Мақолалар

Аллоҳ сабрлилар биландир!

Инсоний фазилатларнинг энг гўзали ва энг қадрлиси, инсон камолотининг белгиси сабрдур. Аввало сабрнинг  ўзи нима эканини аниқлаштириб олсак. Арабча “сабр” сўзи луғатда “чидамлилик”, “тоқатли бўлиш”, “тийилиш”, “бардош бериш” маъноларини англатади. Истилоҳда эса қийинчилик ва мусибатларга бардош бериш, жисм ва кўнгилга номувофиқ ҳолларда қайғуга ва тушкунликка тушмаслик, шошма шошарлик қилмаслик “сабр” дейилади.

Мусибат ва фалокатлар каби банданинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган нарсаларга тоқатли бўлиш банданинг сабрли экани аломатидир.

Сабр бу – инсонга берилган буюк неъмат эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтдилар:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ ، أَنّ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم ، قَالَ : أَرْبَعٌ مَنْ أُعْطِيَهُنَّ فَقَدْ أُعْطِيَ خَيْرَ الدُّنْيَا وَالآخِرَةِ : زَوْجَةٌ لا تَبْغِيهِ خَوْنًا فِي نَفْسِهَا وَلا مَالِهِ ، وَلِسَانٌ ذَاكِرٌ ، وَبَدَنٌ عَلَى الْبَلاءِ صَابِرٌ ، وَ قَلْبٌ شَاكِرٌ

Кимга 4 нарса берилган бўлса, батаҳқиқ унга дунё ва охират яхшиликлари берилибди. Улар: солиҳа аёл, зикр айтувчи тил, балоларга сабр қилувчи бадан ва шукр қилувчи қалб”.

Албатта, мусулмон киши мен сабр қилолмайман деб, ўзини жамиятдан узоқлаштириб якка яшаши Исломда маъқулланмайди, балки инсонлар билан аралашиб, улар билан ҳамдарду ҳамнишин бўлиб ва гоҳида улардан келадиган азиятларга сабр қилиш Пайғамбаримиз алайҳиссалом  мақтаган сифатлардандир.

عَنْ يَحْيَى بْنِ وَثَّابٍ عَنْ شَيْخٍ مِنْ أَصْحَابِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « إِنَّ الْمُسْلِمَ إِذَا كَانَ مُخَالِطًا النَّاسَ وَيَصْبِرُ عَلَى أَذَاهُمْ خَيْرٌ مِنَ الْمُسْلِمِ الَّذِى لاَ يُخَالِطُ النَّاسَ وَلاَ يَصْبِرُ عَلَى أَذَاهُمْ ».

Албатта, инсонларга аралашмайдиган ва уларнинг азиятларига сабр қилмайдиган мусулмондан кўра, инсонларга аралашиб уларнинг азиятларига сабр қиладиган мусулмон яхшироқдир”,

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам инсон ҳаётда одамлар билан гўзал муомалада бўлиб, уларнинг азиятларига сабр қилиб яшаши кераклигини таъкидламоқдалар.

Инсон дунё ҳаётида имтиҳондадир. Шукр қилиш билан бу дунёнинг барча файз баракасига, охиратнинг саодатига эришилади. Шукр, аввало, ҳаётни, умрни, вақтни қадрлаш, ўзини хайрли ишларга ундаш, яратганнинг амрларига итоат кўрсатишдир. Дунё ҳаёти ибодат, хайрли амалларни бажариш учун берилган фурсатдир. Турли шайтоний васваса ва тушкунликка берилмай, инсон деган улуғ номга мувофиқ иш тутиш зарур.

Шунга қарамай, кейинги вақтларда жамиятимизда айрим кишилар билиб билмай, айниқса, хотин қизлар ўзларининг жонларига қасд қилиб, Аллоҳ таоло ато қилган ҳаёт нурини бевақт ўчиришга, икки дунёда абадий лаънатга ва дўзах азобига дучор бўлишдек  оғир гуноҳ қилишга ўтмоқдалар. Динимиз таълимотида бесабрлилик қилиб ўз жонига қасд қилиш қаттиқ қораланади, уни қилган осий банда жаҳаннам ўти билан азобланиши таъкидланади.

Аллоҳ таоло Ўзининг каломи шарифида: “...ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз! (Барча ишларни) чиройли қилингиз. Албатта, Аллоҳ чиройли (иш) қилувчиларни яхши кўради” (Бақара, 195)

“Саҳиҳ ул Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим” китобларида ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким ўзини ўзи тоғ тепасидан ташлаб ўлдирса, ўлгандан сўнг жаҳаннамда ҳам шу хил азобга гирифтор бўлади. Агар заҳар ичиб ўзини ўзи ўлдирса, жаҳаннамда ҳам абадий шу азобга мубтало бўлади. Ким ўзини темир парчаси билан ўлдирса, ўша кимса темир парчасини қорнига суққан ҳолда жаҳаннам ўтида абадий қолади”.

Яна ҳазрати Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: “Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда марҳамат қилди: “Бандам ўзини ўзи ўлдириб, Менинг унга берган умримга шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга Жаннатни абадий ҳаром қилдим” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, ушбу ҳадисларнинг мазмунига кўра, ўзини ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрум қилинади.

Ҳар бир инсон, хоҳ эркак ва хоҳ аёл бўлсин, ушбу ҳақиқатни яхши тушуниб олиши ва шундайин тўкин, тинч ва фаровон замонда ҳамда адолат устувор бир жамиятда яшаётгани учун Аллоҳ таолога шукр қилиши лозим. Ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни сабру қаноат ва ҳусни тадбир билан ҳал қилса бўлади. Аммо бесабрлик ила ношукрлик қилинса, оқибати хайрли бўлмайди.

Зеро, Аллоҳ Ўзининг каломида “...албатта Аллоҳ сабрлилар биландир”, деб сабрли инсонга юксак мақомини баён қилгандур.

 

Ҳусниддин АБДУКАРИМОВ,

Чилонзор тумани бош имом-хатиби 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3588 times

Мақолалар

Top