Мақолалар

Илм одоб билан гўзал

Ҳар бир ота-она ўз фарзандини соғлом, баркамол инсон бўлиб етишишини, ўзи улғайиб катта бўлган оиласига, маҳалласига, кишилик жамиятга, шунингдек, ўз Ватанига манфаати тегадиган инсон бўлиб етишишини орзу қилади. Буни Ватан миқёсида олиб қарайдиган бўлсак,

Ватан ҳам ўз фуқароларини, ўз юрти шаънини, обрўини, тараққиётини ва шу каби кишига завқ берадиган ҳайрли ишларни юксак чўққиларга олиб чиқишини умид қилади. Муқаддас Ислом динимизда бу каби масалалар кераклигича муолажа қилинган. Ўрганилган масалалардан келиб чиқиб инсонларга дунё ва охиратини обод қилишга ундагувчи кўрсатмалар ва ҳукмлар чиқарган. Бу борада муқаддас Ислом динимиз инсон манфаатларини ҳимоя қилишга алоҳида аҳамият берган. Жамиятнинг ҳар бир аъзосига бурч ва вазифаларни юклаган. Масалан ота-она, устоз-мураббий, эр-хотин ва болалар бурчи ва вазифалари каби. Уларнинг ўз Ватани, кишилик жамиятдаги вазифаси ва бурчлари ҳам кераклигича муолажа қилинган. Демак, юқоридаги фикр ва мулоҳазалардан шуни мухтасар қилиш лозим бўладики, бугунги кун авлодлари, яъни ёшларимиз, фарзандларимизни аввало илмли, маънавияти юксак, маърифати, одоби, ахлоқи, умуман олганда таълим-тарбиясини юксалтиришга жиддий эътибор бериш бугунги куннинг талаби ва энг асосий муҳим вазифаси ҳисобланади. Агар ота-оналаримиз бу масалага алоҳида аҳамият берсалар, шак-шубҳасиз фарзандларимиз “Аждодларга муносиб авлод” бўлиб, ўзини ҳам, нафақат ўзини ўзгаларни, Ватанини, халқини бугунги кундаги турли фитналардан, алдов, уйдирма, қўштирноқ ичида ёзиладиган кимсалар, оқимлар, гуруҳларнинг ёмонликларидан сақлаган бўлади. Бу билан аввало яратган Роббимизни розилиги, ўтган аждодларнинг руҳи шоду ҳуррам бўлади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда “Мужодала” сураси “11-оят”да шундай деган:

“...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. Ушбу оятда тарбият кунандамиз инсонларни дунёда ҳам охиратда ҳам мақом ва мартабасини кўтарилишига албатта, “Илм” (маърифат, маънавят, одоб, ахлоқ, касб-ҳунар, в.ҳ.к.)ни ўрганиш орқали бўлишини баён қилган. Инсонда илм, маърифат, маънавият бўлса, аввало турли фитналардан ўзини сақлаган, ўзгаларни ҳам сақлаб қолган бўлади. Аллоҳ таоло “Таҳрим” сураси “6-оят”да шундай марҳамат қилаган:

“Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...”, деган. Дарҳақиқат, бу учун ҳам инсонда албаттта “илм” бўлиши лозим бўлади. Маърифат бўлса, нима яхшию, нима ёмон эканлигини ажратишга малака бўлади. Бу учун инсонларда соғлом эътиқод бўлмоқлиги, фарзандларини тўғри тарбияланган, билим ва касб-ҳунарли, ҳалол ва пок бўлиб вояга етишлари учун мазкур буруққа амал қилмоқлиги ҳам динимиз, шунингдек, бугунги кунимизнинг талабидир десам муболаға бўлмайди.

Демак биз ўрганган ояти карималарда Аллоҳ таоло “илм” (маънавият, маърифат)ни юксак неъмат сифатида зикр қилиши, илмли, маънавиятли, маърифатли кишиларнинг даражаси юқори эканига ишорадир. Инсон қанчалик кўп илм олса, тафаккури кенгайса, Аллоҳдан қўрқиш ҳисси, у Зотни кўриб кузатиб турганлигини эътиборга олиши, шунингдек, ўз оиласини, фарзандларини, ўзга инсонларни ҳам оқибати ёмонлик билан тугайдиган бало ва кулфатлардан сақлаган бўлади.

 

Мирзабой САИДНИЁЗОВ

Боғот тумани “Эрали эшон бобо” жомеъ масжиди

имом хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 7037 times

Мақолалар

Top