискинга эҳсон қилиш учун ҳаракат қилган киши Аллоҳ йўлида жанг қилган, туни билан намоз ўқиган ва кун бўйи рўза тутиб юрган киши кабидир» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Юқорида келтирилган оят ва ҳадисларга биноан ҳар бир мусулмон атрофидаги кишиларга меҳрибон, ҳимматли, саховатпеша ва садоқатли бўлиши лозим. Бу имтиҳон дунёда бизларга берилган маънавий ва моддий бойликларини Аллоҳ ва унинг Росулининг кўрсатмаларига монанд сарф қилиб, Қиёмат кунида “Сахий бойлар” қаторида турмоқликни насиб айласин.

 Улуғбек НАЗИРОВ

Андижон шаҳар

“Холиқбердибой” жоме масжиди имом хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 4453 times

Мақолалар

Top