Мақолалар

Фатво ҳайъатига келган саволлар (2-қисм)

Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати жавоб беради.

Савол: Ассаламу алайкум! Ота-она қиз фарзандини турмушга узатганидан кейин ундан молиявий ёрдам ёки ҳадялар кутиши жоизми ва қиз фарзанднинг ота-олдидаги бурчлари ва фарзларини айтиб берсангиз илтимос?!!!

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Қизини турмушга узатгач, агар ота-она камбағал, муҳтож бўлиб, қиз ўзининг шахсий (эриники бўлмаган) мулки бўлса ва ота-онанинг бошқа ўғил фарзанди бўлмаса ёки ўғил фарзанди ҳам фақир бўлса, албатта, қиз ота-онасига моддий ёрдам бериб, таъминлаши керак. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади. Агар ота-она муҳтож бўлмаса, қизидан ҳеч қандай моддий ёрдам кутмаслиги керак. Ҳадя бу ихтиёрий нарса, кутадими, кутмайдими, қиз хоҳласа қилади, бўлмаса йўқ. Лекин имкони бор ўғил-қизлар ота-она ва яқинларига ҳадя улашиб туришлари катта савобли ишдир. Моддий ёрдамга муҳтож бўлмаган ота-онани қиз фарзандлари ҳам турмуш ўртоғи рухсати билан кўп куттирмаган ҳолда бир ҳафта-икки ҳафтада бир зиёрат қилиб туриши керак. Албатта, бу эрини уйи билан ота-онасининг уйи оралиқ масофаси яқин кишиларга оид гап. Узоқ бўлса, шароитга қараб, телефон орқали тез-тез ҳол сўраб, имкон топиши билан келиб зиёрат қилиб туриши керак. Сизга бу мавзуда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳнинг “Яхшилик ва силаи раҳм” номли китобини ўқиб олишни тавсия қиламиз.  

Савол: Ассалому алайкум. Саволим туғма ногирон ақли заиф бўлиб туғилган фарзандлар қиёматда савол-жавобсиз жаннатга кирадими , қабрда савол-жавоб қанақа бўлади. Ота-онасига ажр борми? Илтимос саволимга жавоб беришингизни сурайман олдиндан раҳмат Аллоҳ сизлардан рози бўлсин. 

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Иншааллоҳ, уларга савол-жавоб бўлмайди. Чунки ақли заиф кишиларга шариат буйруқларига амал қилиш фарз этилмайди. Бу каби фарзандларни сабр билан, савоб умидида, ношукрликка ўтмасдан боққан ота-оналарга улкан савоблар бор. 

Савол: Ассалому алайкум. Сизларга саволим шундан иборатки, ҳозирда кўп жойларда мавжуд бўлган вариант яъни бирор нарсани насияга бериб уни бўлиб тўламоқчи бўлган одамга фойда кутиб айтса ҳаром амаллардан бўлиб қолмайдими? Жавобингиз учун раҳмат! 

Жавоб: Ва алайкум ассалом! Бу савдода нақдга 10 минг, насияга 12 минг, насия олсангиз бир йил давомида мингдан тўлайсиз, дейилади. Бошқа ҳеч гап ва шарт қўйилмайди. Харидор қайси бирини танласа, савдо шунга қатъий тўхташи керак. Шуниси ҳалол бўлади. Агар унга қўшимча бузуқ шартлар қўйиб, нотўғри лафзлар қўлланса, рибога айланади. Масалан: нақдга бу товарнинг асл тан нархи 10 минг, агар насияга олсангиз, ҳар ойига маълум миқдор қўшимча тўлайсиз. Бир йилда тўласангиз, устига 2минг қўшиб, 12 минг қиламиз. Олти ойда тўласангиз, 11минг тўлайсиз, уч ойда тўласангиз эса 10 минг беш юз берасиз, деб айтса рибо бўлади. Чунки бу тарзда товарнинг нархидан ташқари вақтга алоҳида пул тўғри келяпти. Вақтни эса сотилмайди яъни у товар эмас.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Барча жавобларга ўтиш тугмаси.

 

Read 4667 times

Мақолалар

Top