Мақолалар

Оқибат қилсак – одимлаймиз

Муборак динимиз киши ўз яқинлари, қавму-қариндошлари, дўсту-биродарлари, ёрдамга муҳтож кишиларга меҳр-мурувват кўрсатиш, уларга яхши муомала қилишга чақиради. Ўз навбатида, бу яхшилик холис бўлиши, таъмадан йироқ бўлиши ҳам таъкидланади.

Меҳр-мурувват кўрсатишнинг йўллари кўп. Пайҳамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Дўстингиз юзига табассум билан қарашда ҳам ажр бор” — деб марҳамат қилганлар. Моддий имконияти яхши инсон молу дунёси билан, илм маърифатли инсон доно маслаҳати, куч-қуввати бор инсон меҳнати билан ён атрофидаги кишиларга ёрдам қўлини чўзса, ажр савобга эга бўлади.

Мусулмон инсон ҳар қандай савобли ишни бошлашдан олдин ниятини холис қилиши керак. Ана ўшанда Роббисидан ажр олади ва одамлар муҳаббатини қозонади. Халқимизда “Меҳр берсанг – меҳр оласан” деган пурмаъно гап бор. Дунёда меҳр-шафқат кўрсатган инсон ҳеч қачон кам бўлмайди. Мукофотини шу дунёни ўзидаёқ кўради.

Ҳаётда ҳеч бир иш беҳикмат бўлмайди. Яқиндагина мен билан ҳам шундай ҳикматли воқеа бўлиб ўтди. Масжидимиз фарроши доимо ўз ишини астойдил бажаради. Қишнинг совуқ кунларида ҳам вазифасига оғишмай меҳнат қилаётганини кўриб, маошини кўпайтиришни ният қилдим. Маош оладиган куни ойлик маошини кўпроқ берганимни кўриб, кулиб қўйди. Қизиқиб сабабини сўрасам: “Кеча онамнинг таваллуд кунлари эди бозордан совға олиб, она буни раҳбарим сизга бериб юбордилар ва мени номимдан табриклаб қўйинг деган эдилар” деб онамни ҳурсанд қилдим. Онам сизнинг ҳаққингизга дуо қилдилар. Яхши ишимни натижасини мана бугун ўзим кўриб, Аллоҳнинг қудратига тан бериб ҳурсандлигимдан куляпман, деб жавоб бердилар.

Ҳа, азизлар, ҳеч қайси бир амалимиз беҳуда кетмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Бас, ким зарра оғирлигида яхшилик қилса ҳам кўрадир. Ва ким зарра оғирлигида ёмонлик қилса ҳам кўрадир” (Залзала сураси, 7-8 оятлар). Аллоҳ таоло барчаларимзга олий ҳиммат ва кенг ризқ-рўз насиб қилсин.

 

Авазхон  ЖАЛОЛОВ

Гулистон шаҳар “Исо ўғли Мусо”

масжиди имом хатиби

Read 2861 times

Мақолалар

Top