Мақолалар

Соғинмадинг-ми…

Бугун эрта тонгдан Онам раҳматлини негадир қаттиқ соғиндим...
Яқинда Онамнинг қабрлари боши узра тик туриб, ўзимга айтган сўзларим билан ўзимни яна такрор койидим...

“Муштипар Онанг сени кўзлари тўрт бўлиб, зор кутди.
Кутди, кутди…
Мунгли йиғидан кўзлари ожиз бўлди…
Йўқ, йўқ!!!
У ожиз бўлмади…
Аксинча, қулоқлари кўзга айланди…
Нима қимир этса, шу томон бошларин қуйи қилиб, “Болам…”, дея - чақириб, жавоб кутди…
Ҳатто, ёмғирларнинг ҳар томчиси шитирлашидан сени кутди... Сени сўради…
Сен эса келмадинг… Уни соғинмадинг…
У сени қаттиқ соғинди…
Соғинч азобида оламдан ўтди…
Сен Онангни соғинмадинг-ми… Соғинмадинг-ми… Соғинмадинг-ми…”

Ҳа, бу сўзлар ўша куни ўша жойда ўзим томонимдан ўзимга айтилган сўзлар эди...
Талабалик даврим айрилганим, йўқотганим – Зулфузар Онам бўлдилар...

1998 йил... Биринчи курс талабаси эдим... Уйдагиларнинг зиёратига келдим... Аниқроғи, мени уйдагилар чақиртиришди... Шу онларда Онамнинг хасталиклари кучая бошлаган экан...

Ҳамон ёдимда... Ёз фасли... Кечқурун очликдан танаси оқариб кетган, танангга ёпишиб, қонингни ширадек сўрувчи чивинлар ҳар томонингдан ҳужум қилиб, тинчлик бермайди... Кечқурун пашшахонада Онам билан биргаликда алоҳида овқатландик... Ишонсангиз, Уларни кўпроқ овқат есинлар, дея “Қаранг, мен ўзимга яна битта косани тўлдириб келдим”, дея 4-5 коса мастава ичиб юборар эдим... Шунда Улар менга “Болам, ўқишинг қачон тугайди?”, дея ҳорғин қараб ўйчан ҳолда савол бериб, “Сенинг ўқишинг ҳеч тугамайди-я...”, дея ўз саволларига ўзлари яна савол билан жавоб берган эдилар... Шунда мен уларни маҳкам қучиб, йиғлаб юборган эдим... Ҳа, ҳозир ҳам йиғлаяпман...

Орадан бироз вақт ўтиб, дардлари янада оғирлашди ва 5 йил азоб чекиб, меҳнат фаолиятимнинг салкам иккинчи йилида омонатларини топширдилар...

Оналар...
Аслида биз Уларнинг ёнларида қанчалар кўп турсак ҳам Улар учун шунчалар кам, шунчалар оз экан...

Инкор этиб бўлмас ҳақиқатки, Улар бизларни кўзларидан бир нафас ҳам нари кетишимизни хоҳламаганлар...

Аминманки, бизсиз ўтказган ҳар бир нафасларини минг бир соғинчлар билан ўтказганлар...

Ҳа, Оналар шундай марҳаматли эканлар...
Уларга шу марҳаматни берган энг улуғ марҳаматли Зот – Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб, марҳаматининг чеки бўлмаган ана шу Зотдан Муштипарларимиз учун марҳаматидан сўраб қоламиз... Амин...

Биласизми, тепаликларга чиқиб, “Онажонларни асранг, уларни зиёрати ва дуоларига ошиқинг!”, дея ҳайқиргим келади...

Мени кўпдан кўп соғиниб, озгина, ҳа озгина яшаган ва бу кунларимни кўрмаган Онамнинг ҳақларига ғоибона тарзда бир бор бўлсада дуо қилиб қўйсаларингиз..
Ҳозир қабрлари томон зиёрат учун сафарга чиқаяпман... Биламан, улар ҳозир ҳам мени соғиниб турибдилар...
Ҳозир бориб, Улар билан яна узоқ суҳбат қурамиз...

Ҳурмат ила,
Соғинганини Унингдек соғиниб яшашни уддаламаган, фақат соғинтириб яшаган фарзанд – Нурали МАВЛАНОВ.
08 апрель, 2018 йил.

 

Read 4347 times

Мақолалар

Top